ЎзА Ўзбек

27.06.2018 15:58 Чоп этиш версияси

Ўтирик гаплар эмас...

«Ҳар гал янги нимадир ёзганингизда бир гапларни айтдим-ов, деб ўйлайсиз ўзингизча. Лекин, бари – денгиздан томчи. Дилдагисини умрнинг охиригача айтиб адо қилиб бўлмас! Муҳим гапни айтиш учун аввало, кўнгилда шундай гап бўлиши керак».

Фикр муаллифи – ёзувчи Эркин Аъзам. Назаримда ёзувчининг ушбу фикрларидан унинг ижодга катта масъулият билан ёндашиши яққол кўриниб туради. Биз ана шу руҳиятни, шу кайфиятни ёзувчининг ҳар бир асарида кўрамиз.

«Дўрмон асири»

Ёзувчи Шукур Холмирзаевни замондошлари, тенгдошлари, шогирдлари кўп эслайди. «Шукур Холмирзаев замондошлари хотирасида» номли китоб ҳам чоп этилган. Китобда юзга яқин адиблар, ижодкорлар, фан арбоблари ва санъат кишиларининг ёзувчи ҳақидаги илиқ гаплари, у билан боғлиқ воқеалар баён этилган.

Эркин Аъзам хотираларини «Дўрмон асири» деб номлади ва ҳеч кимникига ўхшамаган, лекин Шукур Холмирзаевга бироз эргашиброқ (услуби ўхшаброқ кетади) ёзди. Соғинчини билдириб қўйди. Хотира хулосага ўхшаб кетади. Менга ҳикояни эслатди. Сиз асарни мутолаа қилар экансиз, худди Эркин Аъзамдек Шукур Холмирзаевнинг яқин кишисига айланасиз, унга нисбатан илиқ меҳрни туясиз, соғинасиз. Бундай туйғуни ҳис этиш Шукур Холмирзаевнинг самимий, фидоий инсон бўлганлигиданми ёки Эркин Аъзамнинг ёзиш услуби ва маҳоратиданмикан? Шукур Холмирзаев бундан ҳам ортиғига лойиқлигини адабиёт аҳли яхши билади. Лекин «Дўрмон асири»нинг ютуғи – муаллифнинг маҳорати, бетакрор ижоди маҳсули. У шунчаки ёзувчини эсламади, шунчаки у билан замондош бўлганини айтиб бермади. У юракдан, қалбдан устозини соғинди, ёд этди. Йўқотишларидан куюнди, ютуғидан суюнди. Нимани айтган бўлса, юракдан айтди, борини гапирди. Ортиқча пафосга, сунъий танқидга берилмади. Биз ўқиганларимизни ёзмади, кўнглидан ўтказди, хаёлот дунёсига чўкди. Қарабсизки, хотиралар ўз-ўзидан қоғозга кўчиб, «Дўрмон асири»га айланди. Назаримда, худди шу тарзда фақат Эркин Аъзам ёзиши мумкин:

«Шукур ака ҳақидаги баъзи хотираларни ўқиб, рости, кулгим келади, «Йўқ, йўқ, бунақа эмас эди», дегим келади». «Бугун лўндароқ қилиб бундай дейиш мумкин: Шукур Холмирзаев ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ўзига хос ноёб ҳодиса эди!»

Унинг қарашларида доимгидек фалсафийлик, теран фикрлилик, мулоҳазавийлик бор:

«Ўзбек бўлиб туғилиш мумкин, аммо ростакамига ўзбек бўлиб яшамоқ осон иш эмас».

У ёзувчи ҳақида эмас, ёзувчининг қалби ҳақида ёзади, борини айтади ва ўз қалбини ҳам очиб қўяди:

«Шукур аканинг назарида, ҳаётда энг қудратли моҳият – адабиёт, жамиятдаги энг зўр одам – ёзувчи эди. Адабиётга ғайриоддий бир қизғаниш билан қарар, уни баайни норасмий мулкидек кўрар, унга даъвогарларга муносабатда ҳам гоҳо ўта муросасиз эди».

