ЎзА Ўзбек

14.03.2019 09:23 Чоп этиш версияси

Уй-меҳмонхоналар сайёҳлар хизматида

Уй-меҳмонхоналар сайёҳлар хизматида
Туризм

Сурхондарё вилояти маркази ва Термиз туманининг шаҳарга туташ ҳудудларида 75 та уй-меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда.

Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, соҳада хусусий секторнинг улушини ошириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилаш, миллий туризм маҳсулотларини дунёга кенг тараннум этишга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бераётир.

Президентимизнинг 2019 йил 5 январдаги ”Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилаётир.

6.jpg

Соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар самарасида Сурхондарё сайёҳларнинг севимли масканларидан бирига айланмоқда. Ўтган йили вилоятга 80 мингга яқин сайёҳ келгани ва уларнинг ўттиз мингга яқини хорижликлар бўлгани ҳам бунга яққол мисолдир. Жорий йилда туристлар оқимининг янада кўпайиши кутилмоқда. Зиёрат, тиббиёт туризми ривожланаётир. Хушманзара табиат қўйнида экотуризмни йўлга қўйиш бўйича тегишли ишлар олиб борилаётир. Шу мақсадда зарур инфратузилмага эга кичик туризм зоналарини барпо этиш белгилаб олинган.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш қўмитаси вилоят бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятда мавжуд тарихий обидаларни қайта таъмирлаш, ободонлаштириш ва сайёҳлар учун қулай шароитлар яратишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Меҳмонхона бизнесини йўлга қўймоқчи бўлаётган тадбиркорлар ҳар тарафлама қўллаб-қувватланиб, уларга тегишли кўмак берилаётир. Ишбилармон айрим одамларда ноанъанавий услубдаги уй-меҳмонхоналари барпо этиб, миллий маданият ва азалий урф-одатларни тарғиб этиш истаги пайдо бўлмоқда.

7.jpg

Айни пайтда Термиз шаҳри ва Термиз туманида йигирмага яқин замонавий меҳмонхона фаолият юритмоқда. Уларда туристларни кутиб олиш ва сифатли хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган. Лекин мутахассислар туризмни кенг йўлга қўйишда сайёҳлар, айниқса, хорижлик туристлар учун уй-меҳмонхоналарининг ўрни бўлакча эканини эътироф этаётир.

– Бундай меҳмонхоналар юртимизга туристлар оқимини кўпайтиришга, уларнинг унутилмас бой таассуротлар билан қайтишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир, – дейди Туризмни ривожлантириш қўмитаси вилоят бошқармаси бошлиғи А.Хўжақулов. – Ноанъанавий уй-меҳмонхоналарнинг яна бир эътиборга молик томони шундаки, улар сайёҳларга маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналари билан яқиндан танишиш имконини беради. Қисқа муддат бўлса-да, ўзини ана шу муҳит ва ноёб қадриятлар оғушида яшагандек ҳис этади. Бунинг учун уй-меҳмонхоналар ўтмишни акс эттирувчи ранг-баранг осори-атиқалар билан жиҳозланаётир.

10.jpg

Ўтмишда дунё тамаддунининг бешикларидан бири бўлган Сурхондарё – тарихий-меъморий, археологик обидаларга бой воҳа. Жаҳон илм-фани ва ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк олиму фузалоларни камолга етказган юрт. Эндиликда кўҳна ва ҳамиша навқирон гўша гўзал, бетакрор табиат манзаралари, табиий шифобахш манзиллари, сўнгги йилларда қад ростлаган муҳташам замонавий иншоотлари, миллий санъати, ҳунармандчилиги, миллий таомлари билан ҳам дунёга қайта юз тутиб, сайёҳларни ўз бағрига чорламоқда.

– Бой меросимиз, маданиятимиз ва турмуш тарзимизни кўп марта эшитгандан кўра, бир марта бўлса-да келиб кўришнинг, яқиндан танишишнинг гашти бўлакча, – дейди Термиз тумани Наврўз маҳалласида яшовчи С.Жовлиев. – Бунинг учун биз ўз яшаш ҳовлимизда барча шароитларни яратганмиз. Бир йўла олти сайёҳни қабул қиладиган ёруғ, шинам хоналардан иборат уй-меҳмонхонаси барпо этиб, миллий услубда жиҳозладик. Қадимий ҳунармандчилик буюмларимиз, сўзана, зардевор ва бошқа кашталар билан безадик. Ҳовлига ўчоқ-тандир ўрнатдик. Меҳмонларимиз миллий таомларимизни татиб кўриш баробарида уларни тайёрлаш жараёнида бевосита иштирок этиши учун барча қулайлик мавжуд.

12.jpg

Вилоятда меҳмонхона хизматини йўлга қўяётган тадбиркорлар хоналарга дам олиш учун алоҳида кроватлар ўрнатиб, замонавий ювиниш хоналари, канализация тармоқларини қурган. Хуллас, меҳмонлар учун барча қулайлик яратилган.

Уй-меҳмонхоналари ташкил этиб, хорижлик ва маҳаллий сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш таклифини билдираётган тадбиркорларни тижорат банклари қўллаб-қувватлаб, молиявий кўмак бераётгани ҳам эьтиборга сазовордир. Ҳозиргача 57 уй-меҳмонхонани жиҳозлаш учун молиявий муассасалар томонидан 5 миллион сўмдан 30 миллион сўмгача бўлган имтиёзли кредит маблағи ажратилди.

Термиз шаҳридаги Юлдуз маҳалласида яшовчи К.Неъматов ҳам уйининг бир қисмини уй-меҳмонхонаси учун ажратиб, ”Трастбанк”дан 30 миллион сўм имтиёзли кредит олди.

– Ушбу маблағ эвазига меҳмон уйимиз учун зарур мебель, телевизор ва бошқа замонавий жиҳозлар, идишлар харид қилдик, – дейди уй соҳиби К.Неъматов. – Қадимий сўзана, дўмбира, тол товоқ, ёғоч чўмич, қошиқлар сотиб олдик. Хоналарни ана шу нафис ва қадимий буюмлар билан жиҳозладик. Хонтахта ўрнатиб, атрофига миллий кўрпачалар тўшадик. Ҳовлимизга ўрнатилган тандир ва ўчоқ нон, патир, шунингдек, турли овқатларни пиширишга мўлжалланган.

Меҳмонлар мўъжазгина ҳовлилардаги тандирда Сурхондарёнинг машҳур тансиқ таоми тандир кабоб тайёрлаш жараёнини кузатиши ва ўзлари ҳам пишириб кўриши мумкин. Ҳовлиларнинг бир четига ёғоч сўри ўрнатилиб, ўртасига хонтахта жойлаштирилган. Унинг атрофига миллий кўрпачалар тўшалиб, ёстиқлар қўйилган. Меҳмонлар мўътадил об-ҳаво кунлари ёғоч сўри устида ўзаро суҳбат қуради, овқат тановул қилиб, мириқиб дам олади.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, вилоят маркази ва Термиз туманида яқин кунларда яна 25 та уй-меҳмонхона фойдаланишга топширилади.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА
2 738