ЎзА Ўзбек

01.03.2018 08:00 Чоп этиш версияси

Танишинг: "Ўзбекистон номоддий маданий мероси"

Танишинг: "Ўзбекистон номоддий маданий мероси" Ҳар бир халқнинг миллий қиёфаси, ўзлиги унинг бебаҳо мероси – асрлар ошиб келаётган гўзал санъати, умрбоқий анъана ва ибратли қадриятлари, гўзал урф-одатлари, ҳунармандлигида намоён бўлади. Ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилган "Ўзбекистон номоддий маданий мероси" китоби шу бойлигимизни ўрганиш, халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда маданий меросни асраб-авайлаш, уни авлодларга безавол етказиш, қадимий мактаб ва анъаналарни равнақ топтириш, янада бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мустаҳкам миллий қонунчилик базаси мазкур йўналишдаги амалий чора-тадбирларни изчиллик билан ҳаётга жорий этиш имконини бермоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 октябрда қабул қилинган "2010-2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори ЮНЕСКОнинг "Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги конвенцияси мазмунига ҳамоҳангдир.

Мазкур ҳужжатларга асосан Маданият вазирлиги томонидан номоддий маданий мерос объектлари миллий рўйхати тайёрланган. Бугунги кунда жами олтита объект – Бойсун маданий муҳити, "Шашмақом", катта ашула, Наврўз, аския санъати, палов тайёрлаш анъаналари ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатига киритилган. 2018-2019 йилларда ЮНЕСКО Репрезентатив рўйхатига киритиш учун Ўзбекистон Республикасидан 2017 йилда тақдим этилган Хоразм рақси – лазги кўриб чиқилади.

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси томонидан тайёрланиб, ЮНЕСКОнинг Осиё ва Тинч океани минтақасида Номоддий маданий мерос соҳасидаги халқаро ахборот ва ҳамкорлик маркази молиявий кўмагида ва Самарқанддаги Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти ташкилий ёрдами асосида нашр этилган "Ўзбекистон номоддий маданий мероси" китоби тадқиқотчилар, олимлар, талаба-ёшларга, умуман, қизиқувчан барча китобхонларга мўлжалланган. Ранг-баранг фотосуратларга бой бу нашрда ЮНЕСКО рўйхатидан жой олган меросимиз, шу билан бирга ўзбек халқ оғзаки ижоди, ижрочилик санъати, миллий ўйинлар, қадимий урф-одат, маросим ва байрамлар, анъанавий ҳунармандликка оид қизиқарли маълумотлар келтирилган. Янги китоб юртимиз ўқувчиларининг бой меросимиз, анъана ва қадриятларимизга ҳурматини янада оширса, чет элликларнинг Ўзбекистонга қизиқиши ва эҳтиромини кучайтириши шубҳасиз.

Назокат Усмонова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
13 318