ЎзА Ўзбек

22.11.2019 Чоп этиш версияси

"Туризм қишлоғи" қандай бўлади?

"Туризм қишлоғи" қандай бўлади?

Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Омонхона, Шеробод туманидаги Туз кон, Сариосиё туманидаги Сангардак ва Олтинсой туманидаги Хўжаипок қишлоқларига "Туризм қишлоғи" мақомини бериш тавсия этилган.

Президентимизнинг 2019 йил 13 августдаги "Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ "Туризм қишлоғи" мақомига эга бўлган ҳудудлар биринчи навбатда "Обод қишлоқ" дастурига киритилиб, замонавий инфратузилма ривожлантирилади.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда туризм соҳасини қўллаб-қувватлаб, ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор юртимизнинг бетакрор ва ранг-баранг сайёҳлик салоҳиятини жаҳонга кенг тараннум этишда муҳим ўрин тутмоқда. Жумладан, воҳада "Туризм қишлоғи" мақоми берилиши кутилаётган Хўжаипок қишлоғида этно, тиббиёт, Сангардакда эко, Туз кон ва Омонхона қишлоқларида тиббиёт туризмини ривожлантириш учун катта имконият мавжуд.

Сангардак шаршараси, Омонхона ва Хўжаипокдаги шифобахш сувлари, Туз кон қишлоғидаги ноёб туз ғорининг дунёга донғи кетгани ҳам бу ҳудудларнинг туризм салоҳиятидан унумли фойдаланишда муҳим ўрин тутади.

– Бу мақомга эга бўлган ҳудудда "Обод қишлоқ" дастури доирасида кенг, равон йўллар барпо этилиб, ободонлаштирилади, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ш.Бойқулов. – Электр энергияси, газ, сув таъминоти, канализация тизими тубдан яхшиланиб, барқарор ишлаши таъминланади. Мобиль алоқа ва интернет тармоғи сифатини ошириш учун базавий станциялар ўрнатилади. Бироқ бундай мақомга эга бўлиш учун ҳудудда меҳмонхона ва овқатланиш хизматидан ташқари яна бешта хизмат кўрсатиш турлари ривожланган бўлиши лозим. Камида 20 та оилавий меҳмон уйи ташкил этилган бўлиши керак.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги қарори билан оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш тартиб-таомиллари белгилаб берилган. Ушбу қарор билан тасдиқланган низомга мувофиқ вилоятда 70 га яқин замонавий меҳмон уйи ташкил этилиб, маҳаллий ва хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда. "Туризм қишлоғи" мақоми бериладиган ҳудудларнинг ҳар бирида камида 20 тадан меҳмон уйларининг барпо этилиши кўплаб янги иш ўринлари яратиш имконини беради.

– Сўлим тоғ қўйнидаги Омонхона қишлоғимиз ўзининг минг дардга даво шифобахш суви билан дунёга машҳур, – дейди Бойсун туманидаги "Инкобод" маҳалла фуқаролар йиғини раиси вазифасини бажарувчи А.Қурбонов. – Замонавий балнеологик шифохона ҳамиша мижозлар билан гавжум. Айниқса, баҳор ва ёз фаслларида гўшанинг табиат манзаралари ҳам қишлоққа келувчиларни ўзига мафтун этади. Сўнгги йилларда бу ерга хорижликларнинг катта қизиқиш билдираётгани ҳудудни янада ободонлаштириб, сайёҳларга турли сифатли хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтираётир. Шунингдек, меҳмон уйлари ташкил этиш истагини билдираётган оилалар сафи кўпаймоқда. 

Мамлакатимизда туризм қишлоқларига асос солинаётгани ҳам сайёҳлар учун қулай шароитларни яратиб, ҳудудни янги қиёфада ободонлаштириш, қишлоқ одамлари учун янги иш ўринлари барпо этиб, уларнинг турмуш даражасини ошириш ва иқтисодиётимизни янада юксалтиришга йўналтирилгани билан барчада катта қизиқиш уйғотмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида жанубий воҳага 100 мингдан зиёд хорижлик сайёҳ келиб, археологик, маданий ва бошқа ноёб ёдгорликлар билан танишди. Саломатлигини тиклаб, сўлим гўшаларнинг гўзал табиат манзараларидан ўзгача завқ-шавқ олди. Буюк аждодларимизнинг ҳоки қўйилган муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиб, қадим ўтмишга бориб тақаладиган тарихимиз ҳақида кўплаб қизиқарли манбаларга эга бўлди.

3 270
Х.МАМАТРАЙИМОВ, Ж.ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА