ЎзА Ўзбек

30.08.2019 Чоп этиш версияси

Тарих - келажакни ёритиб турувчи машъалдир

Тарих - келажакни ёритиб турувчи машъалдир

31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни

Ҳар бир халқнинг маънавият даражаси, салоҳияти, бугуни ва келажаги кечаги кунига, ўтмишга бўлган муносабатига боғлиқ. Чунки тарих ва ундан чиқариладиган сабоқлар эл-юртнинг бугуни ва эртанги кунини ёритиб турувчи машъаладир.

Мамлакатимизда истиқлолнинг илк йиллариданоқ шўро даври қатағони қурбонларини ёд этиш, уларни ўрганиш ва тарғиб қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Зеро, тарих ҳақиқатлари авлодларни тарбиялай оладиган энг муҳим омиллардан биридир.

Ўзбекистонда қарийб 130 йил ҳукм сурган мустамлакачилик сиёсати даврида қатағонлар бир неча босқичда ўтказилган. Иттифоқ даврида табақаси, дини, миллати ва касбидан қатъи назар, шўро ҳокимиятининг душмани сифатида минглаб кишилар қамалган, сургун қилинган, судсиз-сўроқсиз отиб ташланган. Мамлакатимизда ҳам қатағонлар кетма-кет маълум соҳалар бўйича олиб борилган. Архив ҳужжатларини ўрганган мутахассислар совет даври қатағонлари йиллар мобайнида ҳукумат кўрсатмаси асосида олиб борилгани хусусидаги маълумотларга ҳам дуч келишган. Бу ҳужжатлардан маълум бўлишича, қаерда, қачон ва қанча одам қамалиши, сурган қилиниши ёки отилиши ҳақида “юқоридан” махсус режа берилган.

Ўзбекистонда Сталин даври ва ундан кейинги йиллардаги қатағонларда, аввало, халқнинг зиёли вакиллари кўп азият чекди. Айниқса, зиёлилар, илм-фан аҳли, адиблар қайта ва қайта қамалган, сургун қилинган. Абдулла Қодирий, Чўлпон сингари миллий адабиётимизнинг йирик намояндалари қаерда ва қачон қатл этилгани ҳам узоқ йиллар баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди. Кимдир уларни Чимкентда отилган деса, бошқаси Сибирга сурган қилиниб, ўша ерда қатл этилганини айтишарди. Бироқ истиқлол давридагина Абдулла Қодирий, Чўлпон ва бошқа бир неча зиёлилар Тошкентда қатл этилгани маълум бўлди.

Тарихчи олим Сирожиддин Аҳмад 1938 йили бир кунда ўнлаб зиёлилар отиб ташланганини афсус билан қайд этар экан, “Мен ўзбек халқининг мустамлакачилик давридаги тарихини ҳасратли тарих деб айтгим келади“, дейди.

–Қилмаган айби учун бегуноҳ инсонни бир эмас, бир неча марта жазолаш мумкинми?! Масалан, шоир Олтойни оладиган бўлсак, уч марта қамалган, унинг 22 йиллик умри қамоқда ўтди. Лазиз Азиззодадек маърифатпарвар инсон “Миллий иттифоқ” жамиятига аъзо бўлгани учун уч марта сургун қилинган. Унинг 30 йиллик умри қамоқда кечди. Шоир, журналист Баҳром Ҳайдарийнинг 15 йилдан ортиқ қамоқда ўтирди ва у сургунда вафот этди. Буларнинг ҳаммаси мустабид, золим тузум меваси эди. Зулм асосига қурилган ҳар қандай давлат қачондир, албатта, барҳам топади. Бу – тарихий ҳақиқат, – деб ёзади олим.

Шўролар давлати одамлар онгига ўз ғоясини сингдириш учун асрлар мобайнида кишилар эътиқодига айланган динни йўқотишни бош вазифа қилиб олган эди. Буни рўёбга чиқаришни эса ўз яратувчиси билан боғлиқликни ҳис қилиб келган, унинг мавжудлигини англаган диндор олиму уламоларни қатағон қилишдан бошлаган. Ҳужжатларга назар ташланса, диний эътиқоди туфайли қатағон қилинганларнинг аксарияти зиёлилар, файласуфлар, тарихчи олимлар экани аён бўлади.

Аҳолиси диндор бўлган Ўзбекистоннинг большевиклар томонидан босиб олиниши билан диндорларга, демак, миллатга қарши ҳужум ҳам бошланган, деб ҳисоблашади айрим мутахассислар. Диндорлар орасида қатағон қурбонлари шу қадар кўпки, ҳатто уларни ҳужжатлаштирмасдан, гуруҳ-гуруҳ қилиб қатл қилаверишган. Ўша пайтдаги илм-фан, адабиёт билан шуғулланган зиёлилар ҳам диндор мусулмонлар эди. Бироқ совет давлати нафақат диндорларни қатағон қилиб, уларнинг фарзандларини даҳрийлик руҳида тарбиялади, балки бу фарзандлар тақдирига ҳам оғир тамға босди. Улар “халқ душманининг фарзанди” сифатида хўрланишди.