Қуруқ сўзамолликдан, сўз ўйинидан қочади. Ўхшатишларнинг нақдини топади:

«Ёзганларини ҳеч ким ўқимаслиги»га, ўн-ўн беш йиллардан бери биронта ҳам китоби чоп этилмаганига қарамай, Шукур ака болалигида яхши кўрган қаҳрамони Робинзон Крузо мисол, кимсасиз Дўрмон боғида ўтириб, қиссаю ҳикояларини ёзаверади. ...наср майдонида Шукур ака ростдан ҳам Робинзон Крузога ўхшаб ёлғизланиброқ қолган эди".

Ёзувчи ўйларини шундай хулосалайди:

«Хотиранома ёзиш шавқига берилиб, бу дунёда битган ҳар бир сўзингизга жавоб бермоқ азоби бор! Қўрқиблар кетасиз, ўтирик гаплар тўқиган қаламни ўшанда синдириб ташламаганингизга пушаймонлар қиласиз. Ана шунисидан сақласин!

Уят, хижолатлилик деган гаплар фақат бу дунёнинг матоҳи эмасдир...»

«Хотира» журналистик жанр, лекин биз юқорида айтиб ўтганимиз ҳикоядек ўқилади. Тили тоза, ёзувчи сўзларни ўз ўрнида қўллайди, сўз танлашда адашмайди, сўз исрофгарчилигига йўл қўймайди. Киноявийлик, аниқлик, лўндаликка эътибор қаратади. Рост гапиришни яхши кўради. Қисқа, лекин соз ёзади. Биз эътиборингизни бошқа унсурларга эмас, ёзиш услубига қаратдик.

«Мени ёзибди»

Энди адибнинг яна бир мақоласи ҳақида...

«Академик Қўшжоновнинг «Устоз»и ким, биласизми? Ўйланиб қолдингиз... майли, унда сиз «Шу одам ўзгармади»; "Ҳа ўша-ўша, ..ака! Адабиёту матбуотнинг чин фидойиси. Китоб жинниси, ёш ижодкорларга отадек ғамхўр. Гоҳо биров ярмидан даҳо ясамоққа ҳам киришиб кетади. Бу борада бир-икки сира муродига етди ҳам"; "Ҳаммага лақаб қўйиб чиққан: кимдир "Шукшин", яна кимдир "Айтматов". "Ҳа, Шукшиним, деб бошлайди кўрганда"; "Бирон бир адабий ҳодиса бу одамни четлаб ўтмаган, десак муболаға бўлмас. Бирига муҳаррирлик қилган, бирига мураббийлик, яна бирига тақриз ёзган ёки куйиб-пишиб фикр билдирган, таклиф айтган. Матёқуб Қўшжоновдек аллома бекорга уни "устозим" деб атамасди. Бу лутфда ҳазилдан бошқа бир маъно ҳам бор эди" каби таърифларга эътибор қилинг: (Адашмадингиз, сиз таниган, билган) таҳрир санъати устаси, таҳрир мактаби асосчиларидан бири бу ўша – Маҳмуд Саъдий.

Ўхшатишлар, иборалар, фикрлар ўз ўрнида қўлланганки, буниси нотўғри ёки буниси сал тўқимароқ дея олмайсиз. Ҳар бир гап ўз ўрнида, ўз вақтида қўлланган. Ҳеч бири бўрттирилган ёки ёлғон эмас. Хўш энди бу фикрлар муаллифи ким экан-а? Ким айтди экан бу гапларни, очиқ-ойдин. На бир илтифотсиз, на бир қўшиб-чатишларсиз, нима бўлса, фақат борини. Услубнинг равонлиги, бошқаларга ўхшамаслиги сизга кимнидир эслатдими? Бу инсон Маҳмуд Саъдий деса, ўттиз йиллар бурун машҳур "Гулистон" журналида бирга ишлаган даврлари ёдга тушадиган Эркин Аъзам. Унинг хотирасида гавдаланади: "Аксарият кечки палла, тўрт киши бемалол айланолмайдиган торгина хона, тепасида ҳали ҳеч кимга нотаниш бир тўп ҳаваскор қаламкаш, Маҳмуд ака ўтириб олиб адабий "ликбез" ўтказаяпти. Устознинг дангал-дангал ҳукмларидан ёшлар ҳангу манг: адабиётда аллақачон ном қозониб улгурган фалон-фалон арбоблар, аслида ёзувчи-позувчи эмас экан-ку, қаранг-а!"

