ЎзА Ўзбек

28.12.2019 Чоп этиш версияси

Вақтни ушлаб қолар нур

Вақтни  ушлаб  қолар  нур
   Сарҳисоб

Вақтга нисбатан оқар сув, учар қуш, оний шамол ва ҳакозо таърифлар берилади. Лекин у ҳар қанча шиддаткор бўлмасин, қўлимизда уни ушлаб қоладиган, “тўхтатадиган” имкон “дарча”лари бор. Инсоният ўзини таний бошлаганидан буён ўтаётган кунларига мазмун отлиқ НУР излайди. НУРки, токи икки дунёсини ёритсин! Ўзимизни вақтнинг тафтиш ва таҳлил тегирмонидан соғ-омон олиб ўтолсак, маълум оралиқдан сўнг ўз-ўзимизга ҳисоб берамиз. Имкон “дарчаси”да ушлаб қололганларимизни сарҳисоб қиламиз. 

2019 йил якунига ҳам саноқли, юракни силкитиб юборадиган даражада оз фурсат қолди. “Ўткинчи дунёда вақтни икки нарса - авлодлар бардавомлиги ва санъат, адабиётгина ушлаб қолади”, деган эди машҳур файласуф Арасту. Шу маънода, жорий йилда ҳаётимизнинг барча соҳалари қатори миллий адабиётимиз ҳам илгари кузатилмаган янгиланиш ва юксалиш жараёнларини бошдан кечирди, десак нокамтарлик бўлмас. Бу жараёнларнинг жадал суръат касб этишида Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган давлат сиёсатида илм-фан, адабиёт, маданият ва маънавият масалаларига энг муҳим ва устувор йўналиш сифатида аҳамият қаратилаётгани туфайли экани барчамизга аён.

Дарҳақиқат, бугунги кунда адабиёт ва адабиётшунослик илмида адабий ҳодисалар, бадиий асарларни холисона баҳолаш, илмий хулосалар чиқариш, бадиий асарларда маънавий маданиятнинг, миллий қадриятларнинг ўзига хос намоён бўлишини ўрганиш ва кенг миқёсда тарғиб қилишга алоҳида аҳамият  берилмоқда. Шу боис адабиётлараро алоқалар, таржима, миллий адабиётимизни дунё адабиётшунослиги доирасида ўрганиш каби масалалар доимий эътиборда бўлиб келмоқда.

Янги ташкил этилган "Сарҳисоб" рукнида 2019 йилда ўз ютуқлари билан вақтни сезиларли муваффақиятларига муҳрлай олган айрим ижодкорларнинг бир йил мобайнида қилган ишлари ҳақидаги мулоҳазаларини эълон қилиб боришни мақсад қилдик. 

Рукнннинг илк меҳмонлари таниқли адиблар Исажон Султон ва Улуғбек Ҳамдам бўлди. 

Ижодкор  шукуҳи 
Исажон СУЛТОН, ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

— Вақтни лаҳзаларга муҳрлаш деганда, аввало, Ўзбекистонимиз ва одамларимиз ҳақида сўзлаш керак, албатта. 2019 йил жамиятимиз учун кўпгина яхшиликлар олиб келди. Буни юртдошларимиз ҳаётида рўй бераётган ҳаётбахш ўзгаришлар мисолида айтса бўлади. Халқ хўжалигининг барча соҳаларида, давлат ва халқ муносабатларида янгиланишлар содир бўлди, инсонлар қадр-қиммати тикланиши, турмушининг фаровонлашиши, адолат қарор топиши учун тизимли ва давомли ишлар амалга оширилди. Бу улкан жараёнлар орасида маънавиятимиз, адабиётимиз равнақи йўлидаги саъй-ҳаракатлар гавҳардай ярақлаб турибди. Мисол учун, шу йил март ойида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева ижод мактабининг тамал тоши қўйилган бўлса, кечагина у фойдаланишга топширилди. Ёки улуғ ёзувчимиз, халқимиз ифтихори Абдулла Қодирий бобомиз номидаги ижод мактаби ва уй-музейининг очилиши йилнинг унутилмас воқеаларидан бири бўлди.

