ЎзА Ўзбек

10.07.2020 Чоп этиш версияси

Улуғбек мадрасаси - Самарқанд Давлат университетининг ташкилий асоси

Улуғбек мадрасаси - Самарқанд Давлат университетининг ташкилий асоси

Тарих зарварақларига эътибор берсак, Самарқанд илм-фани ва маданияти жаҳонга танилишида Самарқанд Давлат университетининг ўрни беқиёс. 

Самарқанд ҳақида гап борганда кўз ўнгимизда Темурийлар сулоласининг маркази гавдаланса, СамДУ ҳақида гапирилганда буюк бобомиз Мирзо Улуғбек мактаби намоён бўлади. Шу сабабли тарихчи олимларимизнинг «СамДУ расмий равишда ХХ асрнинг бошларидан фаолият кўрсатаётган бўлсада, унинг тарихий илдизлари Мирзо Улуғбек даврига бориб тақалади» деган фикрлари ҳақиқатдир. Университетнинг пойдевори бундан 6 аср муқаддам, ХV асрда қурилганлиги шубҳасиз. Қолаверса, ўзбек илмининг фахри бўлган Муҳаммад Тарағай Улуғбек яратган илмий мактаби, унинг салоҳияти буюклиги бугунги кунларда жаҳон илм аҳли томонидан эътироф этилган. СамДУнинг муносиб фарзанди, академик Ботурхон Валихўжаевнинг «Мирзо Улуғбек даври мадрасалари» рисоласида Самарқанд Давлат университети Мирзо Улуғбек мадрасаси олиясининг бевосита вориси бўлиб, унинг таъсис этилиш тарихи ҳам Мирзо Улуғбек мадрасаси олиясининг таъсис этилиш тарихига бориб тақалади деган илмий хулосаси айтилган фикрларнинг исботидир.

Шубҳасиз, Шарқ илмининг ўчоқларидан бири бўлган Улуғбек мадрасаси Самарқанд Давлат университетининг ташкилий асосидир. Демакки, ушбу даргоҳда буюк инсонлар - Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Али Қўшчи, Нафис Самарқандий, Қозизода Румий таҳсил олишган ва кейинчалик толиби илмларга сабоқ беришган.

Албатта, Самарқанд Давлат университети кейинчалик ҳам жамият ва илм фан ривожи учун муносиб ҳисса қўшди. 1927 йил 22 январда Самарқандда Олий педагогика институти сифатида қайта ташкил этилиб, 1930 йил 22 январда Ўзбекистон педагогика академиясига айлантирилди ва 1933 йил 20 январда Ўзбекистон давлат университети (ЎзДУ)га айлантирилди. 1960 йил ЎзДУ Самарқанд давлат университети (СамДУ) деб атала бошлади. Бу даврда Ҳамид Олимжон, Уйғун, Миртемир, Усмон Носир, Ҳабиб Юсуфий, Шароф Рашидов, Асқад Мухтор каби ўнлаб ижодкорлар ҳамда давлат, маданият ва фан арбоблари мана шу университетда вояга етганлар. Ҳозирги кунда Самарқандда фаолият юритаётган институтлар университет бағридан ўсиб чиқиб, мустақил олий уқув юртларига айланди.

Кейинги йилларда Самарқанд Давлат университетида жиддий ўзгаришлар, университет нуфузини оширишга қаратилган кенг чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Университетда таълим жараёнининг самарадорлигини ошириш, таълимнинг замонавий технологияларини жорий қилиш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини ошириш, талабаларга билим беришда ва уларни баҳолашда адолатли тамойилларнинг ўрнатилиши, халқаро илмий алоқаларнинг кучайтирилиши, халқаро факультетнинг ташкил этилиши, халқ хўжалиги учун зарур таълим йўналишларининг очилиши унинг ҳаётида янги босқич бошланаётганлигидан далолатдир. Албатта, бундай ўзгаришлар университет ректори, тиниб-тинчимас ва ишбилармон устоз Рустам Холмуродов фаолияти билан бевосита боғлиқдир. Университет ректорининг абитуриентлар ота-оналарига мурожаатномасида айтилган фикрлар, ўқишга қабул қилиш жараёнида ҳам янги давр бошланганлигидан далолатдир. Эндиликда зукко, билимли, пухта тайёрланган абитуриентларнинг ҳеч қандай тўсиқсиз университетга ўқишга кира олишлари барчамизни қувонтиради.

Университетнинг 600 ёши муборак бўлсин. Мен ҳам сенинг бағрингда таҳсил олганимдан фахрланаман.

Х.Холматов, Самарқанд вилояти Ўлкашунослик музейи директори

4 760
ЎзА