ЎзА Ўзбек

23.11.2012 11:50 Чоп этиш версияси

Теран тафаккур ва юксак маънавият маркази

Тошкентдаги “Маърифат маркази” очилганига бир йил тўлди

Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, ҳар қайси давлат, ҳар қайси миллат биринчи навбатда ўзининг юксак маданияти, маърифат ва маънавияти билан кучлидир.

Мамлакатимизда ёш авлоднинг маънавиятини юксалтириш, билим ва дунёқарашини бойитиш, салоҳияти ва интилишларини рўёбга чиқаришга қаратилаётган доимий эътибордан мақсад ҳам ана шу – баркамол авлод орзусидир.

2011 йили пойтахтимизда шаҳарсозлик маданиятининг яна бир ноёб намунаси – Симпозиумлар саройи ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасини бирлаштирган “Маърифат маркази”нинг бунёд этилиши бу борадаги эзгу ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу муҳташам саройда 2011 йил 26 ноябрда бўлиб ўтган илк халқаро симпозиум Ўзбекистонда соғлом авлодни тарбиялашнинг миллий моделига бағишлангани ҳам катта рамзий маъно ва тарихий аҳамиятга эгадир.

Ўтган қисқа вақт мобайнида бу ерда Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш, таълим ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга оид тажриба ва ютуқларига бағишланган учта йирик халқаро анжуман юқори савияда ташкил этилди. Уларда иштирок этган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Маргарет Чен, Осиё тараққиёт банки президенти Харухико Курода, Жаҳон банки ва халқаро молия корпорацияси вице-президенти Джанамитра Деван ва бошқа нуфузли меҳмонлар муҳташам “Маърифат маркази” тимсолида халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятига юксак баҳо бердилар.

Бетакрор кошона

Миллий ва замонавий архитектура услубларини ўзида мужассам этган бу муҳташам кошона Ватанимизнинг бош майдонига туташ ҳудудда Ёшлар ижод саройи, Тасвирий санъат галереяси, Пойтахт бизнес маркази каби маҳобатли иншоотлар билан яхлит композиция ҳосил қилган.

Бино йўлакларига пок ният ва эзгу амаллар рамзи бўлган оқ мармарлар ётқизилган. Мажмуа деразаларига миллий бирлигимиз тимсоли – саккиз қиррали юлдуз шаклидаги узун панжаралар ўрнатилган. Бино ташқарисидаги бетакрор ландшафт дизайни ва мусиқий фаввора ҳамюртларимиз ва хорижлик меҳмонларнинг севимли сайргоҳига айланган.

– Асосан йирик анжуманларни ўтказишга мўлжалланган Симпозиумлар саройи кўрку салобати, бетакрор безаклари билан жуда ноёб ҳисобланади, – дейди “Маърифат маркази” ихтисослаштирилган дирекцияси директори Шерзодхўжа Ҳабибуллахўжа. – Хусусан, саройнинг 1000 ўринли катта залида меъморий ечимига кўра дунё тажрибасида кам учрайдиган гумбаз атрофи бўйлаб жойлаштирилган 36 дераза кун давомида табиий ёруғликни таъминлайди. Дераза ости ва гумбаз ичидаги махсус мосламалар ёрдамида зал ҳавоси мунтазам янгиланиб туради.

Зал асосан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган мебеллар ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган. Барча компьютерлар интернетга симсиз уланган.

Сарой вестибюлидаги йирик “Asfour” қандили оппоқ мармарларда бетакрор жило берса, миллий ёғоч ўймакорлигининг ноёб намунаси бўлган учта дарвоза халқимизга хос эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал билан ҳаётга қадам қўйишнинг ўзига хос тимсолидир.

Мажмуанинг ҳар бир қисми ёруғлик таъсирида ўзидан нур таратади ва уларнинг ҳар бири ўзига хос алоҳида асардир.

