ЎзА Ўзбек

12.02.2020 Чоп этиш версияси

Қувада топилган Будда ибодатхонасини биласизми?

Қувада топилган Будда ибодатхонасини биласизми?

Фарғонанинг антиқа топилмалари

Фарғона вилоятининг Қува туманида олиб борилган археологик тадқиқотлар унинг минг йиллик тарихидан дарак беради. Шаҳристондан топилган манбалар унинг йирик ҳунармандчилик ва савдо маркази бўлганлигини кўрсатмоқда. Қува эрамиздан аввалги IV – III асарларда пайдо бўлган.

Дастлабки археологик қазишмаларни Ўзбекистон Республикаси ФА Тарих ва археология институти ходимлари 1956-1970 йиллари академик Я. Ғуломов раҳбарлигида олиб борган. Археологик ёдгорликнинг турли жойларида қазишмалар ўтказилиб, аркнинг X асрда бузилиб яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги тасдиқланди. Бироқ шаҳар сиёсий ва маданий марказ сифатида XIII аср бошларига қадар, яъни мўғуллар томонидан вайрон этилгунча йирик кентлардан бири бўлган.

1957-59 йилларда Қува шаҳристонида олиб борилган қазишмалар чоғида археологлар кутилмаганда Будда ибодатхонасига дуч келади. Хусусан, археолог Вера Булатова мазкур ибодатхонанинг йўлаклари ва деворий қолдиқларини, турли илоҳий мавжудотлар ва ҳайвонларнинг ҳайкалчаларини ва энг муҳими, Будда ҳайкалининг ибодатхона олд саҳнасида синдириб ташланган қолдиқларини топди. Бу Фарғона водийсидаги ягона Будда ибодатхонаси бўлиб, исломдан олдинги ижтимоий-сиёсий муҳитни тасаввур қилишдаги инқилобий топилма ҳисобланарди. 1968-1969 йилларда В. Булатова ибодатхона ҳудудини тўлиқ тозалаб чиқди, унинг хоналари ва ҳовлиси лойиҳасини олди.

photo5341338414865297324.jpg

Топилмалар рестоврация қилиниб, Тошкентдаги Ўзбекистон тарихи давлат музейи ва Ўзбекистон давлат санъат музейларига топширилди.
Тарих фанлари номзоди Нодирбек Абдулаҳадовнинг ёзишича, бу ибодатхона Фарғона водийсида ягона бўлиб, ҳозирга қадар тадқиқотчиларнинг диққат эътиборида бўлиб келмоқда. Чунки Қувадаги бу иншоот мутахассисларнинг фикрича, Хитой билан Сўғд орасидаги ҳудудда ягона бўлган Будда ибодатхонаси эканлиги эътироф этилган. Бундан ташқари мазкур нодир топилма VII асрда Фарғонада буддавийлик дини тарқалганидан ҳам далолат беради.

Қува шаҳристонининг шимолий қисмида жойлашган катта тўғри бурчакли ҳовли (11, 9х11,2 м) ва ибодатхонадан (21х41 м) иборат бўлган диний мажмуанинг кириш қисмида, ер сатҳидан бор йўғи 40 см. чуқурликда кўмилиб ётган инсон гавдасидан икки марта катта бўлган будда ҳайкали қазишмалар чоғида аниқланган эди. Бу ҳақда тарихчи олим Йўлчибой Қосимов шундай ёзган эди: “Қувада қазиб олинган будда ибодатхонаси икки хонадан иборат бўлиб, ҳар бирининг алоҳида кириш жой бўлган…

Унга кираверишда отларнинг ғоят катта ҳайкаллари ва пешонасида бош суяги тасвир этилган серсоқол маъбуд ҳайкали ўрнатилган. Ибодатхона ичидан қандайдир маъбудалар ҳайкалларининг парчалари топилди, улар будда ибодатхонасига мансуб ҳайкаллар бўлганлиги аниқ…Будданинг япалоғроқ юзига “Ҳамма нарсани кўрадиган” учинчи кўз ҳам ўйилган. Будданинг бадани чиройли қилиб қўнғироқли зар-жияклар билан безатилган, кийимларига ёрқин кўк ва бошқа хилма-хил ранглар берилганлиги Будданинг ҳайкали жуда диққат билан пухта ишланганлигини кўрсатади. Будда бу ерда тахтда эмас, балки киравериш қаршисидаги марказий деворга туташган супада ўтирган қиёфада бўлса керак. Археологлар Будданинг ҳайкалини қазиб очишгач, унинг ўтирган жойидан ағдариб ташланганлигини аниқладилар”.

