ЎзА Ўзбек

13.08.2019 14:15 Чоп этиш версияси

Тошкент дарвозаларининг олтин калитлари

Тошкент дарвозаларининг олтин калитлари

Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!

Тошкентнинг бундан бир минг икки юз йил муқаддам қурилган машҳур кўҳна дарвозалари асл ҳолида қайтадан тикланадиган бўлди.

Кўҳна Тошкент баланд, қалин ва пишиқ лойдан урилган мустаҳкам пахса деворлари билан ўралган бўлган. Афсуски, Бухоро, Хива, Самарқанддаги Садди Искандарий деворлари каби бу пахса деворлар бизгача етиб келмаган. Вақт ўтиши билан пойтахтнинг аҳолиси кўпайиб, ҳудуди кенгайиб борган. Атроф-муҳит янгича қиёфа касб эта бошлаган. Бир вақтлар қовун-тарвуз экиб, боғдорчилик қилган қалъа атрофидаги чорбоғлар ҳозир шаҳарнинг ичида қолиб, пойтахт ва шаҳар атрофи туманларига айланган.

Шошкент шаҳрини ўраб турган айланма деворларига мустаҳкам ёғочдан ясалган 12 дарвоза ўрнатилган бўлган. Пойтахтимизнинг охирги сақланиб қолган дарвозаси тарихий манбаларда қайд қилинишича, 1890 йилда қалъа деворлари билан бирга бузиб ташланган. 12 дарвозани ҳар бирининг биттадан, жами 12 та калити бўлган. Калитларнинг дарвозаларни очиб ёпишидан ташқари рамзий юки, маъно-мазмуни ҳам бўлган. Қадимги дарвозалар ҳозирги божхона, чегара вазифаларини бажарган. Душман тўсатдан бостириб киришидан асраган. 

Олой тоғлари ортидан қуёшнинг заррин нурлари тушиши билан шаҳар дарвозалари очилиб, кун ботиб, қоронғу тушиши билан улар қулфланган. Кечалари соқчилар ялтираб турган қиличлари, учи ўткир ўқ-ёйлари, бешотар милтиқлари билан шаҳар аҳолиси осойишталигини таъминлаган.

photo5375204468217457349.jpg

Тошкент дарвозаларининг калитлари олтиндан қуйилган. Ҳар бир калитда тегишли дарвоза номи ва ясалган йили ёзилган. 1865 йил июнь ойида Тошкент Россия империяси томонидан босиб олингандан кейин, 12 та дарвозанинг рамзий олтин калити ясалиб, рус генерал-губернатори Михаил Черняевга топширилган. Калитлар Санкт-Петербургга олиб кетилган. Бу калитлар дарвозаларни очувчи ҳақиқий темир калитлардан анча кичик бўлган. Улар Петербургда 1917 йилгача Россия империяси, ундан кейин шўролар ҳукумати қарамоғида бўлган. 1933 йил 14 июнда Тошкент дарвозаларининг рамзий калитлари Ўзбекистонга қайтариб берилган. Улардан бири ҳозир Ўзбекистон тарихи давлат музейида кўргазмага қўйилган, қолган 11 таси ҳам мамлакатимизда сақланмоқда.

Одатда биз 7, 9, 40 рақамларининг маъно-мазмунлари ҳақида эшитганмиз. 12 рақамининг тарифу тавсифлари, хосияту хусусиятларини қидирганимизда шу нарса маълум бўлдики, 12 рақамлар тили билан гапирганда – кучни, қудратни, ҳақиқатни англатар экан.

photo5375217134076013241.jpg

Йилнинг – ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сунбула, мезон, ақраб, қавс, жадий, далв, ҳут каби 12 буржи бор. Уларнинг ҳар бири ерда бўладиган тинчлик ва осойишталикни, инсон тақдирида содир бўладиган воқеа-ҳодисаларни, киши феълу атворини англатиб, маълум маънода инсон тақдирига ҳам таъсир қилади, дейишади.

Тянь-Шань тоғлари томонидан Буюк ипак йўли бўйлаб келадиган туя карвонлари йўлида жойлашган Шош қалъаси аҳолисининг осойишталигини қоронғу кечаларда жасур паҳлавон қоровул-миршаблар аввал қиличлари, ўқ-ёйлари, кейин бешотар милтиқлари, айланма девор бурчакларидаги замбараклари билан ҳимоя қилишган. Ҳар бир дарвозанинг йўналишига қараб: Лабзак, Тахтапул, Қорасарой, Сағбон, Чиғатой, Кўкча, Самарқанд, Камолон, Бешоғоч, Коймас, Қўқон, Қошғар каби 12 даҳа номлари берилган. Улар “Самарқанд дарвоза”, “Чиғатой дарвоза” деб юритилган. Тошкент қалъасининг дарвозалари мустаҳкам, қаттиқ қарағай дарахтидан тайёрланиб, болға билан ишлов берилган қалин пўлат билан қопланган. Дарвозанинг соқчиси, дарвозабони, унинг ёнида закотчи (солиқчи)си бўлган. 1865 йилги маълумотлар бўйича қальа чегара деворларининг узунлиги 25 километр бўлиб шаҳарни 30 минг ҳарбий соқчи қўриқлаган.

photo5375217134076013242.jpg

Нега Тошкент дарвозалари томонларга қараб 4 та, ёки 7 та эмас, айни 12 та бўлган, бу тасодифми ёки унда қандайдир бир қонуният борми? Қуёшнинг йиллик ҳаракати йўлида босиб ўтадиган юлдузлар туркуми – буржи 12 та юлдуздан иборат. Шу билан боғлиқ инсоннинг 12 мучали, йилнинг 12 ойи бор. Маълумотларга қараганда, Европа Иттифоқининг байроғида ҳам 12 та юлдуз доира шаклида қилиб тасвирланган. АҚШнинг давлат муҳрида ҳам доира шаклидаги 12 юлдуз, айлана марказида яна битта юлдузнинг тасвири туширилган. Ўзбекистон давлат байроғида ҳам 12 та юлдуз мавжуд. Бу санашни узоқ давом эттириш мумкин.

Соҳибқирон Амир Темур “Темур тузуклари“ битикларида ёзиши бўйича, дину шариат ишлари тузукини тартибга келтираётганида, Пиридан келган бир хатни эслайди: “Сен ҳамиша ҳушёр ва эҳтиёткор бўл, токи вазирлар, лашкарбошилар, амалдорлар, иш юритувчилар, сипоҳсолорлардан ҳеч бири ўз мартабаси чегарасидан чиқмасун ва доимо сенинг ҳукмингни кутиб туришсун.

Уларга қанча кўп муҳаббат билдирсанг ҳам, уни исроф деб ўйлама, чунки қайси иш худо йўлида бўлса, унда исроф йўқдир. Ўн икки тоифа билан давлатингга зийнат бериб, шулар билан салтанат қургил...“ 

...Салтанатимни ўн икки тоифадаги кишилар билан мустаҳкамладим. Ўн икки тоифа – ҳар мамлакат ва диёр саёҳатчиларию мусофирларининг бошини силадим.

Салтанатим мартабаси бўлмиш тўра-тузуклар ва қонун-қоидаларни ҳам шу ўн икки тоифага боғлаб туздим. Бу ўн икки тоифани салтанатим фалакининг ўн икки буржи ва давлатим корхонасининг ўн икки ойи деб ҳисобладим, деб ёзади, Тузукларида...

photo5375217134076013243.jpg

Президентимизнинг Республика байналмилал маданият маркази ташкил топганининг 25 йиллигига бағишланган учрашувдаги нутқида (2017 йил 24 январь) Бобур кўчаси ёнидаги маданият ва истироҳат паркини “Дўстлик боғи” деб атаб, мазкур парк ҳудудида Ўзбекистонда истиқомат қилаётган барча халқлар, миллат ва элатларнинг ўзига хос маданияти, урф-одати, маданий анъаналарини намойиш қиладиган мажмуа лойиҳасини тайёрлаш юзасидан топшириқ берган эди.

Давлат раҳбаримизнинг бу таклифларидан келиб чиқиб Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтимизнинг катта туристик қийматга эга бўлган кўҳна ва замонавий ташқи кўринишини шакллантириш, диди нозик талабчан хорижлик сайёҳлар учун маъқул бўладиган қиёфани яратиш, рамзий дарвозаларини қайта тиклаш бўйича энг яхши таклиф учун танлов эълон қилинган эди.

Пойтахтнинг бир томони Шота Руставели ва иккинчи томони Бобур кўчаларига чиқадиган, Тошкент педагогика университети қаршисидаги маданият ва истироҳат боғи реконструкция қилиниб бу ерда бунёд этиладиган “Дунё дарвозалари” халқаро маданий туристик комплексининг лойиҳаси яратилди. Лойиҳани яратишга таниқли тарихчи археолог олимлар Э. Ртвеладзе, Р. Муминов, М. Филанович жалб этилди. Уларнинг ёрдами, маслаҳати, таклифлари асосида лойиҳа муаллифлари Юрий Тиора, дизайн бўйича консультантлар Гулнора Жалолова билан Жасур Ибрагимовлар Тошкент марказида дам оладиган, ҳордиқ чиқарадиган халқаро маданий туристик комплекснинг лойиҳасини яратдилар.

Комплексда Тошкентнинг 12 дарвозаси барпо этилади. Ёпиқ марказий аквопарк, қишки боғ, амфитеатр, велосипедда юрадиган йўллар, гуллар, манзарали дарахтлар билан ўралган пиёдалар сайр қиладиган яшил йўлаклар, спорт майдонлари, кафе-чойхоналар, болалар майдончалари қурилади. Катта ва кичик ёшдагиларга ахборот-коммуникация технологияларини амалда қўллаш йўл-йўриқларини ўргатадиган махсус заллар ишлаб туради. Спорт маршрутлари ва майдончалари қурилади, велосипед пойгалари ўтказилади.

photo5375409754769304233.jpg

“Жаҳон дарвозалари” мажмуаси қуёшнинг осмондаги 12 бурж бўйлаб айланма ҳаракатининг ер куррасидаги худди шундай ифодаси, акси шаклида бунёд этилади. Мажмуа дунё академик астрономларининг осмон жисмларининг жойлашиш нуқтаси, коинот чегаралари ва фазо талаблари, қонун-қоидаларига тўла жавоб беради.

12 буржнинг ҳар бирига бир-икки гектардан майдон ажратилади. Мажмуа 12 бурж – майдонга бўлинган бўлиб унинг ўртаси шимолий ва жанубий яримшарлар туташган марказий доира шаклида бўлади. 12 майдонда сайёҳлар учун мўлжалланган турк, араб, ҳинду хитой, оврупо, америка ва рус сайёҳлари учун барча қулайликларга эга бўлган жамоат отеллари, меҳмонхоналар, миллий хусусий турар жой бинолари қурилиши кўзда тутилган.

Комплекс инвесторларни, айниқса, сайёҳларни ўзига жалб қиладиган ўзга сайёраликларнинг хаёлий космик кемасига ўхшатиб лойиҳалаштирилган.

Маданият ва истироҳат боғининг қоқ марказида юлдузли бепоён осмон марказидаги Қутб юлдузини англатувчи Тинчлик бонги ўрин эгаллайди.

Шундай қилиб, Тошкентнинг 12 дарвозаси тикланади. Улар тўрт томонга қараган бўлиб, ҳар бири шу йўналишдаги давлатларнинг кўҳна меъморчилик намуналари: Ҳиндистоннинг – Тож Маҳали, машҳур Хитой девори, Миср эҳромлари, Англиянинг баланд бино пештоқидаги Бинг-Бонг соати, Нью-Йоркнинг осмонўпар бинолари, Франциянинг Эйфель минораси тасвирлари ўз аксини топган дарвозалар, карвон йўлларию карвонсаройлар, қудуқларию ҳаётбахш сардобалар билан қад кўтаради.

Чуқур хаёл билан киприклар туташганда беихтиёр кўҳна тарих манзаралари: туяларнинг баланд ўркачларига ўрнатилган, жазирама қуёш нурларидан ҳарир пардалар ортида шоҳона ёғоч айвонларда келаётган шоҳзодаю маликалар, ўткир чавандозлар миниб олган учқур тулпорлар, мол-мулк ортилган от аравалар тақир-туқури ва кўҳна мис, чўён қўнғироқлар жаранги қулоққа чалингандек бўлади. Қорасарой, Тахтапул, Лабзак, Қошғар, Қўқон, Коймас, Бешоғач, Комолон, Самарқанд, Кўкча, Чиғатай, Сағбан дарвозаларидан ўтиб бораётган карвонлар каби кўҳна тарих манзаралари кўз олдингизда намоён бўлади.

Қурилишнинг катта лойиҳасида режалаштирилаётган жамоат отелларида Тошкентга ташриф буюрган хорижлик меҳмонлардан ким қайси буржда дунёга келган бўлса ўша бурждаги ўзига маъқул бўлган уй-жойда, хонада ёки хусусий меҳмон уйида, Тошкентнинг юлдузларга тўла осмони остида тунаши мумкин.

Савдо-кўнгилочар маркази ҳам осмондаги Қутб юлдузига ўхшатиб лойиҳалаштирилган. Ҳозирнинг ўзида лойиҳачилар 25 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция топишди. Ушбу марказ жаҳон талабларига тўла жавоб берадиган дунёдаги йирик кўнгилочар сайёҳлик комплексларидан бирига айланиши кўзда тутилмоқда.

Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ, ЎзА
12 066