ЎзА Ўзбек

30.08.2016 18:47 Чоп этиш версияси

Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишланган фотокўргазма ташкил этилди

Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишланган фотокўргазма ташкил этилди Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар фотошўъбаси аъзоларининг Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган фотокўргазмаси очилди.

Тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, ижтимоий барқарорликни таъминлаш борасида олиб борилаётган одилона сиёсат ижод аҳлининг самарали меҳнат қилишида асосий омил бўлаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилаётган кўргазмаларда истиқлол йилларида эришилган беқиёс ютуқларни тасвирий, фотография санъати воситасида очиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар фотошўъбаси 2000 йилда ташкил этилган бўлиб, етакчи фотосанъат усталари ва ёш ижодкорларни бирлаштиради. Улар санъатшунослар ҳамжамияти томонидан тан олинган, кўплари нуфузли совринлар билан тақдирланган, халқаро биеннале, танлов ва кўргазмалар ғолибларидир.

– Мазкур кўргазмадан кўзланган асосий мақсад халқимиз, айниқса, ёшларни мамлакатимизда амалга оширилган асрларга татигулик ўзгаришлар билан таништириш, улар қалбида шу азиз юртдан фахрланиш, тинч ва фаровон ҳаётимизни қадрлаш туйғуларини мустаҳкам қарор топтиришдир, – дейди Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар фотошўъбаси аъзоси Султонбой Деҳқонов.

Кўргазмада йигирма нафар моҳир ижодкорнинг икки юзга яқин фотоасари намойиш этилаётир. Уларда мустақиллик йилларида мамлакатимизда рўй бераётган улкан ўзгаришлар, баркамол авлод келажаги йўлидаги чексиз ғамхўрлик, ибратли анъана ва қадриятларимизнинг қайта кўз очгани, файзли ва обод маҳаллалар манзаралари акс эттирилган.

Шаҳноза Маматуропова, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА
5 207