ЎзА Ўзбек

19.04.2019 Чоп этиш версияси

Тасвирий ва амалий санъат фестивали ўтказилади

Тасвирий ва амалий санъат фестивали ўтказилади

Жорий йилнинг 22-27 апрель кунлари мамлакатимизда Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилига бағишлаб анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали ўтказилади.

Таниқли рассомлар ва ҳунармандлар, қўли гул усталар, санъатшунос олимлар, ўқитувчилар, талаба-ёшлар, ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқувчилари ва меҳмонлар иштирок этадиган Тасвирий ва амалий санъат фестивали пойтахтимизнинг Марказий кўргазмалар зали, Фотосуратлар уйи, Халқаро маданият карвон саройи, Камолиддин Беҳзод мемориал боғ-музейи, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Ёш томошабинлар театрида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда бўлиб ўтади.

Миллий матбуот марказида ташкил этилган анжуманда шу ҳақда гап борди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов санъат фестивалининг асосий мақсади миллий санъатимизнинг бой мероси, бугунги салоҳияти ва, энг асосийси, истиқлол йилларида етишиб келаётган ижодкорларни кенг жамоатчиликка яқиндан таништириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилганини таъкидлади. Шу билан бирга бу йўналишда учраб турган камчиликлар борасида ҳам тўхталиб ўтди.

Фестиваль доирасида турли кўргазмалар, концертлар, таниқли ижодкорлар иштирокида маҳорат дарслари, миллий либослар намойиши, турли учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилади. Унда таниқли қалам усталари билан бирга ўқувчи-талабалар ҳамда ёш иқтидорли рассомларнинг ишлари ҳам намойиш этилади. 

– Фестивалда институт талабалари, ёш олимлар, профессор-ўқитувчилар иштирок этади, – дейди Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ўқитувчиси Нигора Қултошева. – Айниқса, “Санъат ва бадиий таълим: инновацион жараёнлар ва XXI асрга доир самарали ўзаро таъсир масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилиши унинг аҳамиятини оширади. Бу фестивалда уч авлод вакиллари учрашади, фикр алмашади, мулоқот қилади, маҳорат сабоқлари ўтказилади.

3 140
Б.Мелиқулова, ЎзА