ЎзА Ўзбек

10.12.2019 Чоп этиш версияси

Тўқмоқланган сўқмоқ

Тўқмоқланган сўқмоқ

Она тилим - олтин сандиғим

Тилимизда одамлар қатнови натижасида ўз-ўзидан юзага келган ёлғизоёқ йўл “сўқмоқ” деб аталишини яхши биламиз. Хўш, бу сўз асли қандай пайдо бўлган? “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да изоҳланишича, “сўқмоқ” сўзининг илдизи “ур” маъносидаги “сўқ” феълидир. “Сўқди” феъли ҳозиргача тилимизда бор. Масалан, “Сўқолмаган сўйил кўтарар” деган мақол ва “Гап сўқиб юради” деган ибора бор.

“Сўқмоқ” сўзидаги “-моқ” қўшимчаси такрор маъносини ифодалайди. Демак, “сўқмоқ” сўзи “қайта-қайта урмоқ” маъносидан келиб чиққан. Яъни пиёда қатнов натижасида қайта-қайта тепкиланиб босилаверган жойдан сўқмоқ юзага келган.

Олақор

Тоғ чўққилари ва ёнбағирларида олачалпоқ бўлиб қолган, тош устлари эриб, қорайиб кўринган қор ва ана шундай қорли жой тилимизда “олақор” сўзи билан ифодаланади. Мен бу сўзни одамлардан эшитганман. Тўра Нафасовнинг китобида унинг изоҳига дуч келдим.

Бу сўз ҳозир бизда жуда кам ишлатилади. Лекин, муҳими, ифодаланиши бир неча жумлани талаб қиладиган шундай манзарани бир сўзда тасвирлаб берадиган сўз тилимизда мавжуд. Бундан фойдалана билишимиз ва уни кенг истеъмолга олиб киришимиз керак. Бу сўз халқ қўшиқларида ҳам келган:

Тоғлар боши олақор,

Олақордан сув оқар.

Юпатди

Фалончи пистончини юпатди” деган гапда заррача салбий жиҳатни сезмаймиз, аксинча, кўнгилга қараш, бировни алқаш, ўзгани эҳтиётлаш маъносидаги яхши жиҳатларни тушунамиз. Лекин манбаларнинг гувоҳлик беришича, бу сўз аслида “алдади”, “бошқа бировга тўнкади”, “билиб туриб билмасликка олди” деган маъноларни англатар экан.

Ёши ўтгани сари баъзи одамлар ёмон қилиқларини ташлаб, яхши томонга ўзгариб боргани каби баъзи сўзлар ҳам салбий маънодан ижобий томонга ўзгариб кетади.

Эшқобил ШУКУР,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

"Бобо сўз изидан" китобидан


2 281
ЎзА