Маърифат камалаги

Давлатимиз раҳбарининг ғояси асосида Симпозиумлар саройи вестибюлидаги деворларга ёқут, феруза, зумрад, ложувард, малахит (яшилтош), яшма каби ноёб, табиий ва қимматбаҳо тошлардан ясалган маҳобатли икки панно шакли, нақшлари ва мазмун-моҳиятига кўра инсон тасаввури ва тафаккурининг ноёб маҳсулидир.

“Қуёшга интилган навқирон Ўзбекистон” панноси марказидаги мовий (тинчлик ва маънавий қудрат) ва кўк (тириклик ва бунёдкорликка интилиш) рангли ҳалқа мамлакатимиз мустақиллиги ва изчил ривожланаётганининг ифодаси.

Айланадаги қизил ва оқ ранглар халқимизнинг жўшқин ҳаёти, томирларимизда оқаётган қон умримизни поклик ва эзгулик билан мунаввар қилишини англатади. Доиранинг таянчи сифатида оила ва халқ рамзи бўлган анор дарахти ва меваларининг силуэти тасвирланган. Бу навқиронлик, улуғлик ва меҳнат завқи рамзи ҳамдир.

Паннода замин ва замон шиддати, инсон онги ва башарият ҳаётида давом этаётган қарама-қаршиликлар (эзгулик ва ёвузлик, маърифат ва жаҳолат кураши) турли контрастларда катта маҳорат билан ифодаланган. Паннонинг тўрт четидаги қизил тасмалар (тараққиёт қутблари) шокилалари ва ўртаси сариқ (қувват тафти) рангда.

“Маърифат бўстони” панноси шарқона нақшлардан ясалган бир хил кўринишдаги иккита ярим композиция ҳосиласи. Унда инсон учун азалий ва абадий муаммо – “Ҳаётнинг мазмуни нима?”, деган саволга турли миллий нақшлар воситасида жавоб ифодаланган. Баркамоллик, маърифат тимсоли бўлган боғ унга янада бой маъно беради.

Асарда олам ўзгариши учун, аввало, одам, унинг қалби, мезонлари ва дунёқараши ўзгариши лозимлиги, маърифат билан улуғликка эришиш ҳам, жаҳолат билан тубанлик ботқоғига ботиш ҳам одамнинг ўзига боғлиқлиги эслатилади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, одамзот бу дунёда руҳан пок бўлиб, иродаси бақувват, иймони бутун, виждони уйғоқ бўлиб яшамас экан, инсон ҳаётининг маъноси ҳам йўқолади.

Бош кутубхонада замон нафаси

“Маърифат маркази”да жойлашган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бир бор бўлган киши унинг фаолиятида янги давр бошланганига амин бўлади. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 20 мартда қабул қилинган “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ахборот ресурс маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

– Президентимизнинг мазкур қарори асосида Миллий кутубхонамиз фаолиятига замонавий кутубхоначилик тажрибасининг энг самарали жиҳатлари татбиқ этилмоқда, – дейди Миллий кутубхона директори Асаджон Хўжаев. – Хусусан, барча ахборот-коммуникация технологиялари янгиланди. Ходимларнинг иш ҳақи оширилди. Жорий йилнинг ўтган даврида кутубхона фонди 6,5 миллиондан зиёд нусхага етди. Жумладан, фонд 19,4 минг босма ва 304 минг электрон нусхадаги янги адабиётлар билан бойитилди.

Германия, АҚШ, Хитой, Япония, Буюк Британия, Швейцария, Россия каби ўндан ортиқ давлатдаги 24 нуфузли кутубхона билан ҳамкорлик ўрнатилган. Китобхонлар учун EBSCO Publishing, Oxford University, JSTOR, Aluka, Emerald Springer, Cambridge Journals Online каби халқаро илмий-тадқиқот манбаларидан бепул фойдаланиш имкони яратилди.

Китобларни қайта тиклаш ва электрон нусхага ўтказиш жараёни ҳам замонавийлаштирилди. Жумладан, Италиянинг “Zechini” компаниясининг матбаа ускунаси олиб келингач, олдин қўлда бажарилган муқова тайёрлаш ва блокларни зичлаш ишлари техника зиммасига юкланди. Хитойнинг “Purlux” ускунаси босма табоқларни тикиш ишларини янада осонлаштирди.

