ЎзА Ўзбек

16.03.2019 08:45 Чоп этиш версияси

Умр кошонаси​

Умр кошонаси​

Осмонга, тинч, мусаффо осмонга узоқ термулиб хаёл уммонига ғарқ бўламан: ёшлигим, бахт-иқболга ошуфта беғубор онлар кечган олис қишлоқ манзаралари бир-бир кўз олдимдан ўтади.

Болача тасаввур-ла навқирон келажакка тикилган нигоҳлар нималарни ҳавас қилмаган, ҳаётнинг қай бир гўшаларида тентирамаган дейсиз!? Бундай ширин ўйлар маҳобатли орзулар сари елка тутади.

Мароқли йиллар секин ҳаётнинг улкан остонасидан бошланган талотўпли, гоҳ ғалвали, гоҳо сокин, жилвали пўртаналари томон етаклайди. Ҳаётни, яшашни, киндик қони томган она тупроқни суйишга, эъзозлашга, янада покиза туйғулар оғушида яшашга ундайди.

Мана, ёрқин таассуротларга бой ортда қолган болалик, ўсмирлик, ёшлик...

hd-landscape-images-widescreen-wallpaper-of-nature-windows-wallpaper-high-resolution-images-field-gorgeous-views-download-images-2545x1692.jpg

Сабоқлари билан қалбга ором берар, тағин шу азиз тупроқни қадрлашга, кўзга тўтиё қилишга чоғлайди. Уйқусиз тунларда мутолаа қилинган кўплаб бадиий асарлар шу эл, шу халқ ғамида яшашга, хизматига камарбаста бўлишга ўргатади, тарбиялаб йўл кўрсатади. Эй она-Ватан, мен сени жонимдан ҳам яхши кўраман, деган сўзга айланади.

Сўз эса умидга дўниб, юракка ишонч-истак беради. Маҳобатли манзилларга шахдам қадам билан боришга чоғлайди, тараддудлайди.

Ватанпарвар – ўз ватани камолоти йўлида, ўз халқига муҳаббати туфайли эзгуликлари тугул, жонини ҳам аямайдиган инсондир, халққа ва ватани озодлиги, фаровонлиги учун ўзини қурбон қилувчи инсондир. Бундай инсонлар ўз эли учун, бахту саодати учун курашади. Мана шу кураш уни улғайтиради. Севимли бир шоиримизнинг Ватан мадҳига бағишланган гўзал мисралари юракка хуш ёқади. Ундаги ташбеҳланган туйғулар тасвири эса, қуйидагича поёнига етказилади:

...Жавзо. Бир эрка шамол
Буғдойзорга урар тўш.
От елар. Чавандознинг
Бир енги ҳилпирар – бўш.
Опа, ўшандан буён
Ватан ҳақида суҳбат
Қўзғалса кириб келар
Кўзингизга бир сурат:
Жавзо. Бир эрка шамол
Буғдойзорга урар тўш.
От елар. Чавандознинг
Бир енги ҳилпирар – бўш...
Опа, Ватан – улуғ дард,
Опа, Ватан боғ бўлсин!
Шеърда суратин чизсам,
Тўрт мучаси соғ бўлсин.

Бундай улуғ дард ўқувчига юқади. Уни ўзгача ғайритабиий куч, Ватан, тинчлик, фаровонлик тараддудига чорлайверади.

po-i-kalyan-complex-in-the-morning-bukhara-uzbekistan-1024x683.jpg

Баҳор, ёз, куз, қиш: умрнинг гўзал онларини тақсимлаб олган бу фасллар тантилик қилади, замин фарзандига мадад беради. Ўткинчи дунёда оламжаҳон эзгуликларга бошлайди. Қайғу-ғамни бир четга суриб, ўқиб-изланиб юрт равнақига муносиб улуш, мазмундор ҳисса қўшишга даъват этади.

54874-sunrise-ayaz-kala.jpg

Улкан тоғлар қоясида оқ-оппоқ бўлиб нур сочиб турган сержилва қор ҳар кўнгилга равшанлик бахш этади. Ҳар қандай юксакликда ҳам қалбни турли васвасалардан пок тутишга ўргатади. Кўнгил ойнасига дарз етказмасдан, қадни тик тутибгина умргузаронлик сафарига йўл олмоқ жоизлигини бот-бот уқтиради. Шунда узоқ ва олис манзиллар бирма-бир забт этилишини кўз-кўз қилади.

Йўллар ва йиллар ҳамиша қилаётган ишларимиздан сарҳисоб сўрайди. Қалбимизни тафтиш этади: таниш саволлар сўроқлайди; “Нима қилдинг?”, “Неларга улгурдинг?”, “Қай матлабда ҳаётдан тасалли изладинг?” ва “Ортда қандай из қолдирдинг?” Сўроқлардан баъзан қароқларга ёш қалқиши, қалб туғёнларини қирғоғидан тошириши мумкин. Лекин она тупроққа бўлган меҳр-муҳаббат, вобасталик таскин беради. Шоирнинг ушбу мисралари кўнгилга кўчади...

Озодликдан бошқа нажот йўқ,
Озодликдан бошқа йўл ҳам йўқ,
Озодликдан бошқа Ватан йўқ...

405661_flying-bird-at-sunset-hd-wallpapers-wide_1920x1080_h.jpg

...Самога боқар эканмиз, тунларда ҳам нур улашгувчи осмон фонусларига кўзимиз тушади. Бу ҳисобсиз юлдузлар қоронғулик кўксини ўз зиёси ила ёриб, йўлимизни маёқ сингари ёритадилар. Ундан ўзгалар йўлини ёритиш нақадар фарахбахш эканлигини англаймиз, шунга интилиб яшаймиз: асл ҳаётдан ҳам мақсад-муддао – шу.

Бу каби эзгу йўлда жон фидо қилган аждодларимиз тарих саҳифаларини ўзларининг ибратли ҳаётлари билан безаган. Бундай сиймоларимизни санасак адоғига, тавсифласак поёнига етмоқ мушкул. Уларга эргашмоқ, ҳар томонлама муносиб авлод бўлмоқ эса шу эл, шу Ватан фарзандининг инсоний бурчи. Зеро, илму маърифатга ворислик келажакка қўйилган мустаҳкам пойдевордир.

405661_flying-bird-at-sunset-hd-wallpapers-wide_1920x1080_h.jpg

Ғайрат ШИРИНОВ, ЎзА
3 802