ЎзА Ўзбек

05.03.2019 Чоп этиш версияси

Вафо куйчисига эҳтиром

Вафо куйчисига эҳтиром

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида ардоқли ўзбек шоираси, садоқат куйчиси, Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним таваллудининг 104 йиллигига бағишланган адабий-бадиий тадбир ўтказилди.

Унда сўзга чиққанлар Зулфиянинг ибратли ҳаёти ва ижоди ҳақида гапирди, шоиранинг шеърларидаги вафо, садоқат, эзгулик туйғуларини барча замонларда ҳам ёш авлод онгу шуурига сингдириш зарур эканини алоҳида таъкидлади.

– Зулфиянинг ўзбек миллий шеъриятига қўшган салмоқли ижоди ўлмас маънавий мерос бўлиб қолаверади. Шоира ўзидан ёрқин, бетакрор, бой ижодий мактаб қолдириб кетди. Биз бу маънавий хазинани келгуси авлодларга ҳам бекаму кўст етказишимиз шарт ва зарур, – деди адабиётшунос, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти Гулбаҳор Ашурова.

Тадбирда Зулфияхоним қизлари рус, инглиз ва француз тилларида шоира шеърларидан намуналар ўқиди. Зулфия шеърларига басталанган куй ва қўшиқлар тадбирга янада файз ва жўшқинлик бағишлади.

4 214
Озода Бекмуродова, ЎзА