ЎзА Ўзбек

11.04.2019 22:06 Чоп этиш версияси

Тадбир ўқувчи-ёшларнинг фаоллигини юксалтиришга ёрдам беради

Тадбир ўқувчи-ёшларнинг фаоллигини юксалтиришга ёрдам беради

Марҳамат қишлоқ ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларга эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида илгари сурилган бешта ташаббусни қўллаб-қувватлаш, унинг мазмун-моҳиятини ёш авлод ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган фестивалда вилоят касб-ҳунар коллежларининг фаол ўқувчилари иштирок этди.

Фестиваль очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда ёшларнинг пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини тўлақонли намоён этиши учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгани, уларнинг жамиятимизда кечаётган жараёнларда фаол иштирок этиши, турли иллат ва ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш бўйича самарали ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

4.jpg

– Ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спорт соҳасига жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмасини ошириш мақсадида ўтказилган фестивалда барча коллежлар жамоалари фаол иштирок этди, – дейди вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Илҳомжон Ортиқбоев. – Тадбир ўқувчи-ёшларнинг фаоллигини юксалтириш, уларни бир мақсад атрофида бирлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга ёрдам берди.

Фестиваль доирасида таълим муассасаларида ташкил этилган санъат ва мусиқа тўгараклари жамоаларининг чиқишлари, ёшлар томонидан тайёрланган мусаввирлик асарлари, ҳунармандлик буюмлари ҳамда миллий либослар кўргазмалари намойиш этилди. “Қувноқлар ва зукколар” беллашуви, мушоира, спорт мусобақалари ўтказилди.

Компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш, китобхонликни тарғиб этиш, шеърият кечаси, мунозара-мулоқот, давра суҳбатлари, шунингдек, битирувчи қизларни ишга жойлаштириш борасида касб-ҳунар коллежларида амалга оширилаётган ишлар бўйича ташкил этилган тадбир ва кўргазмалар барчада катта қизиқиш уйғотди.

Ёшларга кўтаринки кайфият, шижоат бахш этган фестиваль доирасида ўтказилган танловлар, спорт мусобақалари ғолиблари, давра суҳбатлари, мунозара-мулоқотларда фаол иштирок этган ёшлар касб-ҳунар таълими бошқармаси томонидан муносиб рағбатлантирилди.

6.jpg

8.jpg

Ф.Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзA
4 196