ЎзА Ўзбек

15.02.2020 Чоп этиш версияси

СОҚОЛ

СОҚОЛ

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов 2009 йилнинг 21 декабрида вафот этган эди. Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ўзбек адибларининг энг сўнггиси эди. Ха! Сўнгги Могикан.

Одил Ёқубовдан ўша вақтда Ватан уруши, деб аталадиган жанглар таъсирида ёзилган улкан мерос қолди. “Эр бошига иш тушса”, романи, “Излайман” қиссалари,“Қайдасан Морико” ва бошқалар. Ҳавола қилинаётган бу ҳикоя салкам 50 йилдан кейин қайта нашр юзини кўрмоқда.

Бу асар бугунги кун ёш авлодга ибратлидир.

photo_2020-02-15_11-01-33.jpg

СОҚОЛ

Фронтда мард ўғлон, тинчлик чоғида

қўли гул инсон, уста Умрбек отага

бағишлайман.

Одил ЁҚУБОВ

Ҳунар- ҳунараст, беҳунар хораст... Ҳунар демоқчи қизиқ бир ҳангома эсимга тушиб кетди, бекор ўтиргандан кўра айтиб берай, ука. Қирқ учинчи йилнинг куз ойлари фронтга тушдим. Ерда қор йўқ ҳисоб, аммо совуқ-чи, туф десанг туфук ерга тушмайди.

Биз борадиган куни тонготарда қаттиқ жанг бўлиб, душман ашқол-дашқолини ташлаб қочган экан, қувиб кетаётганларга қўшилиб, биз ҳам қувиб кетдик. Елкамда милтиқ.Аммо-лекин взводимизда битта станковой пулемёт бор эди, навбатма –навбат судраймиз, сабаб пулемётчиларнинг ўзларига ташлаб қўйсангиз, ротадан қолиб кетасиз.

Бир маҳал денг, пулемёт тушмагурнинг бир ғилдираги ғилдирамй қолса бўладими!

Пулемёт шунчаки бир буюм эмаски, уни саккиз бўлиб кўтарсангиз, ҳар бўлаги ҳар бўлаги сал кам икки пуд келади. Взводда десангиз, ҳаммаси бўлиб йигирма чоғлик солдат бор, қарабсизки кўз очиб юмгунча навбат келиб турибди! Ҳаш-паш дегунча ўпкамиз шишиб, текис жойда қоқилиб қолдик.

Ҳар тўхтаганимизда пулемётчилар у ёқда қолиб, пулемётга взводу рота командиригача ёпишишади. Аммо сирини топишолмайди. Туркистон депосида ўн йил ишлаб, қилмаган ҳунарим қолмаган, бир ўйим: у ёқ-бу ёғини бир айлантириб кўрайми, дейману тағин: ўзинг-ку, ротага ҳали замон қўшилдинг, билағонлик қилиб деб, ўпкамни босаман.

Бир маҳал рота командиримиз хуноби чиқиб: “Техникани яхшироқ биладиган бирон одам борми? Ким шу пулемётни тузатса... бир котелок қўшимча шавла!” деб қолди.

Таваккал қилиб даврага тушдим.

photo_2020-02-15_11-01-34.jpg

Аввалига ишонқирамай туришади-ю, бошқа ҳеч ким отилиб чиқмагандан кейин, қўйиб беришди. Бундоқ ғилдиракни ушлаб айлантириб қарасам – орқага айланди-ю, олдинга айланмайди!

Техникани тилини билганлар тушунади: жамики ғилдирайдиган нарсалар-да “самоторможение” дейдиган дард бўлади. Бир мурвати сал қийшайиб қолса бас, шу дардга учрайди-қолади, яъни орқага айланса айланадики, олдинга айланмайди. Қарасам ўша самоторможение!

Дарҳол ғилдиракни қопқоғини очиб, қийшайган мурватини штик билан тўғрилаб қопқоғини қайта очиб қўйдим: қарабсизки, урчуқдай айланиб турибди!

Солдатлар хурсанд, Командир бўлса, бир котелок шавлани икки қўллаб тутиб турибди! Гап шавлада эмас, ука, ҳунарда. Ҳунар бўлмаса ким билади, бир рота одам қанча одам овора бўлардик!