Эркин Аъзам, ўзи айтганидек, қисқаликни яхши кўради. Қисқа, лекин соз ёзади. Ўзига хос услубга эга десак, нотўғри бўлмайди. Тўқима образлардан кўра, реал нарсани ёзишни одат қилган. Бу эса ўқувчининг унга бўлган ишончини, қизиқишини янада оширади. Ҳақиқатни айтишда кесатиқ, бироз юмор, ҳазил ва аччиқ гаплардан ҳам фойдаланади. Бу ҳам унинг ютуғи. "Бизнинг ҳам иягимизга отасоқол битганига кўп замон бўлди, бироқ, Маҳмуд ака ҳаммамизни, биз тенги барчани бирдай сенсираб гапиради – яқин олади-да".

Эркин Аъзам ҳаётни кузатади, инсон руҳиятини синчковлик билан ўрганади, шунинг учун ҳам унинг ёзганларини ўқиб бехосдан "Ўҳ, топибди", "Мени ёзибди" деб ўйлайсиз. Воқеа-ҳодисага, нимагадир ёки кимгадир муносабатда, албатта ўз фикрига эга ва бу ёзганларида ҳам кўриниб туради: "Ҳали-ҳануз ҳар учрашганда безор қилиб, аллақайлар учун ҳикоя ёзиб беришни қистайди. Адабиёт, адабий жараён, деганлари қизиқ, сирли жумбоқ. Гоҳида ёстиқдек-ёстиқдек китоб ёзган мулаллифларнинг номи ҳадемай унутилиб кетади. Шу жараёнга фаол аралашган, бирон ижодкор ёки асарнинг рўёбга чиқишида жонкуярлик қилган кишилар эса кўп замонлар эслаб юрилади. Маҳмуд Саъдий кейинги қирқ-эллик йиллик адабиётимизнинг, адабий жараённинг жонли гувоҳи, жўшқин иштирокчиси". 

Эркин Аъзам услуби ўзига хос ноодатий, ноанъанавий. У ўқувчини зериктиришни, меъдасига тегишни, вақтини олишни истамайди. Гапнинг индаллосини айтади-қўяди. Биз таҳлил қилаётган асарни "Шу одам ўзгармади" дея мулоҳазадан бошлаган эдик. "Насиб этса, Маҳмуд ака саксон ёшга кирганида ҳам мен у киши ҳақида ёзарман. Лекин аминманки, мана шу ёзилганлардан бирор сўз ўзгармаса керак" деган тилак билан тугаллайди.

"Муҳаррир кўзи"

Эркин Аъзамнинг муҳаррирлик фаолияти бевосита "Тафаккур" журнали билан боғлиқ. Мана салкам чорак аср давомида ушбу журналда бош муҳаррир лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Бир суҳбатда ижодкор "Тафаккур" ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб қолганию, умрининг асосий қисми у билан кечганини айтиб ўтган эди. Ижодкор "Журналдан ҳеч қачон кўнглим тўлмаган. Камчиликлар кўп, лекин камчилигиям ўзимники. "Тафаккур" ўзимнинг болам" – деган эди.

Университетнинг сўнги босқичида ўқиб юрган кезларим (2011 йилнинг апрель ойида) устозим билан "Тафаккур" таҳририятига борганим кечагидек эсимда. Бизни у ерда очиқ чеҳра билан журнал ходимлари ва муҳаррир Эркин Аъзам кутиб олди. Унчалик катта бўлмаган, лекин илиқ бир меҳр, ўзгача файз бор ушбу даргоҳда муҳаррир суҳбатидан баҳраманд бўлдик. Бир пиёла чой устида кечган суҳбатимиз асосан адабиёт, ижод, адабий жараёндаги янгиликлар хусусида эди. Мавзудан чекинган ҳолда ижодкорнинг муҳаррирлик фаолияти билан ҳам қизиқдик.

Очиғи, устозим ёзувчи билан учраштираман деганида менда қўрқув аралаш ҳаяжон бор эди. Шу сабабданми, учрашув белгиланган биринчи кунни ёлғон баҳоналарим сабаб бекор қилдик. Шогирдларига ҳеч ҳам қаттиқ гапирмаган, бир сўзли, бугунги ишни эртага қўймайдиган Маҳмуд Саъдийнинг бу ҳолдан жаҳли чиққанини сездим. Домламни хижолатга қўйиб, эртаси куни "Тафаккур"га йўл олдик.

