ЎзА Ўзбек

04.10.2018 Чоп этиш версияси

Тожикистон театри Самарқандда

Тожикистон Республикасининг Абулқосим Лоҳутий номидаги академик драма театри жамоаси 4 октябрь куни ижодий сафар билан Самарқандга келди.

– Кейинги икки йилда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги азалий дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланди, – дейди театр раҳбари Лутфулло Давлатзода. – Жумладан, маданият ва санъат соҳасида ҳам ижодий жамоаларимиз яқин ҳамкорлик қилмоқда. Йил бошидан буён ўзбекистонлик санъаткорлар бир неча марта Тожикистонда маданий дастурлар намойиш этди. Яқинда Тошкентдаги Муқимий номидаги мусиқали драма театри Душанбе ва бошқа шаҳарларимизда ижодий сафарда бўлган эди. Ўз навбатида, бизнинг вакилларимиз юртингизга келди. Театримизнинг Ўзбекистонга сафари давомида Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида Михаил Зощенко қаламига мансуб “Жиноят ва жазо” саҳна асарини томошабинлар эътиборига ҳавола қилинади.

Тожикистон театрининг спектакли 5 октябрь куни Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида намойиш этилади. Ижодий жамоанинг сафари давомида Самарқанд вилоятида театр ихлосмандлари билан учрашувлар ўтказиш ҳам режалаштирилган.


5 811
Ғ.Ҳасанов, ЎзА