ЎзА Ўзбек

14.03.2019 19:28 Чоп этиш версияси

Телеаудиторияни ўрганиш мамлакат медиа бозори ва томошабинга нима беради?

Телеаудиторияни ўрганиш мамлакат медиа бозори ва томошабинга нима беради?

Сиз нима дейсиз?

Телеканаллар рейтинг тизимига ўтгани ва кескин рақобатга киришгани ҳақидаги хабарлар қулоғимга чалинди. Аммо телевидениеда ишлаётган ҳамкасбларимдан ва бошқалардан ҳам бу ҳақда аниқ маълумот ололмадим. Узун-қулоқ гапларга қараганда хусусий каналлар мазкур рейтингда етакчи. Ўз-ўзидан савол туғилади: бу рейтингни қайси ташкилот қандай мезонлар асосида ўтказмоқда? Рейтингни ўтказишдан мақсад нима?

2017 йилда телевидение ва реклама индустрияси иштирокчилари томонидан тармоқни бирлаштиришга йўналтирилган Ўзбекистон Миллий медиа кенгаши ташкил этилган эди. Ўшанда телевизион тадқиқотлар олиб бориш ва телевидение томошабинлари нимани афзал кўришларини аниқлаш мақсадида телевизион ўлчов тизими амалга оширилиши, кейин икки йил давомида телевидение бозори ҳажми икки баробарга ошиши қайд этилганди. 

Шундан сўнг Миллий медиа кенгаши томонидан Ўзбекистонда телевидение аудиториясини ўлчаш тизими ташкил этилди ва рейтинг “Kantar Research” (Кантар Медиа) компанияси томонидан олиб борилиши белгиланди. Телеаудиторияни ўрганиш мамлакат медиа бозорини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатиб, давлат, телеканаллар ва аҳоли манфаатларини бирлаштириши режалаштирилганди.

ўлчов ускуна 2.jpg

Телевизион ўлчов тизими қандай амалга оширилаётгани, лойиҳа иштирокчиларини танлаш механизми ҳақидаги саволлар билан “Kantar Research” компанияси директори Нодирбек БЕКМУРАТОВга мурожаат қилдик.

– Телевизион ўлчашлар телевидение бозорининг муҳим қисми ҳисобланиб, барча бозор иштирокчилари учун телеканаллар ва дастурларнинг оммабоплиги, томошабинлар танлови, ҳар бир тадбирнинг томошабинлари таркиби ҳақидаги маълумотларга эга бўлиш имконини беради, – дейди Н.Бекмуратов. – Телеканаллар томошабинларнинг истакларидан келиб чиққан ҳолда, улар томоша қилиши учун қизиқ бўлган кўрсатувлар тизимини шакллантириши керак. Биз Ўзбекистонда Миллий медиа кенгаши аъзоларига хизмат кўрсатамиз. Бу орқали телеканалларнинг реклама орқали келадиган даромади ошади. Телеканаллар даромадининг ошиши контент турли-туманлиги ва сифатининг кўтарилишига тўғридан-тўғри таъсир ўтказади. Турли медиа орасида томошабинлар эътибори учун рақобат кетаётган ҳозирги даврда бу, айниқса, долзарб масала. Бугунги кунда “Kantar Research” Миллий медиа кенгаши аъзолари билан биргаликда Ўзбекистон телевизион каналларини қўллаб-қувватлаш, мамлакат реклама бозорини ривожлантиришда ҳам фаол иштирок этмоқда. Телеаудиторияни ўрганиш учун телевизорларга “peoplemetr” ускуналари ўрнатилган.

– “Рeoplemeter” ускуналари қандай вазифани бажаради?

– Дастлабки икки йил давомида Кантар Медиа ўлчовлар тизими 1,5 мингга яқин телетомошабинни қамраб олди. Бу аҳолиси 200 мингдан зиёд бўлган 10 та шаҳардаги 400 та оиладир. 2018 йилнинг ноябрь ойида телевизион ўлчовлар ишга туширилган ва натижаси кунлик тақдим этиб борилмоқда. Хонадонда нечта телевизор бўлса, ҳаммасига ускуна ўрнатганмиз. 2019 йилнинг илк кунларидан эса Ўзбекистон телевизион индустрияси рейтинг бўйича сотувга ўтди. Илгари телеканалларда реклама вақт бўйича ҳисобланган. Ҳозирги пайтда халқаро стандартларга риоя қилиш учун рейтинг яъни телетомошабин ҳисобга олинади. Реклама берувчи қайси пайтда, қайси телеканалда қанча аудитория ўтирибди, шунга эътибор қаратади. Ёки маълум вақтда ёши, жинси, миллати, мулоқот учун афзал тили ва бошқалар турли мезон бўйича ажратилган. Шундан келиб чиқиб, қайси томошабин телевизор кўраётгани ҳисобга олиниб, реклама берилади. Каналлар ва дастурларни қанча одам кўради, телевизорни қайси вақтда ва қанча кўп кўради, телетомошабинларнинг ижтимоий демографик портрети қандай, бренд рекламани қаерда жойлаштирган маъқул каби саволларга телевизион ўлчов натижалари жавоб беради. Мутахассисларимиз оилаларнинг қайси аъзоси томонидан телевизор кўрилаётганини мониторинг қилиб боришмоқда.

