ЎзА Ўзбек

05.09.2019 Чоп этиш версияси

Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу!

Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу!

ЎЗБЕКИСТОН БУ

Отасидан кўрган ўғил ўқ қуяр, 
Онасидан кўрган қиз бичгайдир тўн.
Аждодлар мероси — боқий, элсуяр,
Улар елкамизда эъзозли, бутун.
Нур юзли она юрт, ота макон бу!
Жаҳон ичра жаҳон Ўзбекистон бу!

Дунёнинг ишлари қизиқ ва чигал,
Битта пешонада минг ёзиқ шоён.
Асрлар қаъридан келгайдир тугал
Чин инсон қалбида чин комил иймон.
Гарчи инжа иймон, ўлмас иймон бу!
Жаҳон ичра жаҳон Ўзбекистон бу!

Дўст Аллоҳ номига яширинган сир,
Дўст ора кирармиш қиёматда ҳам.
Дўстимга дўст эрур, ёвимга ёвдир,
Орият шарафи эрур мукаррам.
Илоҳий қалъа бу, жонбахш қўрғон бу!
Жаҳон ичра жаҳон Ўзбекистон бу!

Демиш: авлиёлар эмасдир худо,
Лекин худоликдан жудо ҳам эмас.
Ҳар қадам жойида азиз-авлиё,
Осмони тоқида сирлар муқаддас!
Тўрт фасли мукаммал Замин, Осмон бу!
Жаҳон ичра жаҳон Ўзбекистон бу!

Инсонга Инсондан жоиз мурувват,
Ишқ, садоқат ила муҳтарам Инсон.
Ватан бўй-бастига миллати қувват,
Пойдор сарҳадларга фарзандлар посбон.
Азим Суюн айтар: фидойи жон бу!
Жаҳон ичра жаҳон Ўзбекистон бу!

Азим Суюн

8 232
ЎзА