Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.08.2017 17:42 Чоп этиш версияси

"Ягонасан, муқаддас Ватан!" республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди

"Ягонасан, муқаддас Ватан!" республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди Ватанни севмоқ, уни авж пардаларда тараннум этмоқ шоир, бастакор, хонандадан юксак масъулият, маҳорат, профессионал ёндашувни талаб этади.

Мустақиллигимизнинг 26 йиллигига бағишлаб ташкил этилган "Ягонасан, муқаддас Ватан!" республика кўрик-танлови жонажон Ўзбекистонимизни улуғловчи юксак савияли мусиқий асарларни тингловчиларга тақдим этишдек мақсадларни кўзлагани билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон давлат консерваториясида мазкур ижодий танловнинг якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда лойиҳанинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, турли вазирлик ва ижодий ташкилотлар тизимларида ғолиб бўлган ижрочилар, бадиий жамоалар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари О.Назарбеков ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан санъат, маданият, адабиёт аҳлига кўрсатилаётган алоҳида эътибор бадиий жиҳатдан баркамол асарлар яратилишида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 3 август куни ижодкор зиёлилар билан бўлиб ўтган учрашувида, миллий санъатимизнинг турли йўналишларини равнақ топтиришга оид қабул қилинаётган қарорларда бундай ғамхўрлик ўзининг яққол тасдиғини топди. Ижод аҳли санъатнинг қай бир йўналиши бўлмасин, ҳамиша ҳаётнинг олдинги сафларида бўлмоғи зарурлигини, доим маънавий бедор, ёшлар тарбияси, диди ва савиясини юксалтириш, уларни эзгу ғоялар асосида камолга етказишда масъулиятни теран ҳис этиши зарурлигини бугун ҳаётнинг ўзи исботламоқда.

"Ягонасан, муқаддас Ватан!" ижодий лойиҳасига 2009 йил Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан асос солинган. Ушбу кўрик-танловдан кўзланган асосий мақсад ёш авлодни Ватанга муҳаббат, унинг келажаги учун дахлдорлик, мустақиллик ғояларига садоқат, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашдан иборатдир.

Президентимизнинг 2017 йил 27 июндаги Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ жорий йилда мазкур санъат байрами "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" деб номланган эзгу шиор остида бўлиб ўтмоқда. Юртимизнинг тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, фарзандлар камолоти учун ҳар биримиз фидойи бўлмоғимиз зарурлиги танловга тақдим этилган мусиқий асарларнинг бош мазмунини ташкил этди.

Кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, турли вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилотлардаги босқичлари юксак савияда ўтказилди. Бастакорлар, шоир ва хонандалар иштирокида юртимизни тараннум этувчи етук мусиқий асарлар яратилди.

– Бугун жонажон диёримизга бўлган бор меҳримиз, садоқатимизни ҳалол ва фидойи меҳнат, юксак савиядаги ижод намуналари яратиш билан исботлайдиган давр келди, – дейди Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раисининг ўринбосари, танлов ҳакамлар ҳайъати раиси Ҳабибулла Раҳимов. – "Ягонасан, муқаддас Ватан!" кўрик-танлови бу борада ижодкорларнинг истеъдоди ва маҳоратини кенг жамоатчилик, санъат ихлосмандларига намоён этиш учун ўзига хос имкониятдир.

Кўрик-танловда Ўзбекистонимизни, унинг мафтункор табиатини, меҳридарё халқимизни, шижоатли ёшларимизни мадҳ этувчи қўшиқлар янгради. Қатнашчиларнинг ижросини баҳолашда саҳна маданияти, санъаткор одоби, мусиқий асарнинг сифати ва савияси, ижро маҳорати каби мезонларга асосий эътибор қаратилди.

"Ягонасан, муқаддас Ватан!" республика танловининг ғолиб ва совриндорлари Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида эълон қилинади.

Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
2 545






Все о погоде - Pogoda.uz