Хайриятки, муҳаррир кечаги учрашув бекор бўлганини эсламади ҳам, ҳатто гап орасида қистириб ҳам ўтмади. Ижодкорнинг яна муҳим учрашувлари борлигини котиба қизнинг сўзларидан билиш мумкин эди. Мен эса шундай дилкаш, инсонларнинг суҳбатидан мамнун эдим. Суҳбат сўнгида ижодкордан "Тафаккур"нинг концепцияси, умуман журнал ҳақида батафсилроқ гапириб беришини сўрадик. Муҳаррир гўё фарзанди, жонли бир нарса ҳақида сўзлагандек, гапида давом этди. Журнални ташкил этиш пайтларини эслади. Унинг айтишича, "Тафаккур" асосан ёшларга қаратилган, ижтимоий-фалсафий, маънавий-маърифий, рангли безакли журнал. Журнал ташкил этиш тўғрисида буйруқ бор лекин, у қайси йўнилишда, қай кўринишда бўлади, бу номаълум. Шунда Эркин Аъзам жаҳоннинг етакчи журналларини, ўзимизнинг миллий матбуотимиз саҳифаларини ўрганишга киришиб кетади, журналнинг кўриниши, бичими, хуллас у ўз ўқувчисини топиши учун нима қилиш кераклиги тўғрисида бош қотиради, изланади, елади-югуради. Натижада журнал илм аҳли ва зиёлилар ўртасида катта шов-шувга сабаб бўлади. Узоқ йилар ушбу журналнинг ҳар бир сони чиқишига бош-қош бўлиб келаётган, унда бериладиган барча материалларни синчковлик билан кўздан кечириб, ўқувчиларга тақдим этаётган муҳаррир илк саҳифа орқали ўз сўзини ҳам айтиб келмоқда. Муҳаррир журнал саҳифаларини янгилаб туриш ва ўқишли бўлиши кераклигини ўйларди, лекин қандай қилиб? Шу хаёлда юрган кезлари бир ижодкор дўсти – Фарҳод Ҳамроевнинг гапи унга туртки, баҳона бўлди. 2001-2010 йиллар мобайнида илк саҳифада муҳаррирнинг қисқа, лекин маънодор, замоннинг долзарб масалалари, ижодкорнинг ўйлари, фикр-мулоҳазалари чоп этилиб келинди. Долзарб, сермазмун, мулоҳазали, шов-шувга сабаб бўладиган мақолалар ўз самарасини бермай қолмади. Айниқса, унинг илк сонлари адабиёт, аҳли илм учун катта янгилик, унутилмас воқеа эди.

Муҳаррирлик фаолияти ўта масъулиятли: кучли билим, малака, синчковлик, бағрикенглик талаб қилади. Ҳар бир соҳа бўйича мустаҳкам билимга эга бўлиш жуда ҳам қийин. Аммо муҳаррир ушбу билимлар бўйича ҳеч бўлмаганда тасаввурга эга бўлиши керак. У ўз нашрида бериладиган ҳар бир материал учун масъул. Шу сабабданми, Эркин Аъзам "муҳаррир кўзи" бўлиши керак, шунда ўқувчилар олдида хижолатга қолмай, улар ишончини оқлаш мумкин деб ҳисоблайди.

Узоқ йиллар ана шу масъулиятни ҳис этиб, астойдил фаолият олиб бораётган Эркин Аъзам бош муҳаррирлигидаги "Тафаккур" таҳририяти жамоаси меҳнати эътироф этилди. Журнал саҳифаларида чоп этилган истиқлол йилларида мамлакатимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида юз берган улкан янгиланишларни жамоатчиликка кенг тарғиб этган туркум материаллар учун жорий йил журналистика соҳасида бериладиган "Олтин қалам" XII Миллий мукофоти халқаро танловида Журналистика соҳасида Бош миллий мукофот берилди.

"Фиқра"ми ёки "иқра?"

