ЎзА Ўзбек

10.10.2018 23:06 Чоп этиш версияси

Умри қўшиқларидек боқий

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ артисти Отажон Худойшукуров ижодига бағишланган “Умри қўшиқларидек боқий” деб номланган хотира кечаси бўлиб ўтди.

Тадбирда таниқли санъаткорлар, хонанданинг мухлислари ва шогирдлари, оила аъзолари, Ўзбекистон санъат ва маданият институти ва Ўзбекистон давлат консерваторияси талабалари иштирок этди.

Кечада сўзга чиққанлар халқимизнинг севимли хонандаси, ўзбек миллий қўшиқчилик санъати ривожига салмоқли ҳисса қўшган улкан санъаткор Отажон Худойшукуровнинг ибратли ҳаёти ва фидокорона меҳнати ҳамда ўзбек миллий мусиқа санъати тарихида эгаллаган муносиб ўрнини алоҳида эътироф этди.
– Унинг ширали, жарангдор овози киши қалбини тўлқинлантирар эди, – дейди Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон. – У куйлаган қўшиқлардаги эҳтирос, жўшқинлик, мунг ва теран мазмун тингловчиларни ҳамиша ўзига чорлаб туради. Шунинг учун ҳам Отажон Худойшукуров қўшиқлари каби барҳаётдир.

Тадбирда Отажон Худойшукуров ҳаёти ва ижодий фаолиятини ёритувчи фотосуратлар кўргазмаси намойиш этилди. Ижодий кеча санъаткорнинг шогирдлари ижросида ўзбек мумтоз ва лирик қўшиқларини тинглаш имконига эга бўлди.



Муҳайё Тошқораева, ЎзА
2 438