ЎзА Ўзбек

13.09.2020 Чоп этиш версияси

Йўлдаликлар...

Йўлдаликлар...
Юрт манзиллари бўйлаб саёҳат

Улкан ҳаёт боғида бир жадвал бор, таркиби не бир одамийлик ҳуснидан улгу олган. Қалб тўрига Ватан сувратин чизган. Бу жадвалнинг номи меҳр.

Юракни кенг қўйиб роз айтмоққа чоғлансангиз борми, мўътабар ва бетакрор диёр ўз тилсимларини, унда истиқомат қилаётган инсонлар эса фазилатларини қайта-қайта намоён этаверадилар. Кўрар кўзингиз пок, эшитар мурватингиз соз бўлса бас. Ана ажинлари харита мисол ўтмиш тарихини муҳрлаган отахон, қадди ёй каби эгилган муштипар она ўтган кунлардан сўз очиб қолса, тинглаб ҳайратингиз ошиши тайин. Бу кунларга осонлик билан эришилмагани, то ойдин манзилларга етгунга қадар қанча армон, қанча ўкинч, сабр ва матонат йўли босиб ўтилгани аён бўлади.

– Момолар бежизга уйинг буғдойга тўлгур дея алқамайди. Буғдойи бор уйнинг эшигидан эгалари қаддини тик тутиб, адл кириб чиқади. Бир пайтлар бир ҳовуч буғдой билан қолганимиз, эрта нима қиламиз деб пешона тириштириб турганимиз тарих. Ёвғон учун дала четига тўкилиб қолган буғдой донларини йиғиб юрган кунларимиз ўтди. Ўтгани ўтган бўлсин. Бугун мана шукур, хирмонларимиз буғдойга тўла, дастурхонларимиз тўкин. Меҳмонга боринг, тузалган дастурхонга нози неъмат қўймоқ учун жой топилмай қолади. Одамларимиз танлаб, топиб кийинмоқда. Уй-жойларнинг чиройини айтмай қўя қолайин. Ўлчамни аниқ олиб, узоқни кўзлаб амалга оширилган ишларнинг самараси бугунги кунлар.Оройиш осойиш топган ватанда яйраб-яшнаб юрган ўғил қизларни кўриб фақат шукур қилади, одам. Ахир бу кунларни орзу қилиб, етолмаганлар қанча? Уларнинг олдидаги қарзимизни узишимиз учун ҳам бу кунларни садағаси бўлиш, меҳнат қилиб янаям роҳат топишни билиш керакда, қизим, – етмиш ёш остонасидаги Шодиёр отанинг айтганлари тарихнинг тарҳини чизиб беради.

– Сизга айтсам қизим, мустақилликнинг энг биринчи белгиси бу халқнинг ўзлигини англатувчи неъматлар билан боғлиқ. Мана биргина она тилини айтинг. Бир пайтлар ўзимиз ўзбек, юртимиз Ўзбекистон – ўзбекча гапира олмас эдик. Тавба... йиғилишлар фақат рус тилида бўларди. Амаллаб, ҳижжалаб пешонамиз терлаб ёдлаб олганимиз матнни айтамиз денг? Эсласам, қоним қайнаб кетади, ҳозир. Талаб шунақа эдида. Мустақиллик тилимизни, қадриятларимизни ўзимизники қилдику? Мана йўлда кетаётиб, соф ўзбек тилидаги кўча ёзувларини ўқиб бораяпман. «Ватан», «Ўзбегим», «Тўёна», «Тилло сандиқ», «Газламалар», «Сарупо», «Арзанда», «Чевар» – кўнглинг ёришиб кетаверади, – дейди устоз журналист Бўри Норқобилов суҳбат давомида. – Йўқ эмас, битта ярим тилимизга ботишмаган сўзларни дўконига илиб керилиб юрганларам бор орамизда. Ҳа, уларам ўзи англаб, тушуниб буларни бартараф этар, бунинг учун озгина вақт керак. Ор-номус билан боғлиқ тушунчалар Ватан меҳрини намоён қилади. Она юрт, олтин остонани асраш, уни ардоқлаш иши – кишининг диёнати, садоқати билан боғлиқ...

Қарши шаҳри бўйлаб ташкил этилган тадбир давомида соҳалар ривожига муносиб ҳисса қўшган меҳнат фахрийлар ва фаоллар, ёшлар янги олиб келинган замонавий автобусларда шаҳарнинг тарихий масканларида бўлишди, кенг ва равон кўчалар бўйлаб саёҳат қилишди. Янги қурилган мустақиллик иншоотлари билан танишди. Сизга айтсам, турнақатор тизилиб шаҳар бўйлаб ҳаракатланган автобуслар ичида уч авлод учрашуви ўтказилди. То, манзилга етгунга қадар суҳбатлар қўр олиб, гурунг халта бойиб бораверди.