Кутубхона фондини давр талаблари асосида электрон шаклга ўтказиш ва рақамлаштириш учун Австрияда ишлаб чиқарилган профессионал сканерлар олиб келинди. Масалан, “Xinoscans 700” икки томонлама нусха кўчирувчи рангли сканер А3 форматдаги ҳужжатларни 1-1,5 дақиқада сканерлайди. “Qiden VSPBS” робот сканери эса нодир китобларни бузмаган ҳолда ўзи варақлаб, ўзи нусхалайди.

Илгари фотоплёнка кўринишидаги ҳужжатлар экран орқали ўқилган бўлса, бугун улар “Mekel m 200” сканери воситасида 1-2 дақиқада электрон форматга ўтказилмоқда. Шунингдек, нашриёт-матбаа хизмати тўлиқ замонавий ускуналар билан таъминлангани туфайли китоб, буклет, журнал, расмли альбомлар тайёрлаш ишлари янада тезлашди.

Давр билан ҳамқадам

Миллий кутубхонада хизмат кўрсатиш сифати замон талаблари даражасига кўтарилгани туфайли жорий йилда китобхонлар қатнови 2 баробар ошиб, қарийб 1 миллионни ташкил этди. Бу ерга ҳар куни ўртача 2 мингга яқин китобхон келмоқда.

Илгари китобхонлар оддий гувоҳнома олган бўлса, бугун уларга махсус ID-картаси берилмоқда. Унга аъзо бўлувчининг расми шу ернинг ўзида веб-камера воситасида автоматик жойлаштирилаётир.

Кутубхонадаги интерфаол китоб қурилмасидаги электрон китоблар саҳифасини варақлаш учун мониторга бармоқ билан таъсир этиш кифоя. Шу тарзда сенсорли киоск орқали мазкур кутубхона, қадимий шаҳарларимиз ва улуғ алломаларимиз ҳаёти ҳақида маълумот олиш, ҳатто китоб буюртма бериш мумкин.

Кичик музейда 16 минглик ноёб қўлёзма ва тошбосма асарлар фондидан намуналар илк марта очиқ намойишга қўйилган. Абул Ҳасан ал-Мовардийнинг “Ал-аҳкамус султония вал вилоятуд диниййа” (1058 йил), Маҳмуд аз-Замаҳшарийнинг “Муқаддимат ул-адаб” (1308 йил), Алишер Навоийнинг “Девон” қўлёзмалари шулар жумласидандир.

“Болалар хонаси”да етти ёшгача бўлган болалар учун турли ўйинчоқлар, аквариум, ўқув қуроллари, эртак китоблар мавжуд. Ота-оналар мутолаа қилгунча бу ерда болаларга қараб турилади. Кинозалда мустақиллик йилларида халқимиз эришган ютуқлар, улуғ алломаларимиз, қадимий шаҳарларимиз ҳақидаги кинофильмлар намойиш этилмоқда.

Кутубхона етти қаватли бўлиб, ер остидаги икки қават фонддан иборат. Бу ноёб фонд илгари пойтахтимизнинг уч жойида сақланган бўлса, энди марказлаштирилди. Китобларни сифатли сақлаш учун замонавий мобиль стелаж олиб келинди. Илгари сўралган китоб ё газета-журнални ўқув залига келтириш учун кутубхоначи опалар камида ярим соат йўл босишига тўғри келган бўлса, бугун бу жараён 345 метрли телелифт ва 100 килограмм юкни кўтаришга мўлжалланган лифт воситасида бажарилмоқда. Бу буюртмани китобхонга етказиб бериш вақтини икки баробар қисқартириш имконини берди.

