ЎзА Ўзбек

14.03.2019 20:32 Чоп этиш версияси

Яхшилар ёди ўчмагай

Яхшилар ёди ўчмагай

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Жонрид Абдуллахоновнинг 90 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.

Тадбир иштирокчилари адибнинг самарали ижоди ҳақида илиқ фикрлар билдирди, унутилмас хотираларни ёдга олди.

Адабиётимизга ўтган асрнинг 50-йилларида бир гуруҳ истеъдодли ёш ижодкорлар кириб келди. Улар орасида Жонрид Абдуллахоновнинг ҳам ўзига муносиб ўрни бор. У 1929 йили Наманган вилоятида оддий меҳнаткаш оиласида дунёга келган.

Жонрид Абдуллахонов аввал Ўрта Осиё давлат университетининг журналистика факультетини, сўнг Москвадаги Олий адабиёт курсини тугатди. Бир томондан Ойдин, Саид Аҳмад, Ҳамид Ғулом, Ҳаким Назир, Туроб Тўла, иккинчи томондан Константин Паустовский, Степан Злобин каби адиблар унга устозлик қилди. Радио ва телевидениедаги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидаги ижодий муҳит унинг ёзувчи бўлиб шаклланишида муҳим роль ўйнади.

Жонрид Абдуллахоновнинг “Мактабдошларим”, “Ҳикоялар”, “Тўйга келинглар”, “Тонг ёришган соҳилда” каби шеърий ва ҳикоялар тўпламлари нашр этилди. Унинг “Гулчеҳра” (1962) қиссаси қурилиш-бунёдкорлик ҳақида эди. Адибнинг биринчи йирик эпик асари ‒ “Йўл” романи ҳам худди шу бунёдкорлик, инсон ташвишлари, ҳаёт кечинмалари ҳақида ҳикоя қилади. Шундан сўнг муаллифнинг кетма-кет “Борса-келмас”, “Хонадон”, “Суиқасд” каби романлари чоп этилди.

“Тўфон” ишчилар синфи ҳаётидан ҳикоя қилса, “Борса-келмас” романида Орол денгизи муаммоси, она табиат муҳофаза масалалари ўз ифодасини топган. Адибнинг “Оҳ, ўша кўзлар” тўпламидан сўнгги йилларда яратган ҳикоялари, ҳангома ва хотиралари ўрин олган.

Гулноза Бобоева, ЎзА
5 364