Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.12.2017 18:48 Чоп этиш версияси

Тошкент шаҳрида Президентимиз ташаббуси билан Адиблар хиёбони барпо этилмоқда

Тарих гувоҳ: қайсики миллат, халқ илм-фанга, адабиётга, маданиятга, маънавиятга эътибор берса, унинг номи абадиятга, мангуликка муҳрланади.

Буюк аждодимиз – Соҳибқирон Амир Темурнинг бунёдкорлик соҳасидаги тарихий хизматларини, Самарқандни ҳар томонлама равнақ топтиргани, саройлар, масжидлар, мадрасалар, мақбаралар қурдиргани, шаҳар ташқарисида боғ-роғлар ва бўстонлар барпо эттиргани, фан, маданият ва санъат аҳлини ўз ҳомийлигига олиб, уларга иззат-икром кўрсатгани неча асрлардан буён авлодларга буюк маърифатпарварлик намунаси бўлиб келаётган бўлса, ўтган асрнинг 30-йилларида улуғ ижодкорларимиз, зиёлиларимизнинг қатағон қурбонларига айлангани миллатимиз илдизига, келажагига берилган оғир зарба бўлди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, тарихий адолат тикланиши, аждодларимизнинг номи оқланиши, уларнинг маънавий мероси чуқур ўрганилиши баробарида илм-фан, адабиёт, маданият, санъат соҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ижодкор зиёлиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, ёшларнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш борасида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан бу борадаги ишлар янги, юксак босқичга кўтарилди. Соҳалар ривожига оид қатор ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилмоқда. Зеро, бугунги глобаллашув, маданиятларнинг оммавийлашуви даври шуни тақозо этмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек: "Биз мана шу ўта муҳим йўналишдаги ишларимизни бундан кейин ҳам қатъият ва изчиллик билан давом эттирамиз... Нега деганда, адабиёт ва санъатга, маданиятга эътибор – бу аввало халқимизга эътибор, келажагимизга эътибор эканини, буюк шоиримиз Чўлпон айтганидек, адабиёт, маданият яшаса, миллат яшаши мумкинлигини унутишга бизнинг асло ҳаққимиз йўқ".

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 18 апрелдаги “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилингани адабиётимизга, бу дегани халқимизга, келажагимизга эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Қарорга мувофиқ, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғини халқимиз, авваламбор, ёшларимизнинг маданий-маърифий савиясини юксалтиришга хизмат қиладиган, нафақат юртимиз, балки жаҳоннинг турли мамлакатларидан меҳмонлар ва сайёҳлар ташриф буюрадиган ҳар томонлама гўзал ва бетакрор масканга айлантириш, маънавий ҳаётимизда ўчмас из қолдирган атоқли сўз санъаткорларининг тарихий хотирасини абадийлаштириш мақсадида боғ ҳудудида Адиблар хиёбони барпо этилмоқда.

...Боғ сокин қиш оғушида янаям жозибали ва маҳобатли кўринади. Боққа кираверишда буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг муаззам ҳайкали пойида беихтиёр бир муддат тўхтаб қоламиз. У билан хаёлан суҳбат қуриб, беназир ҳикматларини такрорлаймиз:

“Йигитликда йиғ илмнинг махзани,

Қарилик чоғи сарф қилғил ани”.

“Халойиққа кўрма қилиб бенаво,

Ўзингга раво кўрмаганни раво”.

“Сўзда, Навоий, не десанг чин дегил,

Рост наво нағмага таҳсин дегил”.

Боғ ҳудудида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари авжида. Бу ерда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси учун замонавий, янги бино барпо этилган, ҳудудда жойлашган Ўзбекистон маданияти ва санъати кўргазмаси биноси таъмирланиб, адабий марказ ташкил этилмоқда. Хиёбондаги улуғ адибларимиз – Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова хотираларига бағишлаб ўрнатилган ёдгорлик мажмуалари ёнида Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли олим ва жамоат арбоби Озод Шарафиддинов, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, халқ шоирлари Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаларини барпо этиш, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом ва Зулфия ҳайкалларини хиёбонга кўчириш бўйича амалий ишлар давом эттирилмоқда.

– Адиблар хиёбонини барпо этиш учун 250 ишчи меҳнат қилмоқда, кўплаб техникалар ёрдамидан фойдаланяпмиз, – дейди “Қурилиш бирлашмаси” акциядорлик жамиятига қарашли таъмирлаш-қурилиш бошқармаси иш бошқарувчиси Ўрозбой Азизов. – Ёзувчилар уюшмаси биносининг қурилиш-пардозлаш ишлари деярли якунланди, газ, электр, сув тармоқлари, иситгич ва совутгич тизимларини ўрнатиш, бино ичини жиҳозлаш, хиёбонни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошираяпмиз. Биз мана шундай хайрли ишга ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан фахрланамиз ва Адиблар хиёбонини ижодкорларимиз учун Янги йилга совға қилиш ниятидамиз.

Тасаввурга эрк берамиз: Адиблар хиёбони фойдаланишга топширилган, баҳорнинг илҳомбахш, ёзнинг серзавқ, кузнинг фараҳли, қишнинг сокин кунларида бир гуруҳ ёш ижодкорлар, истеъдодли йигит-қизлар шаҳдам қадамлар билан қайсидир бир анжумангами, тақдимотгами келмоқда. Хушманзара боғнинг гўзаллиги – хиёбондаги турли рангдаги гулу манзарали дарахтлар кўзни қувнатади, таровати кўнгилга ўзгача кайфият бағишлайди. Йўлак бўйлаб кетар экан бу жўшқин қалбли ёш ижодкорлар устоз адибларимизнинг ҳайкаллари пойига гуллар қўяди. Ёшлар устоз адибларнинг ўйчан, синовчан, умидли нигоҳларига қарашга жазм этиб-этмай, минг бир истиҳола билан яна хаёлий суҳбатга берилади.

– Бу улуғ инсонлардай ижодкор бўлиш учун, адабиётда номим қолиши учун нима қилсам бўлади? Халқ, миллат, Ватан ҳақида келажак авлодга ўлмас асарларни ёзиш учун нима қилмоқ керак? – ўйлайди ёшлар ва устоз адибларнинг сермашаққат ва шонли, қувончу ҳасратли умр йўлларини бир-бир кўз олдидан ўтказиб, бугунги озод ва эркин, дориломон кунларга шукрона айтади. Ва “Бунинг учун ижодкор ўз халқини, миллатини, Ватанини чин юракдан севиши, бу муқаддас тушунчаларни қалбида асраб-авайлаши, тинимсиз изланиши, ўзини аямаслиги керак” деган хулосага келади...

Ҳа, Президентимиз ташаббуси билан Адиблар хиёбонининг барпо этилаётгани адабиётимиз ривожи йўлида қўйилган салмоқли қадам сифатида ёзувчи ва шоирларимиз, юзлаб, минглаб иқтидорли ёшларимиз учун том маънода илҳом ва ижод маскани бўлиши, адабиётга, миллатга, бутун инсониятга хизмат қиладиган ҳали кўплаб асарларнинг дунёга келишига замин яратиши шубҳасиз.

Байрам Айтмуродов, ЎзА
1 785






Все о погоде - Pogoda.uz