Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.11.2017 18:05 Чоп этиш версияси

Темурийлар тарихи давлат музейида ташкил этилган фотокўргазма Бельгия ҳақида ҳикоя қилади

Темурийлар тарихи давлат музейида ташкил этилган фотокўргазма Бельгия ҳақида ҳикоя қилади Пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейида Бельгия маданияти ва санъати, тарихи, урф-одатлари ва тарихий обидаларини ўзида акс эттирган «Сиз Бельгияни биласизми?» мавзуидаги фотокўргазма ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва «Ўзбекистон – Бельгия» дўстлик жамияти томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ва Темурийлар тарихи давлат музейи ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тарихчи олимлар, тадқиқотчилар, музейшунослар, профессор-ўқитувчилар, ўқувчи-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, «Ўзбекистон – Бельгия» дўстлик жамияти раиси Б.Алихонов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчиси З.Обидов, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси Н.Ҳабибуллаев ва бошқалар мамлакатимизда миллати, дини, келиб чиқиши ва эътиқодидан қатъий назар, ҳар бир фуқарога тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратилгани, бу ўз навбатида миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

30.JPG

Ўзбекистон ва Бельгия ўртасидаги ижтимоий-маданий алоқалар фаоллашиб, сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорлик тобора ривожланаётир.

– Ўзбекистон ҳамда Бельгия дипломатик муносабатлари ўрнатилганига йигирма беш йил тўлди, – дейди Бельгия Қироллиги Валония вилоятининг Ўзбекистондаги вакили Жан-Клод Божан. – Икки давлат муносабатларини ҳар томонлама ривожлантириш, маданий-маърифий, иқтисодий соҳаларни мустаҳкамлаш йўлида ҳамкорлик қилмоқдамиз. Бугунги кўргазманинг ташкил этилгани Ўзбекистонда Бельгия тарихи, маданияти, санъати ва миллий урф-одатларига қизиқиш баланд эканидан далолат. Кўргазма доирасида намойиш этилган фотосуратлар ҳамда экспонатларда миллий ўзлик, замон ва макон тушунчалари ёрқин тасвир ва фалсафий қарашлар асосида акс эттирилган.

Тадбирда Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган «Сиз Бельгияни биласизми?» иншолар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

31.JPG

– Танловда ғолиб бўлганимдан хурсандман, – дейди Миробод туманидаги 175-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Полина Эшонова. – Танловда иштироким давомида мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар ҳақида маълумотларга эга бўлдим. Бу каби танловларнинг ўтказилиши олаётган билим ва кўникмаларимизни янада мустаҳкамлаш имконини беради.

Тадбирда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари яратган либослар намойиши ва музей экспозициялари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Гулноза Бобоева, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
2 576






Все о погоде - Pogoda.uz