ўлчов ускунаси 12.jpg

– Ўша 400 оила қандай асосга кўра танланган?

– Компания халқаро стандартларга риоя қиладиган телефон интервью (CATI – computer assisted telephone interview) орқали телевизион ўлчовда қатнашувчи хонадонларни аниқлайди. Иштирокчилар ушбу телефон интервью давомида махсус анкета саволларига жавоб беради. Бунда ўша хонадон вакилларидан хар бири телевидение ва радио, журналистика ва СМИ, реклама ва маркетинг, телевизион коммуникация (кабель, спутник, эфир) соҳаларида ишламаслиги шарт. Биз, Ўзбекистон телевизион аҳолисини, яъни лойиҳада иштирокчи категорияларга бўлганмиз. Масалан, хонадонда иккита телевизори бор, фақат Ўзбекистон телеканалларини кўрадиган, кабель, спутник орқали каналларни кўрадиган ва бошқа категорияларга бўлинган. Ушбу хонадонларнинг аниқ сони бор. Улардан бири лойиҳадан чиқса, ўрнига иштирокчилар захира базасидан бошқасини киритаверамиз.

Ким телевизор кўраётган бўлса, махсус пультдаги ўзига тегишли бўлган тугмани босиб қўйиши керак. Чунки томошабинларнинг ёши, иш билан бандлиги, таълим маълумоти (ўрта, ўрта махсус, олий маълумотли) ва ҳоказо ҳамма маълумотлар базаси шакллантирилган. Лойиҳа иштирокчилари билан доимий алоқага чиқамиз. Агарда бирор кишининг телевизори бузилиб қолган бўлса, техникларимиз бориб, ушбу муаммони ўрганади ва агарда телевизори узоқ пайтга бузилиб, ишламайдиган ҳолатда бўлиши аниқ бўлса, унда ушбу хонадон лойиҳада қатнашиши тўхтатилади ва ўрнига бошқа хонадон киритилади. Агарда қайсидир хонадоннинг барча аъзолари узоқ пайт сафарга, таътилга кетса ёки телевизоридан маълум вақт фойдаланмаса, ўша хонадон ҳам лойиҳада қатнашиши тўхтатилади. Ўрнига иштирокчилар захира базасидаги бошқа хонадонларни киритамиз. Битта иштирокчи узлуксиз бир телеканални кўрса, бу ҳам назоратга олинади. Улар билан бир йилга шартнома тузилади. Иштирокчилар вақт ўтиб қўйилган шартларни бузмаса, шартнома яна узайтирилади. Ўз навбатида, лойиҳа иштирокчилари рағбатлантирилиб борилади.

ўлчов ускунаси.jpg

– Аҳоли сонига нисбатан олинганда телевизион ўлчовда қатнашаётган 400 хонадон кам эмасми?

– 2020 йилдан бошлаб яна 8 та шаҳарнинг 150 та хонадони лойиҳага жалб этилади. Телевизион ўлчов орқали телеканаллар вакиллари рақобатчи каналнинг аудиториясини кузатиб боради ва улар билан соғлом рақобатга киришиб, кўрсатувларининг сифатли бўлишига ҳаракат қилади. Дарвоқе, “peoplemeter” ускунаси 24 дан ортиқ давлатда ишлатилмоқда.

Мутахассис билан суҳбатлашиб амин бўлдимки, телевизион ўлчов тизими кўпроқ телеканаллар манфаати учун хизмат қилади. Ушбу рейтингни мутлақ хулоса деб бўлмайди. Чунки 400 хонадон орқали қарийб 33 миллион аҳоли номидан баҳо бериш ҳам ноўрин. Дарвоқе, мутахассис телеканаллар рейтингини беролмаслигини маълум қилди. Рейтинг натижаларини фақат Миллий медиа кенгаш бера олади ёки “Kantar Research” компаниясига хат орқали рухсат бериши керак. Хуллас, оддий томошабин рейтинг натижаларини олиши душвор.

* * *

Муҳтарам ўқувчи!

Ўтган йилнинг ноябрь ойидан бошлаб мамлакатимиз телеканалларида айрим кўрсатувлар ўрнига хорижий сериаллар қўйила бошланди. Томошабинни кўпроқ ушлаб туриш мақсадида қилинган бу ҳаракатлар ўз натижасини бериб, айрим телеканаллар томошабини нисбатан кўпайди. Афсуски, ҳозир ҳам телеканалларда рейтингда юқори ўринларни эгаллаш учун савиясиз, менталитетимизга зид бўлган кўрсатув ва сериаллар сонини кўпайтиришга ҳаракат қилинмоқда.

Телеаудиторияни реклама берувчилар учун ўрганиш қанчалик тўғри?

Фикр ва мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз?​

Хуршид Қодиров, ЎзА