Эркин Аъзам "Тафаккур" журналининг ҳар бир сонида бош мақола сифатида фиқра (арабча "парча", "бўлак" деган маънони билдиради. Журналистлар журналистик жанр деса, адабиётчилар адабий жанр сифатида қарашади)лар бериб боради. "Шарқ" нашриётида муаллифнинг "Жаннат ўзи қайдадир?" китоби чоп этилган. Унинг асосий қисмини публицистик фиқралар ташкил қилади. Аннотацияда берилган "фиқра" сўзи баъзи англашилмовчиликлар сабабли "иқра" тарзида ёзилган. Муаллифнинг айтишича, у аввал ёзганларини фиқра деб тақдим этмоқчи бўлган. Ҳали бу жанр кўпчиликка нотаниш бўлгани учун "публицистик миниатюралар" номи билан эълон қилган.

Эркин Аъзам фиқралари дастлаб анчайин "енгил" бўлганини кўришимиз мумкин: шунчаки журналнинг бош мақоласидай расмийроқ бўлган. Охирги фиқралари эса тезда кўплаб ўқувчиларнинг эътиборини тортди, меҳрини қозонди. Чунки уларда фиқрага хос бўлган долзарблик, сиқиқлик, дадиллик ва бироз киноявий ёндашув бор эди. "Ялаш бошқа, сийлаш бошқа", "-Ов", "-ов".., "-вич", "-вич".., "Ҳозирийлар" каби бир қанча фиқралари ўқувчилар эътиборига тушди. Ҳатто уларни нима деб аташ муаммога айланди. Мақола деса, мақола эмас. Ҳажвияга ҳам ўхшамайди...

Адиб фиқралари капалак умрига менгзанмайди, аксинча, бадиийлик ва фалсафийликка йўғрилгани учун умри узоқ. Фиқра учун энг кераклиси сўз эркинлигидир. Чунки жанр хусусияти долзарбликни, оригинал ёндашув ва бироз киноявий муносабатни талаб қилади. Эркин Аъзам фиқраларида худди шу жиҳатларни учратиш мумкин. Ижодкор қаламга олган мавзулар ўзининг долзарблиги, ҳаётийлиги билан ажралиб туради. Кўтарилган ҳар бир масала ёзувчининг шахсий кузатувлари, ҳаётий тажрибасидан келиб чиққан бўлиб, улар ўқувчини беихтиёр ўйлашга, мулоҳаза қилишга ундайди. Шуниси аҳамиятлики, уларнинг аксарияти танқидий фикрлардан иборат. Хусусан, "Бой бўлай десангиз", "Уят бўлади", "Санъат кимники?", "Ўзингиз ҳам ўқиганмисиз?", "Андишасиз андишалар" сарлавҳали фиқраларда кўтарилган муаммолар ғоят долзарбдир.

Адибнинг "-Ов", "-ов"... "-вич", "-вич"..." номли фиқрасида тилга олинган мавзу барчани бирдек ўйлантириши табиий. Зеро ёзувчининг ўзи таъкидлагинидек: "...Асар қаҳрамонлари – мана шу теварагимиздаги одамлар, сизу биз, лўндароқ айтсак – замондошларимиз. Уларнинг орасида яхшиси ҳам бор, ёмони ҳам. Дарвоқе ўзимиз шундай эмасми? Бегуноҳ фаришта бўлганимизда осмонларда парвоз қилиб юрармидик..."

Юқорида устоз билан учрашиш бахтига муяссар бўлганимни айтдим. У кишига: Эркин Аъзам асарларининг кўнгилга яқинлиги, халқчиллиги нимада? Айниқса "Сув ёқалаб..." асари. Сиз ушбу воқеаларни айнан бўлмаса-да, бошдан кечиргансиз ёки кузатгансиз, тўғрими, деган саволни берган эдим.

– Менга шундай юқори баҳо берар экансиз... – дея жавоб берганди, ёзувчи.

– Мана қишлоқдан чиқиб кетганимга ҳам 40 йилдан ошди, лекин Бойсуннинг шудрингини, сув бойлашга борганларимни эсдан чиқармаганман. Айтматовнинг "инсонни болалик ёзувчи қилади" деган гапи бор. Воқеаларнинг ҳаммасини айнан бошимдан кечирмаганман, албатта. Бунда кўп рамзий гаплар бор... Кинофильмда ҳаммаси ҳам очиб берилмаган.

Яна шу ўринда ёзувчи билан бир қанча мавзуларда бўлиб ўтган суҳбатлар хотирамда муҳрланиб қолган. Айниқса, онаси, "академик энаси" ҳақидаги меҳрли гурунгларини эсласам ҳамон тўлқинланиб кетаман.

