ЎзА Ўзбек

08.05.2018 19:51 Чоп этиш версияси

Унинг фотосуратлари оддий, самимий, ҳаётий

Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент Фотосуратлар уйида ташкил этилган “Ўзбекистон – менинг қалбим” номли фотокўргазма экспозициясини кўздан кечирган ҳар бир мухлис шу фикрга келиши шубҳасиз.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган мазкур кўргазмада фотомусаввир Виктор Сваричевскийнинг суратлари билан танишиш мумкин.

В.Сваричевский 1941 йили Тошкент шаҳрида шифокорлар оиласида дунёга келган. Кўп йиллар мобайнида етакчи оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатган Виктор Владимирович тезкор ва моҳир фотожурналист сифатида медиа соҳа ходимлари эътиборини қозонган эди. Унинг ижодий ишлари оммавийлиги ҳамда ҳужжатли характерга эга экани билан қадрланарди.

В.Сваричевскийнинг ижодида ишчи ва деҳқонлар, зиёлилар, Иккинчи жаҳон уруши фахрийларининг меҳнати ва ҳаёти ҳаққоний акс эттирилган. Бадиий фотография устаси сифатида у турли мавзу, жанр ва сюжетларни мураккаб композицион ва ракурс ечимларида берар эди. Айниқса, оқ-қора рангдаги фототасвирларда ҳақиқий ижодкорга хос жиҳатлар – нур ва соя, ракурс ва юз ифодаси, пластика ва чизиқлар ўйинидан, уларнинг бири-бирига муносабатидан моҳирлик билан фойдалана олган эди.

Умрининг сўнгги нафасигача касбига содиқ қолган фотоижодкор ўз бурчини сидқидилдан бажаришга астойдил интилди. Бу жиҳатлар муаллифнинг мазкур кўргазма экспозициясидан ўрин олган "Ота", "Уста ёнида", "Қиз", "Боғбон", "Ҳордиқ", "Учрашув", "Кайфият", "Далада тушлик", "Дўстлар даврасида" каби кўплаб ҳаётий, меҳрга йўғрилган фоторепортажларида, портрет суратларида акс этган.

Назокат Усмонова, ЎзА
5 323