Ўзимга ва оиламга келсак, 2019 йил эл қатори, биз учун ҳам хайрли кечди. Бир ижодкор сифатида қуйидагиларни айтиб ўтсам бўлади: бундан бир ярим минг йил аввалги туркий улуслар тарихига бағишланган “Билга Хоқон” романимни тугаллаш насиб қилди. Асар “Шарқ юлдузи” журналида босилмоқда. “Жаҳон адабиёти” журнали эса араб шоираси Робия ҳамда Афросиёб ботири Бектош муҳаббати ҳақида ҳикоя қилувчи “Робия Балхий қиссаси”ни чоп этди.

Президентимиз илгари сурган бешта муҳим ташаббусни қўллаб-қувватлаш доирасида Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт эълон қилган “Беш ташаббус-беш китоб” лойиҳаси доирасида танлаб олинган асарлар қаторида менинг ҳам “Қорақуш юлдузининг сири” номли китобим нашрдан чиқди. Китобдан “Боқий дарбадар”, “Генетик” асарларим, бир қанча янги ҳикоялар ҳамда “Ўзбек халқининг хаёлий яратиқлари қомуси” деб номланган эссе ўрин олган.

photo5973324989702711319.jpg

АҚШнинг “Mazda Publishers” нашриётида «Боқий дарбадар» романим Мичиган университети тадқиқотчиси, ўзбек тилининг билимдони Кристофер Форт таржимасида инглиз тилида нашр қилингани ҳам 2019 йилнинг қувончли воқеаларидан бўлди. Шунингдек, профессор Вали Саваш таҳрири остида Туркияда “Айни боғнинг гуллари” номи билан чоп этилган “Ўзбек адабиётидан танланган ҳикоялар” тўпламидан устозлар ва тенгдош адиблар асарлари қаторида менинг “Бўри” сарлавҳали ҳикоям ҳам ўрин олди.

Мен-ку, оддий бир ижодкорман. Бироқ, айни дамда эл-юрт заҳматларини енгиллаштириш йўлида қилинаётган жонбозликлар, Ўзбекистонимиздаги туб ўзгариш ва янгиланишлар, илм-фанга, ижодга, умуман, барча юртдошларимизга кўрсатилаётган ғамхўрликлар учун раҳмат айтишнинг ҳам ўрни деб биламан.

Оиламга келсак, худога шукр, болалар ўқишяпти, биз эса шундан қувониб юрибмиз. Ўғлим Вестминстер институти имтиҳонларини аъло баҳоларга топширди, қизим хорижда грант асосида олий ўқув юрти магистратурасига қабул қилинди. Улуғларимиз, яқинларимиз соғ-саломат, эл-юртни, фарзандларини дуо қилиб ўтиришибди.

Ёшроқ пайтимизда вақтнинг, одамларнинг қадрини билмас эканмиз. Айни пайтда ўтаётган ҳар бир кунни қизғаниш, уни хайрли, савобли ишларга бағишлаш ҳақида бот-бот ўйлар келади хаёлга. Бир мен эмас, жуда кўпчилик 2020-йилда бир қанча эзгуликларни ният қилган бўлса, ажаб эмас. Тилагим шуки, янги йилда эзгу ниятларга эришиш барчага зиёдаси билан насиб қилсин. Устозларимиз, улуғларимиз, умуман, барча юртдошларимиз доимо омон бўлишсин. Ёшларимизнинг истеъдоди, қобилияти бор-бўйича рўёбга чиқсин, эл назарига тушишсин. Юртимизга хайру барокотлар мўл-кўл ёғилаверсин.

