ЎзА Ўзбек

14.08.2019 15:13 Чоп этиш версияси

Стевия ўсимлиги ҳақида эшитганмисиз? Натижалар ҳайратланарли

Стевия ўсимлиги ҳақида эшитганмисиз? Натижалар ҳайратланарли

Буни қарангки, стевия ўсимлиги дамламасидан олинадиган стевиозид моддаси шакардан 150 баробар ширин, стевиозидни қайта ишлаш натижасида олинадиган ребадиозид моддаси 300 баробаргача тотли экан. Бундан ташқари, таркибида кварцетин, рутин, минерал моддалар – кальций, фосфор, калий, рух, хром, магний, селен, мис сақлайди. Ҳамда А, С, Е, В гуруҳи витаминлари мавжуд.

Шунингдек, у ўта шифобахш ҳамдир. Яъни унинг ширинлик даражаси юқори бўлса-да, қандли диабет билан хасталанган беморларнинг ширинликка бўлган чанқоғини қондиришда қўл келади. Ваҳоланки, бундай беморларга ширинлик мумкин эмас. Стевия ширинлиги эса бунга халақит бермас экан...

Ушбу ўсимликнинг яна қандай шифобахш хусусиятлари бор? Замонавий тиббиётда қўлланилиш даражаси қандай? Мамлакатимизда ҳам стевия етиштириладими? Ана шу саволлар юзасидан ЎзА мухбири Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги доривор ўсимликлар хомашё базасини яратиш ва доривор препаратларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўлими мутахассиси Сарвар МИСИРОВнинг фикрлари билан қизиқди.

– Стевия ўсимлиги инсон иммунитетини оширишда ҳам жуда қўл келади, – дейди С. Мисиров. – Қандли диабетни даволашда самарали восита бўлиб, қон айланишини ва қон босимини маромига келтиради. Мия қобиғини мустаҳкамлайди, паришонхотирликни яхшилайди. Аъзои танада моддалар алмашинувини тиклайди, эндокрин безлари фаолиятини мўътадиллаштиради, нобуд бўлган ҳужайра ва тўқималар тикланишига ёрдам беради. Оғриқни бартараф қилиб, бактерия ва замбуруғларга қарши курашишда яхши восита. Меъда-ичак йўллари фаолиятига фойдаси катта. Танадаги ортиқча ёғларни парчалаш хусусияти борлиги боис, семиришнинг олдини олади. Заҳарланиш кучини қирқади. Тамаки ва спиртли ичимликка бўлган майлни сўндиради. Ўпка, диққинафаслик, тиш ва милк касалликларини даволашда қўл келади. Шунингдек, стевия ақлий ва жисмоний толиқишни бартараф этади. Ошқозон ва меъда-ичак йўли касалликларига ҳам шифо. Саратон (рак) – онкологик хасталикларни даволашда қўлланилса, ўсмалар ўсишининг олдини олади. Энг муҳими истеъмолда меъёри чегараланмаган – инсон организми учун салбий таъсири кузатилмайди. Шу боис, стевия ўсимлигини дамлама сифатида истеъмол қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳам тавсия қилинган.

Стевиядан жароҳат олганда, куйганда, яра ёки чипқон чиққанда ҳам фойдаланиш мумкин. Бунда ўсимлик барги ювилиб, ўша жойга малҳам сифатида қўйилади. Зарарланган жойни ювиш учун эса стевия қайнатмаси ва дамламасидан фойдаланиш мумкин. Стевия чойи билан бош ювилса, соч ўсиши тезлашади, соч жилоланади ҳамда бошдаги қазғоқлар кетади.

Фармацевтикада гиёҳларга ихтисослаштирилган корхоналар томонидан тайёр ҳолда стевия қадоқланган қутида чиқарилади. Уни уйда хона гуллари сифатида ҳам ўстирса бўлади. Стевияни хасталикларни даволашда илиқ ҳолда қўллаш талаб этилади.

Юртимизда стевияни ўстириш ҳамда чуқур қайта ишлаш жараёнлари тўлиқ ўрганиб чиқилган. Уни уруғлантириш, қаламча усули билан кўчат етиштириш қўлланиб келинмоқда. Натижалар эса ҳайратланарли. Заминимизда парваришланган ўсимликдаги стевиозид моддаси дунёнинг бошқа мамлакатларида етиштирилганига қараганда анча юқори – 19,7 фоизни ташкил қилади. Мазкур кўрсаткич ҳатто стевия ўсимлигини етиштиришда илғор бўлган Жанубий Кореяда 16 фоизга тенг экан. Бунинг сабабини республикамизнинг ўзига хос иқлими билан таснифлаш мумкин.

Юртимизда ушбу йўналишдаги ишларга, жумладан стевия ўсимлигини етиштириш ва қайта ишлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Моҳигул ҚОСИМОВА, ЎзА
4 827