ЎзА Ўзбек

10.08.2020 Чоп этиш версияси

ТАФАККУР ТАРОЗИБОНИ

ТАФАККУР ТАРОЗИБОНИ
Бугун Эркин Аъзам туғилган кун

Шундай инсонлар бўладики, улар билан замондош бўлганинг билан бир карра, агар заминдош ҳам бўлсанг икки карра қалбингда ғурур ҳиссини туясан киши. Ўзбекистонимизнинг сўлим гўшаларидан бири Бойсундан чиққан Шукур Холмирзаев, Эркин Аъзам, Усмон Азимовларга ишора қилаётганимизни сезган бўлсангиз керак.

Бугунги кунда ўзбек адабиётининг залворли юкини елкасида кўтарган ва кўтараётган мазкур адибларнинг маънавиятимиз тараққиётида улкан ҳиссаси бор. Улар ижодиётини ўрганиш, асарларини оммалаштириш ва тарғиб қилиш бурчдорлик туйғусидир. Қолаверса, маънавий фарз, маърифий қарзимиздир. Президентимиз ибораси билан айтганда, адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш, одамлар қалбига йўл топиш ва уларни эзгу мақсадлар сари илҳомлантириш бугуннинг ҳам долзарб муаммоларидандир.

Худди шу талаб йўсинида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Мамлакатимизда илм-фан, маданият ва адабиёт ривожига муносиб ҳисса қўшган атоқли шахсларнинг юбилейларини кенг нишонлаш тўғрисида»ги фармойиши ҳам бежиз эмас. Унда адабиётимиз равнақига муҳим улушини қўшган адиблар қатори юқорида тилга олинган ижодкорларнинг номлари ҳам қайд этилгани фахрлидир.

Ўзларининг ибораси билан айтганда, «қаламдан бошқа қуролим йўқ» деган Эркин ака Аъзамов ҳақида икки оғиз сўз айтиш қалб эҳтиёжи ва юрак амри ўрнидадир.

Уларнинг таржимайи ҳоли, ижодий фаолияти ҳам бошқа адибларникидан кескин фарқ қилмайди. 1950 йил 10 августда тоғли Бойсунда туғилди. 1972 йил Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университети)нинг журналистика факультетини тамомлади. Республика радиосида муҳаррир, „Гулистон“ ва „Ёшлик“ журналларида бўлим муҳаррири, Ғафур Ғулом номидаги Aдабиёт ва Санъат нашриётида, таҳририят мудири бўлди. 1992–1994 йилларда Ўзбекистон миллий ахборот агентлигида бош директори ўринбосари. 1995 йилдан „Тафаккур“ журнали бош муҳаррири, l, ll чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати, 2016 йилда Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвонига мушарраф бўлганлар.

„Чироқлар ўчмаган кеча“ (1977), „Отойининг туғилган йили“ (1981), „Олам ям-яшил“ (1984), „Жавоб“ (1986), „Байрамдан бошқа кунлар“ (1988), „Мир в цветах“ (1999), „Пакананинг ошиқ кўнгли“ (2001), „Кечикаётган одам“ (2002) тўпламлари муаллифи. Ёзувчи асарлари асосида „Чантриморе“, „Пиёда“, „Дилхирож“ фильмлари суратга олинган. Aсарларини руҳан бирлаштириб турадиган жиҳат — инсоний эрк, ҳар қандай зўравонликка муносабат масаласидир.

Лекин Эркин ака Аъзамовдаги синчковлик, ҳассос назар, теран ўйчанлик, ҳаётийлик ва халқчиллик алоҳида бўёққа, ранг ва оҳангга эга. Халқнинг ижтимоий онги ва тафаккурини ўстириш, ҳаёт тарзи ва ўй-кечинмаларини рангин тарзда акс эттириш илинжи унинг дардига айланган. Ҳаёт ва адабиётнинг уйғунлик моҳияти инсон дарду аламларининг инъикоси билан аслида. Адабиёт инсоншунослик экан ҳаёт, ижодиёт, тараққиёт тушунчаларининг таг замирида ҳам инсон тақдири туради. Унинг турли ҳолат, турли вазият ва шароитларда ўзлигини сақлаб қолиши, иродаси ва матонати адабиётнинг бош мавзуи.

Маълумки, дард билан ёзилган асарларгина қалбларни ишғол этади.Юракдан чиққанигина юракка етиб боради. Эркин ака қўлига қалам олгани ҳамоноқ ана шу ақидага содиқлигини сезиш қийин эмас. Унинг ушбу иборасида ҳам дард аталмиш туйғуга ишора бор. «Ўзбек бўлиб туғилиш мумкин, аммо ростакамига ўзбек бўлиб яшамоқ осон иш эмас». Халқимиз табиати ва тийнатидаги айрим атворларга диққатини қаратиб дам ачиниб, дам куюниб, гоҳ фахрланиб, гоҳ суюниб юрадиган ўзбек ўғлонининг иқрори бу.