Ҳаётбахш  лаҳзалар  силсиласида
Улуғбек ҲАМДАМ, ёзувчи, филология фанлари доктори:

-Маданий, адабий ҳаётимиздаги энг катта янгилик, таъбир жоиз бўлса, ютуқларимиздан бири бу, шубҳасиз, улуғ адиб Абдулла Қодирий уй-музейининг очилиши ва ёзувчи номидаги ижод мактабининг ташкил этилишидир. Зеро, Қодирий ва унинг сафдошлари миллатимиз учун амалга оширган хизмат беқиёс бўлиб, уларнинг ҳаёти ва ижодига юзланиш, айниқса, ёш авлоднинг тўлақонли камол топишида ғоят муҳим аҳамият касб этажак. Сафда яна Маҳмудхўжа Беҳбудийу Абдурауф Фитратдек, Абдулҳамид Чўлпону Ҳамза Ҳакимзодадек жадид боболаримиз ҳам борлиги қалбимизни ифтихорга тўлдиради. Чунки Қодирий билан ёнма-ён уларга ҳам мана шундай ҳурмат-эҳтиром кўрсатилишига ишонамиз.    

Якунланиб бораётган 2019 йил менинг тақдиримда бир неча ижодий режаларим амалга ошиши, айни дамда, янги режалар туғилиши билан ёдимда қолса керак, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам йилни кузатар эканман, мамнунлик десам балки ошириб юборарман, лекин енгил бир қониқиш ҳиссини туйиб турганим рост. Бунинг биринчи сабаби, ёзиш истаги неча ўн йилдир ичимда яшаган, 2018 йилга келибгина ёзув столига ўтқазган “Ота” романимга айнан 2019 йилда нуқта қўйдим. Романни таҳририят қабул қилиб олди ва насиб қилса, шу кунларда қўлимизга ҳам тегади.

Яна шу йил бир неча ҳикоялар ёздим. Улардан “Аудитория” деб номлангани “Китоб дунёси” газетасида чоп этилди. Фейсбукдаги ўз саҳифамдан бошқа жойда эълон қилмаган бўлсам-да, турли мавзуларда ёзилган қатор шеърлар остига ҳам  айнан 2019 йил дея имзо чекдим.

ulugbek-hamdam.jpg

2019 йилда “Ёлғизлик” деб номланган қиссам ва бир неча ҳикояларим Татаристонда ёзувчи ва таржимон Факил Сафин томонидан татар тилига ўгирилди. Қисса алоҳида китоб ҳолида, ҳикоялар эса Татаристоннинг энг йирик адабиёт журналида чоп қилинди.

 Шу йил камина яна қатор илмий мақолалар эълон қилдим. Улардан бири Туркиянинг “Folklorakademı” журналида, “Истиқлол даври ўзбек адабиёти ҳақида икки оғиз сўз” номли мақолам эса “Жаҳон адабиёти”да эълон қилинди. Танқидчи Жовли Хушбоқ билан қилинган “Танқидчи  - жамият виждони” номли суҳбат “Шарқ юлдузи”да, “Қисматнинг қирғоғида” номли мақолам “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида, “Ҳамза ва янги ўзбек адабиёти” деган мақолам  Фарғонада чоп этилган “Ҳамза ва ХХ аср ўзбек адабиёти” номли илмий тўпламда дунё юзини кўрди.

2019 йилда “Мувозанат”, “Ёлғизлик”, “Исён ва итоат” номли китобларим қайта нашр қилинди. Жалолиддин Румийдан таржима қилганимиз “Ичиндаги ичиндадир” фалсафий асар ҳам кирилл ва лотин алифболарида чоп этилди.

Яна бир гап. “2019 йилнинг энг фаол ёзувчиси” унвонини ҳам каминага айнан шу йил топширишди. Лекин, барибир, жорий йилги ижодий фаолиятимни баҳолашни ўзимга топширишганида эди, аранг “3” баҳо қўйган бўлардим. Бу ҳеч қандай камтарликсиз айтилаётган самимий баҳодир. Ижодий режалар бисёр. Фақат ҳозир уларни ошкор қилиб ўтиришнинг мавриди эмас, деб ҳисоблайман.  

Келаётган йил бутун халқимизга, ижодкорларга, жумладан, каминага ҳам янада файзли ва барокотли бўлишини тилаб қоламан. 

7 856
ЎзА мухбири Озода Бекмуродова тайёрлади.