Шўролар ҳукумати динга эътиқод қилувчи кишиларга қарши курашиб, уларни таъқиб-тазйиқ, бидарға қилиш, қамаш ва қатл этиш билан чекланмади. Шунингдек, ўзида диний эътиқодни акс эттирувчи тарихий обидаларга ҳам қарши кураш олиб борди. Муқаддас масжиду мадрасалар омборхоналарга, отхоналарга айлантирилди...

Ўша тузум даври таълимотига кўра, жамиятни ишчилар синфи бошқариши керак бўлган. Шунинг учун ҳам ўртаҳол деҳқонлар, ўзига тўқ тадбиркорлар, мулкдорларни қулоқ сифатида йўқотиш ҳақида кўрсатма берилгани.

–Бизнинг юртимизда қулоқ деган ижтимоий табақа бўлмаган. Чунки аҳолининг синфий табақаланиши рўй бермаган, – дейди тарихчи олим Рустам Шамсуддинов. – Аммо комфирқа арбоблари кўр-кўрона, маҳаллий-миллий шароитни ҳисобга олмасдан Ўрта (Марказий) Осиё республикаларидан, шу жумладан, мамлакатимиздан ҳам мулкдор, тадбиркор, ўз меҳнати билан кун кўрадиган деҳқонларимизни совет ҳокимиятининг дастлабки йилларидан бошлаб то 1938 йилгача таъқиб қилди. Бутун иттифоқ бўйича ўша пайтда 10 миллиондан зиёдроқ деҳқон қулоқ сифатида қатағон қилинган. Юртимиздаги 700 минг кишига “қулоқ” тамғаси босилган. Ўзбек деҳқонларининг ўзга юртларга бадарға қилиниши уларнинг бошига мислсиз мусибатлар, оғир кунлар солди. Ўзбекистоннинг ўзида ҳам 17 та қулоқ посёлкаси бўлган. Бу жойларда юртдошларимиз ва бошқа республикалардан қулоқ сифатида келтирилганлар казарма ҳолатида, қатъий режим асосида яшашган ва ишлашган. Қулоқ казармалари Бекободда, Ҳазораспда, Самарқандда, Оққўрғонда бўлган. Қулоқ қилинганларнинг паспорти бўлмаган, улар кўп ҳуқуқлардан, жумладан, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқидан маҳрум этилганлар.

Қулоқлар “қишлоқ буржуазияси”, “социализм душмани”, “колхоз душмани” каби номлар билан аталган. Иттифоқдан ўзига тўқ оила вакиллари Украинага, Шимолий Кавказ, Қозоғистоннинг чўл ҳудудларига сургун қилинган. Ўзбекистонлик қулоқ қилинганлар эса асосан Украина ўлкасига жўнатилган. Хўш, нима учун қулоқ сифатида сурган этилганлар Россияга эмас, фақат Украинага юборилган, деган савол туғилиши табиий. Бунинг боиси пахта мустақиллиги сиёсати билан боғлиқ. Иқлими юртимиз иқлимига ўхшаш Украинага сургун қилинган ўзбекистонликлар пахта мустақиллигини таъминлаш мақсадида оғир шароитларда чигит экиб пахта етиштиришга мажбур қилинган.

–Баъзи ўзбек аёллари Германияда ўқиб келишгани, бир қисми эса давлат арбоблари, ёзувчи ва зиёлиларнинг турмуш ўртоғи бўлгани учун ҳам қамалган, сургун қилинган ёки отиб ташланган, – дейди таниқли олим Наим Каримов. – Совет даври сиёсати қонунидан четга чиқмаган ҳолда маърифатли бўлишга, олий таълим олишга ҳаракат қилган инсонлар ҳам қатағон қурбонига айланганини тушуниб бўлмайди!.. Шўро қатағонлари даврида нафақат оддий халқ вакиллари, балки совет тузуми мамлакатни равнақ топтиришига ишонган, унга сидқидилдан хизмат қилган раҳбарлар ҳам қатағон исканжасидан омон қолишмаган.

Ўта шафқатсиз тарзда, ғайриинсоний жоҳиллик билан амалга оширилган қатағон сиёсати миллатимизнинг энг фикри теран, ватанпарвар, маърифатли, журъатли қатламини жисмонан йўқ қилди. Элим деб фидойиларча яшаётганлар, юраги тўрида истиқлол орзусини парвариш қилганларнинг омон қолганлари олис Сибирь ўрмонларига сургунга жўнатилди.

Айрим манбаларга кўра, ХХ асрнинг 30-йилларида икки миллионга яқин юртдошимиз Ўзбекистондан мажбуран олиб чиқиб кетилган. Ёки ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий аввал отиб ташланиб, ундан сўнггина манфур “учлик”нинг олий жазо хусусидаги ҳукми эълон қилинганини қандай унутиб бўлади?! Миллий адабиётимизнинг ноёб истеъдодлари Усмон Носир, Чўлпон, Фитратларнинг фожиали қисматини-чи?.. Ким билади дейсиз, қатағон машинаси яна қанчалаб бегуноҳ Чўлпону Фитратларни, Абдулла Қодирийларни ниҳол чоғидаёқ сўлдирди экан...

Фақат истиқлол туфайлигина яқин тарихимизга холис ва ҳаққоний баҳо бериш бошланди. Зеро, ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги ҳам бўлмайди.

Г.МУРОДАЛИЕВА,

журналист


8 294
ЎзА