– Бу замонавий автобусларда кетаётиб, талабалик йилларим ёдимга тушди. Қиёсласангиз билинади, ютуқлар, муваффақиятлар. Биз билган автобуслар хотира бўлибди, мана. Бу автобуснинг ўриндиқлари юмшоқ, юргани билинмайди. Совутгич ўрнатилган. Одамларни асраш, унинг манфаати учун хизмат қилишнинг намунаси бу! Мен таълим тизимида ишлайман,доцентман. Таълимга қаратилаётган эътиборни тобора ҳис қилиб, фақат илм, билим ғолиб келишини англамоқдамиз. Яқинда масофавий семинар орқали хорижлик ҳамкасблар билан мулоқот қилдик. Ёшларингиз анча илмга чанқоқ, бунинг учун замин яратилган. Эътибор бор жойда ўсиш, юксалиш бўладида дейди чет эллик мутахассислар. Ҳа, қани энди ёшариб қолсангда, яна катта куч билан ишласанг. Шоир Ҳамид Ғулом айтганмидилар: Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди! Ортимиздан келаётган ўғил-қизларга ишонч билдириб дуодамиз, – дейди Зулфия Қурбонова.

– Мустақиллик мана шундайгина ўғлон бўлса, бағримга босардим, пешонасидан ўпардим, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Абдумурод Бозоров. – Меҳнатсевар халққа бу каби янгиланишлар ярашади. Мана шу кўча яъни Алишер Навоий ва Насаф кўчалари туташган ҳамда Жайҳун кўчасига қараб чиқадиган йўл айтсам ишонмайсиз 10 йиллардан бери жуда қаровсиз аҳволга келиб қолган эди. Асосий йўллардан бири, аммо қишда лой, ёзда чанг. Ўтишга қўрқар эди, одам. Сўраб билдим, давлат томонидан ажратилган маблағнинг 15 млрд сўми эвазига қаранг, йўлнинг 3,5 км дан ортиқ қисми қандай кўриниш олибди. Ҳали бу бошланиши, яна бир айланиб келсангиз бу ерларни танимай қоласиз, дейди йўлсоз. Шу ишларни бошида турганлар қанча савоб, қанча дуони олди.Кўз тегмасин. Кун узоғи билан «Абу Убайда ибн ал Жарроҳ» зиёратгоҳига бордик, «Шуҳрат» қўрғонида бўлдик, «Нуронийлар» маскани, «Электрон кутубхона», хусусий шифохоналар... ич-ичимда бир кечинма ўтмоқда. Бу ободончилик, бу бунёдкорликни қадрлаш ҳисси. Ёшларимиз қадрига етсин.

Тунги Қарши жамоли. Ватан байроғи ҳилпираб турган кўчалар. Сон-саноқсиз чироқлар. Гўё осмондаги юлдузлар ерга тушгану шаҳар кўркига зеб бериш учун бор маҳоратини ишга солаётгандек. Тадбир иштирокчилари вилоят театри олдидаги хиёбонда кун таассуротларини ўртоқлашдилар. Уларга совғалар тақдим этилди. Янги нашрдан чиққан «Зумрад воҳа насимлари» баёзи совғанинг аълоси бўлди.

– Юртни севган, Қашқадарёни ардоқлаган инсон китоб ёзади, бунёдкорлик ишларини амалга оширади, дарахт экади. Бу яхшилик узоқ яшайдиган, ўз эгасига доимо савоб ёғдириб турадиган амалдир, – Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг айтганлари иштирокчилар қалбига эзгу мақсадларни солди. Ижодкорлар учун туғилажак асарга ғоя берди.

Ҳа, дўмбирасин қўлидан қўймай роз айтади бунда бахшилар, чирой очар хар бир маҳалла, қишлоқ овул,унда яшар фақат яхшилар. Йигитларни чиниқтириш, қизларни ҳаётга тайёрлаш уларни синовларига дош берадиган мард ва жасур бўлишлари йиллар оша яшаб келаётган бой анъана, урф-одатларининг ўрни бўлакча. Ўрнак, ибрат ва сабоқ бериш каби бир неча ниятлар баробар олиб бориладида...

Сен шундай азим қалбли инсонлар билан бир кунни ўтказибсан, нима юқтирдинг, дерсиз? Ғамлаб-ғамлаб бир саодатни олдим,ҳалол меҳнат инсонни эъзозлайди. Юракни катта, қарашларни ўктам ва ниятларни пок қилади.

– Кун бўйи юрдик, чарчаб қолсам керак дегандим, йўқ қайтанга кучга тўлдим, эрта ўзим юрган манзиллардан невараларимни олиб ўтаман, саёҳатга олиб чиқаман. Ойлаб уйдан чиқмай ўтиришибди, бир севинишсин, - дейди Саломат опа Комилова қайтар чоғимизда.

Юз бора эшитгандан, бир бора кўрган афзал. Қашқадарёга келинг!

Зиёда АМИНОВА,
журналист

4 514
ЎзА