ЎзА Ўзбек

31.10.2019 Чоп этиш версияси

Ватан топилмайди - макон топилар!

Ватан топилмайди - макон топилар!
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу!

Ватан топилмайди - макон топилар!

Дунё кўзимизга , мунисим, мунглим.
Гоҳида тангу - тор, вайрон топилар.
Илло, азал-аввал нақл бор кўнглим:
Ҳар яхшига битта ёмон топилар.

Аммо ҳар учраган нокас, паст эмас,
Топган, топганини-иймон, нафс эмас.
Бўйлаким, кулли боғ хору хас эмас,
Боғ ичра ғунчайи хандон топилар.

Мўминдир, ҳалимдир одам боласи,
Лекин билиб бўлмас - ичда оласи,
Тоғ-тошга дариса қашқир галаси,
Анинг кушандаси - арслон топилар.

Йўлсизлик ёмондир, йўлсизлик ёмон,
Бўлсин юрак довлаб йўл тортган омон.
Жадди-жадал истар магарким, карвон,
Шаҳдига муносиб сарбон топилар.

Ҳар қайдан топарсан бир бурда нонни,
Қайда бор бундай юрт, садқа қил жонни.
Бағринга маҳкам бос Ўзбекистонни -
Ватан топилмайди - макон топилар.

****

Таъбга тараф йўқдир,
Талабга гап йўқ,
Истар - гул, иста сен япроқларни ўп.
Ва лекин энг аввал йиғлаб, бош уриб,
Ўзинг туғилган шу тупроқларни ўп.

Широқми, Номозми, Қодирий, Чўлпон
Эл учун, юрт учун, жонлари ўлпон.
Ҳар оқшом бошингда турган каҳкашон -
Мангу очиқ кетган қароқларни ўп.

Ҳамон йўлда улар, йўлдалар гўё,
Дунё ғамларидан қадлари дуто.
Навоий суянган муборак асо,
Яссавий таянган таёқларни ўп.

Қуёш замонидан билгани меҳнат,
Мингдир шукронаси унса бир неъмат,
Ялангтўшлигига муҳру шаҳодат -
Қадоқ қўллардаги қадоқларни ўп.

Балки бандасидан, балки худодан...
Музтарсан илк севгинг айтган видодан,
Бўлмай туриб ундан буткул жудо сан,
Сўнг бор селу себор ёноқларни ўп.

Неки гинанг бўлса - ўзингдан гина,
Армони - қалбинга санчилган нина.
Волиданг сочидан бир толагина
Олиб қололмаган тароқларни ўп.

Заминда ва ёки самода бўлган,
Барҳақдан аввал сўз омода бўлган,
Фитнадан, ғараздан озода бўлган,
Ҳақ сўз иншо бўлган варақларни ўп.

Муҳаммад РАҲМОН,
шоир

4 912
ЎзА