Янги ғоялар манбаи

Кутубхонадаги 12 ўқув зали замонавий жиҳозланиб, тўлиқ компьютерлаштирилган. Масалан, 2010 йили китобхонлар учун 40 компьютер хизмат қилган бўлса, бугун уларнинг сони 250 дан зиёддир. Кутубхона биносида бепул Wi Fi тизими ишлаб турибди. Китобхон ўзи билан “ноут-бук” олиб келиб, интернетдан чекловсиз фойдаланиши мумкин. Ҳозир ҳар куни 800-1000 нафар киши бу ерда глобал ахборот тармоғидан фойдаланмоқда.

Ҳар бир ўқув зали маълум йўналишга ихтисослаштирилган. Масалан, “Истиқбол” ўқув залида талабалар учун китоб-журналлар, “Тадбиркор”да иқтисодий адабиётлар ва бизнесга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, “Бунёдкор”да меъёрий-техник адабиётлар, давлат ва халқаро стандартлар ҳақидаги 543,6 мингдан ортиқ ҳужжатлар, “Ўзбекистон”да мамлакатимиз ва жаҳон тарихига оид асарлар, “Адолат”да юридик адабиётлар ва маълумотномалар мавжуд. Энг катта ўқув зали – “Тафаккур”да бир вақтнинг ўзида 100 киши мутолаа қилиши мумкин. Ўттиз минглик фондга эга бу залдан энг кўп сўраладиган китоблар, матбуот нашрларини топиш мумкин. “Жаҳон” хорижий адабиётлар ўқув залида 75 тилдаги 370 мингдан ортиқ китоб мавжуд.

Бу ўқув заллари, айниқса, ёшлар билан гавжум. Уларнинг ҳар бири ўз олдига улкан мақсадлар қўйган. Хусусан, Зангиота бизнесни ривожлантириш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Шуҳрат Абдувоҳидов бу ерда дарсларни тайёрлаш билан бирга, GMAT, SAT, TOEFL, IELTS каби математика ва инглиз тили фанларидан халқаро дарсликларни, араб, испан тилларини ўрганмоқда. Тошкент тиббиёт академияси қошидаги академик лицейни битирган Нодира Носирова Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг Тошкент шаҳар филиали талабаси бўлиш учун имтиҳонларга ҳозирланмоқда.

“Илм” ўқув залида илмий ходимлар мустақиллик йилларида мамлакатимиз ва хорижда ҳимоя қилинган диссертация ва рефератлардан фойдаланиш имконига эга. Масалан, Банк-молия академияси давлат молиясини бошқариш факультети 2-босқич магистранти Бахтиёр Абдуллаев “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастурини молиявий таъминлаш самарадорлигини ошириш йўллари” мавзусидаги магистрлик диссертациясини тайёрламоқда.

– Кутубхонада яратилган замонавий шароит туфайли диссертацияларни ўқиш билан бирга, интернет орқали бу йўналишда Хитой ва Америкада амалга оширилган лойиҳалар ва ёндашувларни ҳам ўрганяпман, – дейди Б.Абдуллаев. – Баъзи хориж кутубхоналарида бўлганман, аммо бундай қулай шароитлар бошқа жойда кам учрайди. Айниқса, хориждаги қатор илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий базасидан бепул фойдаланиш имкони яратилгани биз, ёшлар учун ниҳоятда муҳимдир.

...Бугун қатор мамлакатларда иқтисодий инқироз, табиий офатлар, ички можаролар оқибатида моддий эҳтиёжлар, бошқача айтганда, қорин ғами биринчи ўринга чиқиб қолган. Тараққий этган давлатларда эса "оммавий маданият" ёшларни ўз домига тортиб, жамият маънавий таянчларини тобора емирмоқда.

Мамлакатимизда эса “Маърифат маркази” каби кўплаб илм-зиё, маънавият ва маърифат марказлари барпо этилмоқда. Бу юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сураётгани, тотув ва файзли ҳаётимиз туфайлидир. Зотан, бугунидан рози ва эртанги кунга ишончи мустаҳкам халқ эзгулик ва маърифатга интилиб яшайди. Теран маънавий томирларга эга халқнинг келажаги буюк, йўли ҳамиша ойдин бўлади.


ЎзА, Умид Ёқубов, Сарвар Ўрмонов (сурат)
30 216