ЎзА Ўзбек

29.05.2018 19:20 Чоп этиш версияси

Тоза қалб чизгилари

Тоза қалб чизгилари Таниқли мусаввир Эркин Жўраев ижодида қишлоқ ҳаёти, кўчалари ва одамлари образини тасвирлаш етакчилик қилади.

Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида очилган ижодкорнинг навбатдаги кўргазмаси ҳам яна қишлоқ мавзусидаги картиналар намойишига бағишланди.

Кўргазма очилишида сўз олганлар Э.Жўраевнинг ижодий ва педагоглик фаолияти тасвирий санъат соҳасида муносиб ўрин эгаллаши, у яратган асарлар халқимизнинг бадиий-эстетик дидини юксалтиришда катта аҳамият касб этиб келаётганини таъкидлаб ўтди.

Эркин Жўраев 1960 йил Бухоро вилоятида таваллуд топган. Тошкентда олий ўқув даргоҳини муваффақиятли тамомлаб, Бухорога қайтган ёш рассом бир муддат театрда ишлайди. Кейинчалик Бухоро вилояти ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида директор лавозимида фаолият кўрсатади. 1986 йилдан Эркин Жўраев рассом сифатида фаол ижод қилиб, мамлакат ва хорижда ўтказилган кўргазмаларда иштирок этиб келади. Бугунги кунда унинг асарлари Германия, Франция, АҚШ, Канада, Щвеция, Россия, Туркия каби мамлакатларнинг давлат ва шахсий галереяларида сақланмоқда.

11.jpg

10.jpg

20.jpg

– Эркин Жўраев Бухорони, унинг тарихини, одамларини, энг муҳими, касбини яхши кўради, – деди Ўзбекистон халқ рассоми Жавлон Умарбеков. – Шу меҳр-муҳаббат уни шакллантирди, излантирди ва ижодга ошно этди. Сизнинг ҳукмингизга ҳавола этилган асарлар Эркин Жўраев тоза қалбининг чизгиларидир. Шу сабаб унинг асарларидан ҳаёт ҳақиқати, дарду ҳижрон, қувончу фароғатни уқиб оласиз. Аслида, дунёни тасвирий санъат орқали англаш ва мушоҳада қилиш фалсафаси ҳам шунда.

Кўргазма экспозициясидан муаллифнинг «Биз», «Рамазон», «Саҳро малаклари», «Умр дарахти», «Йўлдаги ҳордиқ», «Сўзана», «Кандакор» каби элликка яқин асари ўрин олган.

Насиба Зиёдуллаева, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
5 153