"Жаннат ўзи қайдадир?"

Инсоннинг хаёлот дунёси кенг. Осмонларда парвоз этиши, денгизларда сузиб юриши мумкин. Лекин реал нарсани хаёл сурмоқ, орзу қилмоқ, жамиятдаги иллатлар хусусида бош қотирмоқ мақсадга мувофиқ. Ёзувчи Эркин Аъзамнинг "Жаҳон кенг", "Ватан қандай юксалади" каби фиқралари мудроқ хаёлларингизни уйғотиб юборади. Нима мақсадда яшаяпсизу нима қилишни унутдингиз ёки қай даражада ҳаддан ошиб кетганингиз хусусида бош қотиришга ундайди. Инсонга хос фазилатлар, унинг камчиликлари, жамиятдаги иллатлар, бошқалар илғамайдиган, лекин жуда ҳам аҳамиятли жиҳатлар маҳорат билан қаламга олинган.

"Санъат кимники"" номли фиқрасида "...Санъат деганлари халқни эргаштириши, олдинда юриши керакми ёки майда майлларнинг дастёри бўлиши керакми? Боз устига, ўзи учун асар ёзадиган, ўзи учун кино оладиганлар тоифаси чиқиб қолди", дея бу жараёнга ҳам бефарқ эмаслигини аллақачонлар билдириб қўйган эди. Куюнади, ечим топишга уринади: "Бизнингча, маънавият ва маърифатни шиор қилган жамиятда бевосита нафсу манфаат билан баҳоланмайдиган соҳаларга ҳам ўрин қолиши лозим", дейди.

Яна бир фиқрасида: "Меҳр-мурувват кўз-кўз этилса, миннатга айланади, миннатнинг эса тоши оғир, у гуноҳ, куфр ҳисобида", дея ўқувчига эслатиб қўяди.

Эркин Аъзам фиқраларининг мавзу кўлами кенг. Унда инсоний муносабатлар, ахлоқ-одоб, бугунги ижтимоий аҳвол, ўзбек менталитети кабилар ёритилади. Ижодкор бугунги кундаги ва йиллар ўтса-да, ҳамон яшаб келаётган иллатларни қаламга олади. "Шукру қаноат" фиқрасида "...шукру қаноат йўқолиб бораяпти, шу ҳисни бой бердик. Қаноатни билмаган инсонда ҳаловат бўлмайди", дея фикрини билдиради. "Искандар бу дунёдан нега қўли очиқ кетибди?" саволи билан мурожаат этади ва ўқувчини ўйлашга мажбур қилади.

Ижодкор фиқраларида ватанпарварлик, юртга садоқат, бурч, инсонлар ўртасидаги ўзаро муносабат, инсоний фазилатлар, шукроналик туйғулари, ўзбекона қадриятлар маҳорат билан қаламга олинадики, ўқувчи ўзига керакли бўлган хулосани чиқаради. Энг муҳими, Эркин Аъзам фиқраларида бугунги кун одамлари ўртасидаги ўзаро муносабат, уларнинг ички кечинмалари, ташвишлари, орзу-ўйлари, салбий характерлари ҳақида фикр юритилади. Фиқраларни ўқир экансиз, чуқур ўйга толасиз, яшашдан мақсад нима эканлиги, тўғрисида бош қотирасиз. Натижада ўзингиз учун керакли хулосани чиқарасиз. Кўнглингиз муайян даражада таскин топади.

"Шовқин" ва "Эрталабки хаёллар"

Ушбу номнинг ўзиёқ китобни қўлга олишга, унга бир кўз югуртиришга ундайди. Бундай пайтда эса ёзувчининг сўз (сарлавҳа) танлаш маҳоратига тан бермасдан илож йўқ. "Шовқин" – Ўзбекистон Республикаси халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг айни керакли пайтда ёзилган асарларидан бири. Орангизда китобни ўқимаганлар бордир, эҳтимол. Унда келинг, асар ҳақида ва ижодкорнинг публицистик мақолалари жамланган "Эрталабки хаёллар"и ҳамда сценарийлари тўпланган китоблари ҳақида фикрларимизни сал кейинроқ ўртоқлашамиз...

Моҳигул Қосимова, ЎзА
8 818