ЎзА Ўзбек

06.03.2019 Чоп этиш версияси

Спортни ҳаёти мазмунига айлантирган қиз

Спортни ҳаёти мазмунига айлантирган қиз

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни

Севара Мардонова билан вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан Термиз давлат университетида ўтказилган тадбирлардан бирида танишиб қолдик. Ўшанда эндигина 21 баҳорни қарши олган бу қизнинг спортда эришган ютуқларига ҳавасим келди. Мавриди бўлганда бирор мақола ёзишни кўнглимга тугиб қўйдим.

Баҳор фаслининг илк кунларида уни сўроқлаб, Сурхондарё вилоят ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасига бордик. Севара билан ўқувчилик даври, спортда эришаётган ютуқлари ва хизмат вазифаси ҳақида суҳбатлашдик.

9cfcd68a-14a3-4cbe-a0ab-888b8821e0de.jpg

У болаликдан спортнинг қўл жанги турига меҳр қўйган. Бу йўналишда маълум ютуқларга ҳам эришган.

Болаликдаги орзуси банк ходимаси бўлиш эди. Лекин ота касбига ҳам ҳавас йўқ эмасди. Шундай бўлса-да, кун келиб, ички ишлар идорасида хизмат қилаётган отаси Баҳодир Мардоновнинг касбини эгаллашни хаёлига келтиролмасди.

Севара 9 ёшида қўл жанги машғулотларига қатнай бошлади. Эпчил ва ҳаракатчанлиги билан устозлари эътиборига тушди. Бу тенгдошларидан қўли баланд келаётгани қизалоққа ўзгача руҳ бағишлади. Чунки у шаҳар ва вилоят мусобақаларида совринли ўринларни эгаллаётган эди.

Бу спорт тури билан икки йил шуғуллангач, аниқроғи, Термиз шаҳридаги 12-умумтаълим мактабининг 7-синфида ўқиб юрганида мамлакат чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Дастлабки йили омад кулиб боқмади. Лекин тушкунликка тушмади. Аксинча, янада жиддийроқ шуғулланишга аҳд қилди.

– Ўшанда қўл жанги ҳаётим мазмунига айланганини теран ҳис этдим, – дейди вилоят ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи сафдор ходими С.Мардонова. – Машғулотлардан ташқари ўзим ҳам мустақил шуғуллана бошладим. Кейинги мусобақаларда беш марта Ўзбекистон чемпиони бўлдим. Бу ютуқларимдан ота-онам ва устозларимнинг қанчалик севингани ҳали-ҳануз кўз олдимдан кетмайди. Бироқ мен мактабда аъло баҳоларга ўқиб, келажакда банк тизимида ишлашни кўнглимга тугиб юргандим. Шу мақсадда спорт машғулотларида фаол иштирок этиш билан чекланиб қолмай, кундалик дарсларни ҳам чуқур ўзлаштиришдим.

6bb9e313-4c6e-4964-906d-f3446e88e453.jpg

Бундан олти йил муқаддам умумтаълим мактабини битирган Севара болаликнинг тизгинсиз орзулари билан Термиз ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежининг банк иши йўналишига ҳужжат топширди. Ўзи севган касб сирларини мукаммал ўрганишга киришди. Бироқ спортни ҳам ташлаб қўймади. Устози Баҳодир Турсуновдан қўл жанги сирларини янада чуқур ўрганишга вақт топди. Коллежнинг иккинчи босқичида ўқиб юрганида олтинчи марта Ўзбекистон чемпионлигига эришди. Коллежни тугатган йили Тошкентда ўтказилган Осиё очиқ чемпионатида қатнашди. Беш давлат вакиллари қатнашган мусобақада омад кулиб боқмади. Қозоғистонлик рақибини мағлубиятга учратган Севара финалда ютқазиб қўйди.

– Коллежнинг учинчи босқичида ўқиб юрганимда банк соҳасида ишлашга эмас, беихтиёр отамнинг касбига қизиқишим устун кела бошлади, – дейди Севара. – Ўшанда акам Баҳриддин ички ишлар идорасига ишга ўтган эди. Бу соҳада спорт билан мунтазам шуғулланаётганим қўл келишини, ота касбини эгаллаш фарзанд учун шараф эканини англадим. Бу шарафли, аммо машаққатли эканини билсам ҳам шу касбга меҳрим ошди. Ички ишлар идорасига ҳужжат топшириб, спорт билан шуғулланишни узлуксиз давом эттирдим. Ўша йили яна Осиё очиқ чемпионатида қатнашиб, эронлик, қирғизистонлик қизларни мағлуб этдим. Кутилмаганда россиялик рақибимнинг қўли баланд келиб, учинчи ўринни эгалладим.

Айни пайтда вилоят ички ишлар бошқармаси ходими Севара Мардонова спортнинг қўл жанги тури бўйича янада баланд чўққиларни эгаллаш орзусида. Турмуш ўртоғи ички ишлар идораси катта сержанти Журъат Нарзиев ҳам спортнинг қўл жанги тури бўйича Ўзбекистон чемпиони.

– Спорт билан дўст тутиниб, кам бўлмадим, – дейди Севара. – Таним соғ, узоқ-яқиндан дугоналар орттирмоқдаман. Ички ишлар идорасига имтиёзли ишга жойлашдим. Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёшлар сафида кўрилиб, имтиёзли шартлар асосида янги қурилган уйга эга бўлдик. Буларнинг барчаси биз, хотин-қизларга кўрсатилаётган эътиборнинг ёрқин ифодасидир.

4 804
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА