ЎзА Ўзбек

03.07.2020 Чоп этиш версияси

Топталган номлар ва муборак исмлар: бу ҳолат охир-оқибат нимага олиб келади?

Топталган номлар ва муборак исмлар: бу ҳолат охир-оқибат нимага олиб келади?

Ҳар қандай ёзув инсон тафаккурига таъсир кўрсатади. Агар ёзув давлат тилида, адабий тил қоидаларига мос ёзилган бўлса, ижобий таъсир қилади, давлат тили қоидалари бузиб ёзилган матн эса салбий таъсир кучига эга бўлади. Масалан, жамоат транспортидаги ёзувлар: йўналиш номи, бекатларнинг номланиши ва шу каби маълумотлар давлат тилида бўлиши шарт. Акс ҳолда, Кибрай, Чирчик, Газалкент, Куйлюк, Коканд шаклидаги ёзувларни ҳар куни кўравериб, кўзи пишиб кетган йўловчида «демак, мана шу ёзувлар тўғри ёзилган экан» деган тасаввур шаклланиб қолади ёки дўконлардаги ёзувлар: бўлимлар, савдо ёрлиқлари, нархномаларнинг давлат тилида ёзилиши жуда муҳим. Масалан, мясо (гўшт), говядина (мол гўшти), баранина (қўй гўшти), фарш (қийма), росто (суяксиз гўшт) ва бошқа шу сингари ёзувлар ҳар сонияда минглаб кишиларнинг назарига тушади. Бу эса давлат тили ҳақидаги қонунга риоя қилмаслик, яъни ҳуқуқий маданият, миллий ғурур ва ифтихор етишмаслигидан дарак беради.

Ачинарлиси, исм-шарифимиз ФҲДЁ органларида қандай, масалан хато ёзилган бўлса, шундай ёзишга мажбурмиз. Чунки расмий ҳужжатларда туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва фуқаролик паспорти билан бир хил ёзилиши талаб этилади. Буларнинг ҳаммаси туғилганлик ҳақидаги гувоҳномадан бошланади: Иркин, Иргаш, Алим, Джура, Дилфуза, Хаджаев, Хаджиев каби ёзув шакллари ҳужжатдан ҳужжатга кўчиб ўтаверади. Масалан, Ядгаров Тулкун Гафурович сингари ёзилган исм-шарифли фуқаронинг фарзанд­лари энди Тулкунов(а) деб ёзиладими? Хўш, бу ҳолат охир-оқибат нимага олиб келади? Табиийки, имло саводхонлигига путур етади, муборак исмларимиз топталади, миллий ғурурдан мосуво бўламиз.

Фуқаролар исм-шарифидаги хатони тўғрилаш ёки уни ўзгартириш учун нима қилиши керак?

– Ўн олти ёшга тўлмаган боланинг туғилганлик ҳақидаги далолатномаси ёзувига ўзгартиш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш ота-онасининг биргаликдаги ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг аризаси орқали амалга оширилади, – дейди Тошкент вилояти Қибрай тумани ФҲДЁ бўлими инс­пектори Дилноза Акрамхўжаева. – Агар шахс исмига хон, бек, биби сингари, ота исмини ёзишда евич, ович, ўғли, қизи, зода ва бошқа қўшимчаларни киритишни ёки олиб ташлашни истаса, бу унинг ёшидан қатъи назар, далолатнома ёзувига қўшимча киритиш йўли билан бажарилади. Ўн ёшга тўлган боланинг исм-шарифини ўзгартиришга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади. Боланинг розилиги ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс­лар томонидан берилган аризада унинг шахсий имзоси билан ифодаланади. Бунинг учун туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг асл нусхаси, ота-онасининг пас­порт нусхалари, никоҳ гувоҳномаси, туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувидан кўчирма (агар ФҲДЁ бўлимида мавжуд бўлмаса) талаб этилади. Шундан сўнг бир ҳафта мобайнида фуқароларга жавоб берилади.

Исм-шарифларни ўзгартириш учун баъзида шахс­ни тасдиқловчи ҳужжат – пас­портда ота-онасининг исмлари баъзи фарзанд­ларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларида тўғри, айримларида эса хато бўлиши мумкин. Пас­порт алмаштиришда юзага келган хатолик болаларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларида ҳам намоён бўлади.

Уни ўзгартиришга бир неча ўнлаб ҳужжатлар, уларнинг асл нусха эканлигини тасдиқлаш учун ўнлаб идоралардан маълумотномалар олиш учун бир неча кунлаб вақтингиз кетади. Бюрократия тўсиғига дуч келасиз. Наҳотки, фамилия, исмимиздаги икки ёки учта ҳарфни ўзгартириш учун шунча оворагарчилик зарур бўлса? Кўп соҳаларда енгиллик бўлаётган бир пайтда, балки шу муаммони ФҲДЁ органлари орқали жойида ҳал этиш вақти келмадими?

Бугунги кунда Президентимиз ташаббуси билан пенсия­га чиқиш тартибининг соддалаштирилганидан кексаларимиз мамнун. Нотариусда кўчмас мулк, хусусан, уйларнинг олди-сотди шартномаси учун олдингидек ўнлаб ташкилотларга бориб, бир дунё ҳужжатлар йиғиш, оворагарчилик, қоғозбоз­ликка чек қўйилди. Уйдан чиқмасдан туриб онлайн кредит олиш ва бошқа кўплаб қулайликлар яратилаётганидан аҳоли хурсанд.

Техника ва ахборот-коммуникациялари ривожланган бир пайтда, фуқароларнинг паспортларидаги мавжуд хатоларни тўғрилаш ёки исм-шарифларни ўзгартириш учун қулайликлар яратилса, нур устига аъло нур бўлар эди.

Юқорида келтирилган камчилик­ларни бартараф этишдан ташқари, бугунги кунда давлат тилини ривож­лантириш соҳасида кўплаб ташкилий-амалий чора-тадбирлар кўриш зарур. Бунинг учун, аввало, ҳар бир ташкилот раҳбари ва масъул ходимлари давлат тилида саводли гапира олиш ва ёзиш малакасини эгаллаш керак.

Эътибор қаратишимиз лозим бўлган яна бир жиҳат, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг барча каналларидаги ёзувлар назорат қилиниши, кўрсатувларга ном танлашда миллий манфаат ҳисобга олиниши – «Hi-Tech», «Top retsept», «Скетч-шоу», «Реал хит», «Toshkent live», «Zamon live», «Телеинтернет оригинал» каби номлардан воз кечилиши лозим. Агар телекўрсатувларда саводсизликка йўл қўйилса, бу миллионлаб телетомошабинларнинг саводхонлигига салбий таъсир кўрсатади.

Ўзбек тилида кўча, майдон, меҳмонхона номлари, жамоат транспортидаги ёзувлар, савдо шохобчаларидаги ёзув билан боғлиқ амалиёт, реклама матнлари, ҳар бир ташкилот (фирма) номининг ўзбек тилида тўғри ёзилиши ҳам назоратга олиниши лозим. Чунки тўғри берилган ҳар бир ном ва унинг ёзилиши ўзбек адабий тили манфаати нуқтаи назаридан ҳал қилинади.

Шунингдек, ўзбек тили, адабиёти, нутқ маданияти билан мунтазам шуғулланаётган олимлар, мутахассислар, она тилимизни тарғиб этиб келаётган шахс­лар «Ўзбек тили байрами куни»да рағбатлантириб борилиши ҳам давлат тили нуфузининг ошишида муҳим ўрин тутади.

Шерзод АБДУСАМАДОВ
Манба: postda.uz

7 856
ЎзА