ЎзА Ўзбек

12.11.2012 17:47 Чоп этиш версияси

Ватан ҳақида куйламоқ бахти

“Истиқлол” санъат саройида “Марди майдон” жонли ижродаги қўшиқлар фестивали совриндорлари ва таниқли санъаткорлар иштирокида “Сени шарафлаймиз, Ўзбекистоним!” номли концерт бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллигига бағишланган мазкур концерт “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси, “Terra Group” компанияси, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бош директори А.Ҳайдаров ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий санъатимизни, жумладан, эстрада санъатини равнақ топтириш, юксак савиядаги қўшиқлар яратишни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ёш ижодкорлар меҳнатини рағбатлантиришга алоҳида аҳамият қаратилаётганини таъкидлади. “Марди майдон” жонли ижродаги қўшиқлар фестивали ҳам мазмун-моҳиятига кўра ана шу эзгу мақсадга йўналтирилган.

Ўтган вақт мобайнида фестивалда қатнашган кўплаб хонандалар ижодида юксалиш кўзга ташланмоқда.

– Мазкур фестивалда “Она юртим”, “Ватан” сингари янги қўшиқлар билан иштирок этяпман, – дейди Нукус шаҳридаги маданият ва санъат коллежи ўқувчиси Сафарбой Шермонов. – Фестиваль устозлар маслаҳатидан баҳраманд бўлиш, санъат, саҳна ва томошабин олдидаги масъулиятни янада теранроқ ҳис этишимизда муҳим аҳамият касб этади.

Концертда таниқли санъаткорлар ва ёш хонандалар ижросидаги жонажон Ватанимиз, истиқлол, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимиз, беғубор туйғулар тараннум этилган қўшиқлар томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.


ЎзА, Назокат Усмонова
7 900