ЎзА Ўзбек

21.03.2019 Чоп этиш версияси

Театр одамларни соғинади

Театр одамларни соғинади

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида ''Театр томошалари ҳафталиги''нинг биринчи куни бўлиб ўтди.

Бино янги таъмирдан чиққан. Оппоқ деворларга ишланган нафис чизгилар бироз хаёлингизни ўғирлаб, кенг ва ойдин кириш йўлаклари сизни муқаддас даргоҳга етаклайди. Ёруғ ва кўтаринки кайфият эса яхши иштиёқ билан саҳна асарини томоша қилишга чорлайди.

-Томошабин ҳар доим театрнинг азиз меҳмони бўлиб қолади, -дейди даргоҳ директори, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов. -Одамлар спектакль намойишидан 2-3 соат олдин келди. Актёрлар билан суҳбатлашди, махсус залимизда мусиқали дастурларимизни эшитиб мароқ билан рақсга тушди. Мухлисни куттириш одобдан эмас, зал муддатидан олдин тўлганлиги учун саҳна асарини ярим соат олдин бошлаб юбордик.Муҳими, одамлар хурсанд.

photo_2019-03-21_23-41-53.jpg

Эслатиб ўтамиз, лойиҳа доирасидаги тадбирлар 27 мартгача давом этади. Унда ''Дилдаги доғ'', ''Қобил ва Ҳобил'', ''Тоҳир ва Зуҳра'', ''Уйғониш'', ''Лайли ва Мажнун'' спектакллари қўйилиши кўзда тутилган ва Ўзбекистон халқ артисти Шаҳодат Раҳимованинг хотирасига бағишлаб катта тадбир ўтказишни режалаштирган.

400 дан зиёд кишига мўлжалланган даргоҳга ҳеч қандай муболағасиз айтиш мумкин, минга яқин одам йиғилди. Халқ намойиш текинлиги учун келмаган. Чунки, саҳна асари тугаб, актёрлар таништирилмагунча ҳеч ким ўринларидан қимирламади. Одоб билан актёрларга бўлган ҳурматини сақлаб турди. Махсус йўлакларга, бошдаги ўриндиқлар олдига қўшимча ўриндиқлар олиб келиб, стул етмаганлар эса тик ҳолатда ''Жайдари келин'' спектаклини томоша қилди.

Саҳна асарида Ўзбекистон халқ артисти Майрам Ихтиёрова, Марифат Ортиқова, Азизхон Латипов ва Ҳабибулло Ортиқовлар ролларини шу даражада маҳорат билан ўйнадики, томошабинлар ''қийқириб'' кулди, ''баракалла'', ''яшанг'' деб далда бериб турди. Айтиш мумкин ушбу томоша йиғилганлар учун байрамга муносиб туҳфа бўлди. Театр саҳнасида тирик актёрни кўриб ҳаяжонлангани қайси, овсинларнинг ғийбатлари, эрнинг оиладаги ўрни, аёлнинг айёрликларию уддабуронлигини кўриб кулгани қайси, хуллас, спектакль инсонларни ҳар куни ўзлари дуч келадиган ҳолатларига кўзгу тутгандек ажаблантирди. Театр сеҳри, улуғ даргоҳ юки киши руҳиятини поклайди. Соатлаб давом этган томошадан кишилар мамнун кайфиятда чиқиб, ўй-уйларига йўл олди.

Хабарни Ўзбекистон халқ артисти Марям Ихтиёрованинг театр сўнгида кишилар юрагини қалқитиб қуйган сўзлари билан тугатишни маъқул кўрдик: ''Одамлар, театримизга тез-тез тушиб турингизлар, биз сизларни соғиниб қоламиз...''

8 679
Дилобар Аслиддин қизи, ЎзА