ЎзА Ўзбек

14.03.2019 18:12 Чоп этиш версияси

​Тошкент вилояти ҳокими: Тор доирадаги тиббиёт мутахассислари уй-жой билан таъминланади

​Тошкент вилояти ҳокими: Тор доирадаги тиббиёт мутахассислари уй-жой билан таъминланади

Тошкент вилоятида ишлаш истагини билдирган тор доирадаги 100 нафар тиббиёт ходими уй-жой билан таъминланади.

Хусусан, олий тоифали мутахассис ўз йўналиши бўйича вилоятнинг эҳтиёж мавжуд бўлган ҳудудига юборилиб, унга ўша ҳудудда қурилаётган арзон уй-жойдан ажратилади ва уйнинг бошланғич тўлови маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.

Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, санитария эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш, малакали кадрларни жалб этиш масалаларига бағишланган навбатдаги сессиясида маълум қилинди.

Хусусан, вилоят ҳокими Ғуломжон Ибрагимов аҳоли сифатли тиббий хизматдан фойдаланишга тўла ҳақли эканига эътибор қаратиб, бу борада вилоятда тор доирадаги тиббиёт мутахассисларига эҳтиёж борлигини қайд этди.

– Тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасалари билан музокаралар олиб боряпмиз, – деди вилоят ҳокими. – Агар мазкур таълим муассасалари битирувчилари вилоятга ишга келса, 100 нафарига уй-жойининг бошланғич тўловини тўлаб берамиз. Айни пайтда вилоятнинг тор доирадаги тиббиёт мутахассисларига бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, хорижда мазкур йўналишда таҳсил олаётган 10 нафар талабанинг шартнома пули тўлаб берилмоқда. Мақсад – уларни вилоятга олиб келиш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш.

Маълумотларга кўра, вилоят тиббиёт муассасаларида қарийб 4 минг 700 штат бирлиги мавжуд бўлиб, айни пайтда 860 дан ортиқ иш ўринлари бўш. Мавжуд ваканциянинг 60 фоизини тор доирадаги мутахассислик ташкил этади.

Сессияда маълум қилинишича, вилоятнинг ҳар бир ҳудудига тиббиётни ривожлантириш учун ажратилиши режалаштирилган маблағга қўшимча равишда, ўша ҳудуд маҳаллий бюджетининг орттириб бажарилган қисмидан 10 фоизи ажратилади.

А.Худойқулов, ЎзА​
2 639