Бевафо оламда ҳеч ким хурраммас
Одамзод наслига шодлик ҳамдаммас,
Кимки бу оламда бўлса ғуссасиз,
Ё бу оламданмас, ёхуд одаммас.


Бадриддин Ҳилолийнинг ушбу рубоийси бойнинг ҳам - фақирнинг ҳам, очнинг ҳам - тўқнинг ҳам ўз қайғуси, ғами борлигини эслатади. Бойлар ҳам йиғлаши, ўз қалбини тиғлаши мумкинлиги ҳақидаги ҳақиқатни ёдга солади.

Эркин ака ўз суҳбатларидан бирида шундай деганди: «Камина чинакам бадиий асарни изтироб меваси, изтиробнома деб биламан. Асарда сирқираган дард бўлмаса, изтироб ифодаланмаса, шундан ҳосил бўлгуси тайин мақсад-муддао кўринмаса, ўқувчи мардумнинг бошини қотириб нима керак?!»

Мана, Эркин Аъзамовнинг адабий қараши, аниқроғи, бадиий ўлчови. Эркин ака ўзбек мумтоз ва жаҳон адабиёти дурдоналарини ихлос билан ўқийдиганлардан. Шу тобда унинг хотирида Бобораҳим Машрабнинг ушбу мисраи жонланган бўлса ажаб эмас. «Дилда дардинг бўлмаса, дардисаримни кавлама!»

Шунга монанд фикрлар мағрибзамин адабиётида ҳам учрайди. Эрнест Хемингуэйнинг «Бошидан бахтсиз болалик ва рад этилган муҳаббатни кечирмаган инсон чин ёзувчи бўла олмайди.» Бу ҳам дард дегани. Немис мутафаккири Гётенинг ушбу фикрига эътибор қилинг. "Мен ўзимни қувонтирган, қайғуга солган, қийнайдиган нарсаларнинг барини образларга айлантиришга, поэзия бағрига жойлашга ўрганганман. Менинг ҳамма асарларим катта бир иқрорноманинг бўлакларидир.” Бу ҳам дард демакдир. «Анна Каренина – аслида менинг ўзим» - деган Лев Толстойни ҳам худди шу маънода тушуниш мумкин.

Эркин Аъзамов тафаккури теран, файласуф ёзувчиларни айниқса, эъзозлаган, қадрлаган. Ҳамма сўзининг тагига чизиб қўйгингиз келади, дея ҳавас билан қараганларидан бири Асқад Мухтордир. Унинг ҳаёт мантиғи борасидаги«Бахт излаш азоби билан жазолаш» деган шоирона ташбеҳларини бот-бот эслаб туришдан завқ олишлари аниқ. Дуч келган нарса ҳақида дуч келган гапни айтиш, ёзиш бу адабиёт дегани эмас. Сўз санъатини муқаддас тутиш керак, бу гап санъати эмас. Бу ҳам аслида, Эркин аканинг адабий қарашларидан. Асарнинг яралиши муайян вақт билан белгиланмайди. Унинг қоғозга тушириш жараёни икки асосга таянади. Бири воқеликни ақл чиғириғидан ўтказиш, иккинчиси, қалб призмасидан сиздириш асносида акслантириш. Эркин ака бу ҳақда «Адабий матн бир қайновда тайёр бўладиган қиём эмас», - дейиши билан тўла ҳақлидир. Унинг худди шу назарий қарашлари ҳикояларида рўйи рост ўз ифодасини топган.

Сарлавҳа танлаш ҳам санъат, аслида. Яхши ном оллоҳдан инъом деганларидек, асарга қўйилган ном бир томондан диққатингизни тортибгина қолмай, иккинчи томондан асарда дейилмоқчи бўлган мақсадга ишора қилади. Зероки, адабиётнинг вазифаси ҳам шу. Ўзбекистоннинг биринчи профессори Абдурауф Фитрат ҳам адабиёт бу образлар орқали ишорат деган мазмундаги фикрни бежиз келтирмаганлар. Бошқача айтганда, «Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит» қабилида иш тутиш бадиий адабиётнинг тасвир тактикасидир.

Эркин ака томонидан «ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ўзига хос ноёб ҳодиса эди,» - дея таърифланган иқтидорли адиб Шукур Холмирзаев билан боғлиқ хотиротларга қўйилган номга эътибор беринг. «Дўрмон асири». Номнинг ўзиёқ, этингизни жунжиктиради ва сизни ўйга толдиради, мутолаа қилишингиз биланоқ, мушоҳадага чорлайди. Ўзгани баҳолаш аслида, ўзингни баҳолатишдир. Дўрмон хотираларини варақларкансиз, Эркин аканинг Шукур акага бўлган ошкор этилмасдан қалб тубида сақланган пинҳоний меҳру муҳаббатини ҳис этасиз. У ёзувчи ҳақида эмас, ёзувчининг қалби ҳақида ёзади, борини айтади ва ўз қалбини ҳам очиб қўяди деган фикр унга бегона эмас.

