ЎзА Ўзбек

12.08.2019 Чоп этиш версияси

"Тошкент дурдоналари" мобил иловаси ишга тушди

"Тошкент дурдоналари" мобил иловаси ишга тушди

Ўзбекистонда жуда кўп маданий бойликлар, тарихий ёдгорликлар, жаҳон цивилизацияси дурдоналари мавжуд. Бироқ, чет тилларда улар ҳақида маълумотлар нисбатан камроқ. 

“Ўзбекистон-Германия” дўстлик жамияти янги лойиҳани амалга оширмоқда. Унинг доирасида “Тошкент дурдоналари (маълумотнома)” мобил иловаси яратилиб, ишга туширилди. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг гранти ҳисобига амалга оширилди. 

“Ўзбекистон-Германия” дўстлик жамиятидан маълумот беришларича, мобил илова ўзбек, рус ва немис тилларида бўлиб, хорижлик меҳмонларни Тошкент шаҳрининг бой тарихий, маданий бойликлари ҳамда машҳур меъморий ёдгорликлари, диний обидалари, музейлари ва театрлари билан таништириш мақсадида яратилган. Дастур нафақат хорижлик сайёҳлар, балки Тошкентни сайр қилмоқчи бўлган ҳар бир киши учун фойдали бўлади. 

Дастур андроид тизимидаги мобил қурилмаларда ишлашга мўлжалланган бўлиб, осон юкланади. Ундан фойдаланишда эса интернетга уланиш талаб этилмайди. Илова бепул ҳамда асосий объектлар ҳақида зарурий маълумотларни тез топишга мўлжалланган.

7 171
ЎзА