ЎзА Ўзбек

13.03.2019 22:11 Чоп этиш версияси

Travel Trade Journal: “Тошкент - Шарқнинг замонавий мегаполиси”

Travel Trade Journal: “Тошкент - Шарқнинг замонавий мегаполиси”

Ҳиндистоннинг машҳур сайёҳлик нашри Travel Trade Journal “Тошкент – севимли пойтахт ва мегаполис” сарлавҳали мақола эълон қилди.

Нашр Тошкент шаҳрини 3 миллиондан зиёд аҳолига эга замонавий ва гуллаб-яшнаётган мегаполис сифатида эътироф этган.

“Ўзбекистон пойтахти – ажойиб шаҳар, бу ерда Шарқнинг қадимий анъаналари жилоси ва замонавий меъморлик ютуқларига гувоҳ бўласиз”, дейилади мақолада.

Муаллифнинг қайд этишича, Тошкент йилдан-йилга чирой очиб, замонавийлашиб бормоқда. Пойтахт кўчаларини сайр қилганда фавворали кўплаб яшил хиёбон ва сайлгоҳларни учратиш мумкин.

Мақолада Тошкент телеминораси ҳақида ҳам сўз боради. “Унинг кузатиш майдончасида туриб, шаҳар манзарасидан лол қоласиз”, деган муаллиф.

Мақолада Тошкентнинг Амир Темур хиёбони, Темурийлар тарихи давлат музейи, Мустақиллик майдони, Мотамсаро она ёдгорлиги каби диққатга сазовор жойлари тилга олинган.

Муаллиф сайёҳларга пойтахтимиздаги бошқа маданий, санъат масканлари, кўргазмаларга боришни ҳам тавсия қилган. Унинг яна бир тавсияси Тошкент метрополитенига алоқадор. “Бу ердаги ҳар бир бекат маҳоратли меъморлар томонидан яратилган ўзига хос санъат асаридир”, дея Тошкент метрополитенига таъриф берган муаллиф.

Маълумот ўрнида, “Travel Trade Journal” Ҳиндистоннинг йирик сайёҳлик нашрларидан биридир. Журнал мамлакатдаги сайёҳлик компаниялари ва операторлари, бизнес, маданий ва илмий доираларига тарқатилади.

ЎзА
5 301