"Ҳар гал янги нимадир ёзганингизда бир гапларни айтдим-ов, деб ўйлайсиз ўзингизча. Лекин, бари – денгиздан томчи. Дилдагисини умрнинг охиригача айтиб адо қилиб бўлмас! Муҳим гапни айтиш учун аввало, кўнгилда шундай гап бўлиши керак», - дейди Эркин ака. Бу қатъий хулоса, таъбир жоиз бўлса, хотира ҳукми. Эркин аканинг ушбу мулоҳазаларини уларнинг ўзига ҳам нисбатан қўллаш мумкин. «Шукур аканинг назарида, ҳаётда энг қудратли моҳият – адабиёт, жамиятдаги энг зўр одам – ёзувчи эди. Адабиётга ғайриоддий бир қизғаниш билан қарар, уни баайни норасмий мулкидек кўрар, унга даъвогарларга муносабатда ҳам гоҳо ўта муросасиз эди». Эркин аканинг эътирофи замирида улуғ ёзувчимизга бўлган эҳтиром ва эъзозни ҳам сезмаслик мумкин эмас. Ўхшатишларнинг нақдини топишда Шукур акага хос усуллар Эркин акани ҳам тўлқинтирганини англаш қийин эмас.

«Ёзганларини ҳеч ким ўқимаслиги»га, ўн-ўн беш йиллардан бери биронта ҳам китоби чоп этилмаганига қарамай, Шукур ака болалигида яхши кўрган қаҳрамони Робинзон Крузо мисол, кимсасиз Дўрмон боғида ўтириб, қиссаю ҳикояларини ёзаверади. ...наср майдонида Шукур ака ростдан ҳам Робинзон Крузога ўхшаб ёлғизланиброқ қолган эди".

Эркин ака давр дардини, ёлғизлик изтиробини кўнгил овунчоғи, оғриқ ва яралар малҳами бўлган адабиётга садоқатни Шукур ака тимсолида кўрди.

Aдабиёт ҳаётнинг кўзгуси экан, унинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни борасида фидойилик, жонбозлик зарур. Унинг софлиги учун курашиш, бадииятнинг, нафосатнинг гўзаллиги учун интилиш ёзувчининг ижодий фаолиятида, ҳаётий мезонларида ўз аксини топмасдан қолмайди. Эркин ака адабиётга ёндашган пайтда, баҳо берганда, ушбу сўзларни эътироф этгани ҳам ана шу ақидага содиқлигининг нишонасидир. “Умрим адабиёт нашриётию адабий журналларда хизмат билан ўтди, ўтаётир. Қўлёзма саралашда муаллифнинг ёш-қарилиги ёки бошқа «имтиёз»ларига қараб эмас, ҳамиша муайян нашр талаблари, аввало, адабиёт манфаатини кўзлаб иш тутмоққа ҳаракат қилдим. Беайб Парвардигор, бу борада гоҳо кимгадир етарлича меҳрибонлик қилолмаган ёки талабчанликни ошириб, кўнглини қолдирган бўлсам – айби бўйнимда. Шулардан кимки киройи бир асар ёзиб чиқиб каминанинг ўшандаги хатосини исботласа, қўшилишиб қувонмоққа тайёрман.” Адабиётнинг халққа хизмат қилиши муқаррар экан, у эзгуликнинг байроғи бўлиши лозим.

Эркин аканинг адабиётга жанрий нуқтаи назардан ҳам янгилик киритганини таъкидлаш жоиз. Фиқра деган тушунча бор. У араб тилидан олинган бўлиб «бўлак, парча» деган маъноларни англатади. Бу мақола ҳам эмас, ҳажвиёт ҳам эмас. Унинг фиқралари қатор мақола ва ҳажвияларда айтиш мумкин бўлмаган ҳақиқатни эътироф этиш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир. У новатор ижодкор сифатида фиқрани адабий жанр сифатида адабиётга олиб кирди дейишимиз мумкин. Aдабиёт демак, тафаккур меваси, тафаккур ҳосиласи, ижтимоий, бадиий тафаккурнинг меваси. Шундай экан, Эркин ака «Тафаккур» журналининг бош муҳаррири сифатида ижтимоий-бадиий тафаккур мезонларига масъул, фидойи олим сифатида ҳам қалам тебратмоқдалар. Улар жаҳон адабиёти, хусусан шарқ адабиёти мутафаккирларининг, мумтоз файласуфларнинг фикрларини ақл чиғириғидан ўтказишдан ҳузурланади. Тахайюл тасаввурга, тасаввур тафаккурга йўл очар экан, табиийки, унинг ўзига хос мезонлари бўлади. Бунинг учун етук салоҳият, юксак дид ва таъб, теран тафаккур соҳиби, бошқача айтганда, тафаккур тарозибони бўлиш зарур.

Бугун муборак 70 ёшларини нишонлаётган халқчил, маърифатпарвар адиб, хокисор инсон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин ака Аъзамов ана шундай нисбатга, шарафга лойиқ истеъдод эгасидир.

Рузимурот ЧОРИЕВ,
педагогика фанлари номзоди, доцент

Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,
филология фанлари номзоди, доцент.

8 245
ЎзА