Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.11.2016 18:49 Чоп этиш версияси

Тошкентда Туркманистон амалий ва тасвирий санъати кўргазмаси бўлиб ўтди

Тошкентда Туркманистон амалий ва тасвирий санъати кўргазмаси бўлиб ўтди Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Туркманистон амалий ва тасвирий санъати намуналари кўргазмаси ташкил этилди.

Тадбирда мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда ривожланиб бораётган ҳамкорликда маданият соҳасидаги, жумладан, тасвирий санъат намояндалари ўртасидаги ришталар алоҳида ўрин тутаётгани, бунда турли кўргазмалар ташкил этишга эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Туркманистон маданияти кунлари доирасида ташкил этилган кўргазмада Туркманистон маданият маркази қошидаги Туркманистон давлат музейи ҳамда Тасвирий санъат давлат музейи фондида сақланаётган санъат намуналари намойиш этилди. Каштадўзлик намуналари, миллий либослар, дастурхон, чопон, рўмол, гилам ва бошқа маҳсулотлар томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.

Кўргазмадан туркман тасвирий санъати ривожига катта ҳисса қўшган рангтасвирчи рассомлар А.Ҳожиев, Я.Аннануров, Е.Адамова, А.Омонгелдиев, О.Мамметнуров, Г.Бабиков, А.Омонмамедов, К.Оразнепесов, Г.Гочмирадовнинг мато ва картонларга туширилган асарлари ўрин олди. «Келин», «Чўпон», «Гўзаллар», туркман ҳунармандчилиги туркумига кирувчи гиламдўзлик, каштачилик, кулолчилик жараёнлари акс этган натюрморт, манзара, портрет каби турли жанрлардаги суратлар Туркманистоннинг маънавий қадриятлари, урф-одатлари, хушманзара табиати ҳақида ҳикоя қилади. 

16.JPG

– Бугунги кўргазмада XVIII-XIX асрларга тегишли гиламлар, шойи ва ипакдан тикилган миллий кийимлар, машҳур рассомларимизнинг санъат асарлари намойиш этилди, – дейди Туркманистон Президенти давлат музейи бўлим мудири Овез Раҳмонов. – Ўзбек қардошларимизни миллий маданий меросимиз билан таништириш учун яратилган имконият учун миннатдорлигимизни билдирамиз. Бу каби кўргазмалар, турли маданий тадбирлар халқларимиз бирдамлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Туркманистон адабиётчиларининг ижодий учрашувида бадиий таржима, матбаа ишлари, китобхонлик, оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳақида сўз борди.

Шу куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида Туркманистон санъаткорларининг концерти намойиш қилинди, замонавий эстрада хонандаларининг куй-қўшиқлари барчага манзур бўлди.

Туркманистон делегацияси Темурийлар тарихи давлат музейи ва «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройи билан танишди, Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилди.

Севара Алижонова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
16 222