ЎзА Ўзбек

13.04.2019 16:14 Чоп этиш версияси

Ўтов – Ватан, чимилдиқ – бу пойтахти

Ўтов – Ватан, чимилдиқ – бу пойтахти

Термизда ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивалидан кўнгли ором топган бир инсонни сизга таништирай. Исми шарифи Давлат Қобилов – меҳнат фахрийси. Миллий қадриятимизнинг жон фидоси бўлган бу табаррук отахон 80 ёш билан юзлашиб турибди. У 1940 йили Бойсун туман Халқажар қишлоғида туғилган. Ҳозирги кунда Олтинсой туман Қурама қишлоғида яшайди.

Давлат Кобилов.jpgДавлат Қобилов 1966 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалик институтининг ветеринария факультетини битиргач, 40 йил Сурхондарёнинг Бойсун, Шўрчи, Қумқўрғон ва Олтинсой туманларида ветеринар врач бўлиб ишлади. Касбни давом эттириш билан бир қаторда чўпон-чўлиқлардан, нуроний кексалардан миллий қадриятимизга оид тафсилотларни эринмасдан йиғиб, китоб қилди.

Ўтов, чимилдиқ, дўмбира, чанқовуз, сўзана, ўрмак сингари дурдоналарни қадрлашни умр бўйи тарғиб этиб келади. 2014 йили ўзбек ўтовининг чизмасини чизиб, Ўзбекистон тарихи давлат музейига олиб бориб топширган.

— Бу воқеа қандай бўлган эди, - деб сўрадик Давлат бободан.

— Қарасам, ўтов йўқолиб кетаяпти. Мен худди меъморлар каби эринмасдан ўтовнинг тарҳини чиздим. Чанғороқ, керага, асосий увуқлар, етим увуқ, чуноқ, жақлов, кўзанак, эрганак, туйровуч, исли, бовларни рақамлаб кўрсатиб, ўтовни умрида кўрмаган киши ҳам ўқиб кўрса ясай оладиган қилиб чизмасини тайёрладим. Одам-олам дейдилар, биз қарияпмиз, бугунги авлод қизиқмаса, эртанги авлод излаганда чорасиз қолмасин, деб 2014 йил 15 апрель куни Тошкентга жўнадим. Тўғри Ўзбекистон тарихи давлат музейига бориб, каттасини даракладим. Салом-аликдан сўнг:

— Музейда ўтов борми? –деб сўрадим.
— Ўтов йўқ, - деди директор.
—Унда қанақасига тарих музейи бўлди бу? - дедим. – Ўзбекнинг тарихидан ўтовни ажратсак, нима қолади?

Хуллас чизмаларимни, китобимни, жарқанот, қўшқанот ўтовларнинг суратларини давлат музейига қабул қилиш қайдномаси билан топшириб қайтдим.

—Ўтовни гоҳида оқ ўтов, баъзан қора уй деймиз. Нега бундай?
—Баракалла. Қадимдан ота-боболаримиз ўғил уйлантирганда, келин-куёв учун оқ ўтов тикишган. Ўтовнинг устидаги кийизни учириб кетмаслиги учун чалкаштириб боғлаб қўйиладиган оқ бовлар олисдан оппоқ гуллаб турган дарахт мисол ўтовни чиройли кўрсатиб турган. Келин-куёв бир неча фарзандлик бўлгунча, ўтовни янги уй маъносида “Оқ ўтов” дейилган. Сўнг, ўтов бироз эскиргач, оддий қилиб “Ўтов” дейишган. Чол-кампирлар қариганда, ўтовлари кўҳна бўлиб, оқ бовлар ранги ўчган, ўтовнинг яроқлилик муддати ўтаётганини инобатга олиб, учинчи даврида “Қора уй” деб аташган. Ўтов ҳақида ёзган шеъримни эшитинг:

Сурхон, Қашқадарёларнинг боши тов,
Келин учун халқи ясар оқ ўтов.
Чимилдиқда учрашар келин-куёв,
Умумий уй келин-куёв ўтови.

Икки дарё орасида оқ ўтов,
Ёзда кўпроқ учрар жойи Ҳаччатов.
Камлик қилар бунча ҳар қанча мақтов,
Қадимий уй келин-куёв ўтови.

Ўтов - Ватан, чимилдиқ - бу пойтахти,
Шу ўтовда бошланар ёшлар бахти.
Куёв-подшо, келин-вазир бир аҳди,
Шоҳона уй келин-куёв пойтахти.

Шу ўтовда тақдирлар учрашади,
Бир ёқтиққа икки ёш бош қўшади.
Фарзанд кўриб, дарё бўлиб тошади,
Кошона уй келин-куёв ўтови.

