ЎзА Ўзбек

19.11.2019 Чоп этиш версияси

Тошкентда гўзаллик намойиши бошланди

Тошкентда гўзаллик намойиши бошланди

У доимо янгиланади, ўзгаради ва бойийди. Ҳа, эскиради ҳам. Аммо сира йўқолиб кетмайди, шунчаки унутилмайди. Гоҳо такрор ва такрор ҳаётга қайтади. Унда баъзан орзуингиздаги намойишни кўрсангиз, гоҳида мутлақо тасаввурга сиғмас, хаёлга келмас топилмаларга дуч келасиз. Энг қизиғи, у ёш танламайди, макон бобида ҳам чегара билмайди – ҳамиша ҳамма ерда, барча учун бор. Шу сабабли доимо эътибор марказида. Бу – мода!

Бу йилги мода оламида нима гап? Қандай мато, қайси ранг, қай бир услуб урфда? Миллий ва замонавий дизайндаги ютуқлар, янгиликлар нимада? Буларнинг барига Тошкент мода ҳафталигида жавоб топиш мумкин.

19 ноябрь куни пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида ушбу ёрқин ҳафталикнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

photo5377566339453004873.jpg

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмагида ташкил этилган тадбир ташкилотчиси “Осиё рамзи“ дизайнерлар уюшмаси. Шунингдек, Италия, Франция, Буюк Британия, Россия каби қатор мамлакатлар ҳам асосий ҳамкорлар сафидан жой олган. 

Ҳафталик дастурига кўра, олти кун мобайнида миллий либослар фестивалини, Tashkent Fashion Performanсe, #beyoung – ёш дизайнерлар танловини, маҳаллий ва хорижий дизайнерларнинг муаллифлик намойишларини ўтказиш кўзда тутилган. Хорижий ва маҳаллий дизайнерларнинг маҳорат дарслари, тўқимачилик ва кийим-кечак кўргазмалари ҳам унутилмас тадбирлардан бўлиши кутилмоқда.

Туркум тадбирларда дунёнинг бир неча давлатидан ташриф буюрган таниқли мутахассислар, етакчи дизайнер ва экспертлар ҳамда санъат ихлосмандлари иштирок этиши мумкин.

photo5377566339453004874.jpg

– Тошкент мода ҳафталиги бешинчи бор ўтказилмоқда, – деди “Осиё рамзи” дизайнерлар уюшмаси раиси Холида Комилова. – Бу йилги мода ҳафталигининг аввалгиларидан фарқи шундаки, унда муаллифлик намойишларига кенг ўрин берилди. Айниқса, маҳаллий дизайнерларнинг либослари намойиши сони ортди. Шу пайтгача улар ҳафталик мобайнида биттадан ўз коллекциясини тақдим этишган. Эндиликда дизайнерларимизнинг маҳорат ва тажрибаси муаллифлик намойишини ўтказиш учун ҳам етарли. Жорий йилда ёш дизайнерларга ҳам алоҳида эътибор қаратдик. Хусусан, ҳафталик доирасида ўтказиладиган #beyoung – ёш дизайнерлар танловида 100 дан ортиқ тўпламлар орасидан 30 дан зиёди саралаб олинди. Бунда ижодий ғоя талқинига катта аҳамият қаратдик. Тўпламлардаги либосларни эҳтимол кўча-кўйда ёки уйда кийиб бўлмас, лекин уларнинг ҳар бирида янги ғоя, ўзгача ишланма борлиги муҳим. Яъни санъат асари даражасида.

Холида Комилованинг айтишича, мода ҳафталигидан кутилаётган асосий мақсад – Тошкентни Марказий Осиёда мода индустриясининг марказига айлантириш. Бу йилги тадбирга Италиядан икки ижодий гуруҳ келаяпти. Улар ҳафталик доирасида ўз тўпламларини намойиш этишдан ташқари мамлакатимиз билан соҳа кадрлари малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик шартномалари тузиш ниятида. Россиядан ташриф буюраётган 4 гуруҳ билан эса дизайнерлик йўналишида қўшма факультет очиш режалаштирилган. Холида Комилова қайд этганидек, бу нафақат мода бобида тажриба алмашишга, туризмни ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшади.

photo5377566339453004875.jpg

Тошкент мода ҳафталигининг очилиш маросимидан сўнг унинг дастлабки тақдимотига старт берилди. Ҳафталикни LALI брендининг муаллифлик намойиши бошлаб берди.

Бренд муаллифи Лаъли Фозилова Япония, Туркия, Қозоғистон каби бир қатор чет давлатлардаги дизайн соҳасидаги кўрик-танловлар, намойишларда ўз либослари тўплами билан муваффақиятли иштирок этган.

Унинг ижодий ишларида ранглар ёрқин, услуб эса оддийдан мураккаблик томон ривожланиб борган. Мутахассислар эътирофича, либослар техникасида анъанавийлик ва замонавийлик уйғун. Дизайнер ўз ишида табиий матоларга миллий безак усулларини маҳорат билан муҳрлаган.

Маълум қилинишича, ҳафталик давомида ана шундай 1000 дан ортиқ либос подиумда намойиш этилади. Уларнинг ҳар бири борлиқнинг бор ранглари, бир-бирини такрорламас жилоларини ўзида мужассам этади. Буни бир сўз билан гўзаллик, деб аташ мумкин.

6 558
Феруза МИРЗАКОМИЛОВА, ЎзА