Будда ҳайкалининг турган ҳолатига кўра, у арабларнинг ҳарбий юриши даврида вайрон этилган бўлиб, ҳайкалдаги кўплаб қилич излари бундан далолат берар эди. Мазкур будда ҳайкали ва ибодатхона ўзининг кўриниши жиҳатидан Шарқий Туркистондаги буддавийлик динига мансуб ибодатхоналарни эслатар эди. Бу эса Қувада буддавийлик динининг ривожланишида Буюк Ипак йўлининг таъсири бўлганлигидан далолат беради.

photo5341338414865297325.jpg

Бу ҳақда қадимшунос олим Шокир Пидаев жумладан шундай ёзади: “Ўзбекистон жанубидан ташқари, буддавий ёдгорликлар Фарғона водийсида ҳам маълум бўлган. Бу ерда у ҳозирча VII-VIII асрларда Қува шаҳридаги ибодатхона мажмуи тимсолида намоён бўлган.

Мутахассисларнинг тахминларига кўра, Қувада буддавий ибодатхонанинг бунёд этилиши буддавийликнинг янги йўналиши-важраяна билан боғлиқ бўлиб, унинг шаклланиши милодий I минг йиллик ўрталарига бориб тақалади. Қува ибодатхонаси олди эшикли иморатлари бўлган катта тўғри бурчакли ҳовли ва ибодатхонадан иборат бўлган. Қува ибодатхонасининг ўзига хос томони -икки ибодатхонанинг ёнма-ён жойлашганлигидир.

Ибодатхона будда мифологиясининг ҳайкал кўринишидаги турли сиймолари-яратувчанлик маъбудини ифодаловчи Махешвара, барча Буддаларнинг енгилмаслик рамзи бўлмиш Бодхисатва Важрапани, Будданинг ўзи, Важрахари, одатда турли қўрқинчли иблислар қиёфасида тасвирланган дик ва даклар билан безатилган. Қува ибодатхонасидаги ҳайкаллар Бақтрия -Тоҳаристонда кенг тарқалган лой-ганч пластика техникаси асосида ишланган. Шу билан бирга, уларнинг ўзига хос жиҳати кўзлар ўрнига қора ва оқ тошлар қадалишидадир Бу усул кўпроқ Синьцзян ҳайкалтарошлик мактабига хос. Улар ўртасидаги фарқ иконографияда ҳайкалларнинг айрим бўлакларини кўк рангга бўяшда ва энг асосийси баъзи ҳайкалларнинг кўрқинчли кўринишда ифода этилишида кузатилган. Қува ҳайкаллари илк ўрта асрлар бошларидаги Хўтан буддавий мавзулари билан ўхшашлик топади. Бу – Қувада буддавий ибодатхонаниг пайдо бўлиши беихтиёр Фарғонанинг Хотан билан яқин алоқалари ва эҳтимол, у ўша воҳадан келиб чиққан кишилар томонида қурилган ва безатилган, деб тахмин қилиш имкони беради”.

Буддавийлик динига доир асори-атиқалар Қува шаҳристонида кейинги даврларда олиб борилган археологик тадқиқотлар чоғида ҳам аниқланган. 2002 йили Қува шаҳристонининг шимоли — шарқий қисмида устозимиз тарих фанлари номзоди Г.П.Иванов бошчилигида олиб борилган навбатдаги қазишмалар чоғида 280 см. чуқурликда дуч келинган.

Таъкидлаш жоизки, буддавийлик қадимги Қува аҳолисининг сиғинган ягона дини бўлмаган. 1956-1958 ҳамда 1997-1998 йиллардаги қазишмаларда монийлик, оташпарастлик дини билан боғлиқ топилмалар ҳам аниқланган.

5 359
М. СУЛАЙМОНОВ, ЎзА