ЎзА Ўзбек

26.03.2019 Чоп этиш версияси

Томошабинларни мафтун этаётган санъат

Томошабинларни мафтун этаётган санъат Ўзбек Миллий академик драма театрида 27 март – Халқаро театр куни муносабати билан уюштирилган ”Театр томошалари ҳафталиги” якунларига бағишланган тадбир ташкил этилди.

Маданият вазири ўринбосари К.Оқилова ва бошқалар мамлакатимизда театр санъати ривожига кўрсатилаётган эътибор ижодкорларни янада кўпроқ изланиш, одамлар кўнглидан ўрин оладиган саҳна асарларини яратишга чорлаётганини таъкидлади.

Аслида турли хайрия акциялари, маърифий тадбирларни ўтказиш юртимиз театр жамоалари фаолиятида устувор ўрин эгаллайди. Жумладан, 2018 йил мобайнида театрлар мингдан ортиқ турли тадбирлар ўтказгани, Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатлар, меҳнат жамоалари, юртимизнинг олис ҳудудларида ранг-баранг спектакллар намойиш этгани эътиборга молик. Шу билан бирга, мамлакатимиз театр жамоалари хорижий фестивалларда бир неча бор юқори ўринларга сазовор бўлди.

Ҳафталик доирасида Маданият вазирлиги томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрига ”Энг яхши спектакль декорацияси”, Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театрига ”Энг яхши спектакль либослари” номинациялари бўйича 1-ўрин берилди. Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри, Самарқанд вилояти мусиқали драма театри, Самарқанд вилояти рус драма театри, Сурхондарё вилояти қўғирчоқ театри, Самарқанд вилояти қўғирчоқ театри ”Энг яхши кўргазма ташкил этган театр” номинациялари ғолиби бўлди.

Тадбирда декорация усталари, рассомлар, чироқ усталари, театрга нафи теккан кўплаб бошқа фидойи ходимлар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

5 995
Назокат Усмонова, ЎзА