ЎзА Ўзбек

13.08.2020 Чоп этиш версияси

Қуёш, албатта чиқади

Қуёш, албатта чиқади

Бугунги пандемия даври бутун инсониятнинг турмуш тарзини, ҳаётини, таъбир жоиз бўлса, орзу-режаларини ўзгартириб юборди десак янглишмаган бўламиз.

COVID-19 номи билан жаҳонни кўпириб-тошган океандек чайқалтириб ташлаган тождор вирус Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Хабарингиз бор, мамлакатимизда ҳам ушбу кўзга кўринмас балога қарши илк кунларданоқ жиддий чоралар кўрилди. Бевосита Президентимиз бошчилигида ҳар бир ҳолат, жараён назоратга олиниб халқимизни бу кутилмаган мураккаб вазиятдан йўқотишларсиз олиб чиқиб кетиш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Айтиш лозим, айни бу жараёнда аҳолининг ортиқча ваҳимага тушмаслиги, тўғри ва ҳаққоний ахборотларни, йўл-йўриқ ва тавсияларни қабул қилиши жуда муҳим аҳамиятга эга. Таниқли журналист ва олима Гулжаҳон Мардонованинг «Эртага қуёш чиқади» номли мўъжазгина китобини ўқир эканман, бу фикрлар яна бир бор хаёлимдан ўтди.

Кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган ушбу китобдан умумий қилиб айтганда, Гулжаҳон опанинг COVID-19нинг салбий оқибатлари, етказган зарари, бу таҳликали жараёнда оммавий ахборот воситалари ўрни ва роли каби масалалар хусусида турли соҳа олимлари ва ёш тадқиқотчилар билан олиб борган суҳбатлари ҳамда муаллифнинг «Эртага қуёш чиқади» бадиаси жой олган. Бу суҳбатларни ўқир экансиз, уларнинг ҳар биридан ўзингизга керакли маълумотлар билан бирга тушунча ва хулосаларни ҳам оласиз. Масалан, таниқли олим, иқтисод фанлари доктори Нурислом Тўхлиев билан бўлган суҳбатда коронавируснинг дунё иқтисодиётига кўрсатган салбий таъсири етук мутахассис нигоҳи билан атрофлича очиб берилган. Яна бир йирик олим, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев билан бўлган суҳбатда эса пандемия билан боғлиқ тарихий жараёнларга эътибор қаратилган ҳолда ушбу балонинг моҳияти донишмандона мулоҳазалар билан очиб беришга ҳаракат қилинган. Ушбу суҳбатнинг «Ақл-фаросат, донишмандлик муваффақиятга етаклайди» деб номланиши ҳам назаримда, ўзини тўлиқ оқлаган.

Педагогика фанлари доктори, профессор Ойниса Мусурмонова билан бўлган суҳбат ҳам ўқувчига манзур бўлиши тайин. Тиббиёт фанлари доктори, профессор Жуманазар Бекназаров ўзига хос зукколик ва билимдонлик билан ушбу офат вируснинг хусусиятини халқона бир тарзда очиб берган.

Китобда ўз соҳасининг мана шундай номдор олимлари билан бир қаторда Нозима Муротова, Гулноза Нажмиддинова, Жумадулла Сагатов, Жаҳонгир Ўрмонов каби ёш, забардаст олим-тадқиқотчиларга ҳам кенг ўрин берилган.

Муаллифнинг «Қуёш эртага чиқади» деб номланган бадиаси бир нафасда ўқиладиган ўзига хос асардир. Бадиани мутолаа қилар экансиз, шу юрт фарзандининг ўй-кечинмалари, ташвиш ва овунчларига шерик бўласиз. Муаллиф бирда муштиапар аёл, бирда меҳрибон она, бирда донишманд, бирда олима бўлиб ҳозирги вазиятни таҳлил қилишга, мулоҳаза юритишга ҳаракат қилади. Охирида эса катта ишонч ва умид билан «Эртага қуёш чиқади... Ишонаман... Ишонинг...» дейди. Биз ҳам умид қуёшининг чиқишига ишонамиз.

Манижа Баҳриева,
журналист

6 719
ЎзА