—Бобо, эл орасида кўп юргансиз. Сурхондарёда меҳмондўстлик борасида Ҳотамтойни ортда қолдирган одамлар ўтган, дейишади.
— Ўзбекнинг меҳмондўстлиги ҳақида бир қадимий воқеани айтиб берай. Сурхондарёнинг Кетмон деган қишлоғида Тошбой исмли оқсоқол ўтган. Меҳмондўстликда Ҳотамтойдан зўр бўлган. Оламга машҳур Ҳотамтой ҳам ҳечқурса овқат пишгунга довур бўлса-да меҳмонни маҳтал қилган, овқатни куттирган, албатта. Тошбойнинг уйида эса сутка давомида ҳар вақт қозон қайнаб турар экан. Меҳмон келиб кўрпачага ўтирган заҳоти бир зум ҳам ҳаялламай иссиқ палов сузилар экан.

Бир куни етти-саккиз киши Тошбойни мот қилмоқчи бўлиб, у бошқа яйловга кўчиб келиб, кўчни туширган заҳоти ортидан етиб бориб, “Биз – меҳмон, кутиб олинг!” дейди. Тошбой шу заҳоти дастурхон ёзиб, буғи осмонга ўрлаб турган паловхонтўрани сузиб, манзират қилади. Меҳмонларнинг нафси ором топгач, бунинг сир-синоатини мезбондан сўрайди. Тошбой оқсоқол айтадики, кўчишдан олдин палов пишириб, иссиқ қозонни ўтовнинг кигизига ўраб, туя устига қўйиб келганман. Алқисса, шу тарзда карвон тўхтаган заҳоти “Ўчоқ ясамай, олов ёқмай”, иссиқ таом сузган мезбонга меҳмонлар қўл кўтарган – мот бўлган экан. Юртимизда ана шундай ор-ориятли, меҳмондўст, олийҳиммат инсонлар яшаб ўтган. Ёшлар шуни билсин, дейман.

—Ёшлар унутмаслиги, йўқотмаслиги керак бўлган яна нималар бор?
—От, ҳисори қўй, бедана, ўтов, чанқовуз, най, табиий арча, сўзана, кашта ва алоҳида айтаманки, бу – дўмбира. 

Даракчисан халқ оғзаки ижоддан,
Алпомиш, Гўрўғли, Чибор, Ғиротдан.
Бахши сен-ла достон айтади ёддан,
Бахшиларга кенг жаҳонсан, дўмбирам.

Торинг таъриф этсам қўйнинг ичаги,
Иккита қўл шу тор бўйлаб кўчади,
Ўнта бармоқ торлардан сув ичади,
Чанқоқбосди бир қумғонсан, дўмбирам.

—Юртимизда бахшичилик мактаблари кўп, уларнинг қай бири сизда зўр таассурот қолдирган? 
—Самарқанд бахшичилик мактаби. Ҳозирги бахшиларимиз ҳам, тингловчиларимиз ҳам болалигида ўша муқаддас булоқдан сув ичиб катта бўлди. Ўзим саводим чиққунга қадар икки достонни оғзаки эшитиб ўргандим: ”Ширин билан Шакар” ва “Интизор”. Мактаб даврида эса “Рустамхон”, “Балогардон”, “Равшан”, “Орзигул”, ”Алпомиш”, ”Гўрўғлининг туғилиши”, ”Кунтуғмиш” достонларини ўқидим. Деярли барча халқ достонларини ўқиб чиққанман. Бахши бўлмасам ҳам уларнинг айримларини ёд биламан. Бу халқ дурдоналари ўз вақтида Самарқанд бахшичилик мактаби вакиллари орқали қонимизга сингганини унутиб бўладими?

Сени чертиб ул Эргаш Жуманбулбул,
Эл оралаб достон айтган хилма хил.
Сен-ла машҳур Ислом, Пўлкан ва Фозил,
Самарқандда Зарафшонсан, дўмбирам.

Торингга қўшилиб Шерна қалб тори,
Қизигандир достончилик бозори.
Кам топилган бу бахшидан ўзари,
Шерободда шараф-шонсан, дўмбирам.

—Термизда ўтган Халқаро бахшичилик санъати фестивалига дунёнинг 80га яқин давлатидан меҳмон келди. Термиздаги 32 гектарлик “Алпомиш” боғи камалакдек чирой билан безатилган ўтовларга тўлиб кетди. Шаҳарга Бойсуннинг қадимий дашти кўчиб келгандай бўлди. Ёш-яланглар чет эллик сайёҳлар, фестивал меҳмонлари миллий кашталар, ўтов, дўмбиралар, ёғоч ўймакорлик санъати намуналари, атлас-адрасларни маза қилиб томоша қилди. Буларга нима дейсиз? - деб сўрадик Давлат бободан.

—Мен ёшариб кетдим, - деди 80 яшар отахон чиройли табассум билан, — Президентимизга минг раҳмат!

Абдуғаффор Одинаев, ЎзА
2 984