Шу-шу, бизни тез-тез йўқлаб келадиган бўлиб қолишди. Масалан, бирорта посёлкадан фашистни қувиб чиқарамиз Дарҳол:

— Электрнинг тилини биладиган монтёр борми? — деб суриштириб қолишади.

— Мана биз биламиз! — дейман.

Депода ўн йил юриб, қилмаган ишим қолмаган, ука. Монтёрликдан ҳам хабарим бор. Бориб, движок бўлса юргизиб, бирор шикаста бўлса тўғрилаб бераман. Ҳамма хурсанд.

Бир маҳал тағин излаб келишади:

— Мотордан хабари бор одам борми?

— Мана,биз биламиз моторнинг тилини!- дейман.

Бориб қарасам, штабнинг машинаси катта йўлда пат-пат қилиб турибди. Уч ойлик курсни битирган ўн етти яшар шофёр- солдат капотни очиб, кўзини лўқ қилиб турибди. Ҳайдашни зўрға ўрганган жўжахўроз моторнинг нозик тилини қаёқдан билсин?

Тагига кириб, устига чиқиб, у ёғини бураб, бу ёғини бураб, ғириллатиб бераман. Қарабсизки, штаб бошлиғи раҳматнома ёзилган буйруққа бир буханка нон қўшиб беради. У маҳалда бир буханка нон пиёда тугул, отлиққа ҳам йўқ.

Буйруқни чўнтакка жойлаб, бир буханка нонни ёр-биродарлар билан баҳам кўриб, шавла билан тушириб оламиз. Оғайниларим хурсанд. “ Молодес- молодец , Набиев!” дейишиб, ер-кўкка ишонишмайди.

Бир кун десанг, салкам тўрт соатлик артподготовкадан кейин бир ёқдан танк, бир ёқдан пиёда аскар ҳужум қилиб, душманни зўр бир истеҳкомдан қувиб чиқдик. Лекин истеҳкомнинг нариёғи катта дарё экан, тўхтаб қолдик. Мудофаага ўтилсин, деган буйруқ келди.

Урушда душманнинг бир иши мени ҳали-ҳали ҳайрон қолдиради, ука. Бир жойда мудофаага ўтадиган бўлса, худди беш кун уруш эмас, беш юз йил яшайдигандай иш қилади. Ҳар блиндаж, ҳар ер — тўлаки, шоҳона қаср дейсиз!

Неча кун совуқ окопларда ётиб ях бўлиб қолган мендай солдатларга роҳати жон бўлди-қолди. Снаряд тушиб вайрон бўлган бир блиндажнинг у ёқ-бу ёғини тузатиб, ўртага гулхан ёқиб исиниб ўтирувдик, бир маҳал командир келиб қолди.

— Набиев борми?

— Шўттабиз, ўртоқ капитан!

— Печка тузатишни биласанми?

— Билганда қандоқ, ўртоқ капитан, гуриллатиб юборамиз!

— Қойил, Набиев! — деди командирим. — Билмаган ҳунаринг йўқ-а! Қани, юр!

Ўрмон оралаб, қалин қарағайзорнинг бир блиндажга бордик.Бояги блиндаж ҳам блиндажми, кўриб оғзим очилиб қопти. Сизга ёлғон, худога чин ука: тагига гилам тўшаб, тўрига сим каравотлар қўйиб қўйибди фашист! Ўртадаги столда денг товуқ гўшти-ю, очилмаган коньяк шишалари қаторлашиб турибди.

Фашистнинг ҳафсаласини айтаман: блиндажнинг бир томонини пишиқ ғишт билан қалаб, девор печка қуришган экан. Бундоқ синчиклаб қарасам, печканинг кони бошқача – корейс тандирининг конига ўхшаб, девор орасидан айлантирилиб ясалган экан, “Ҳа-а бизнинг қиш жон жонингдан ўтиб кетган экан-да!” деб кулди-му болға билан ҳар ғиштни битта – битта уриб, кон ўтган жойларни аниқлаб олдим. Кейин уч-тўрт жойдан тешдим. Қарасам, худди ўзим ўйлагандай: артподготовка пайтида ғиштлар жойидан кўчиб, мўриси бекилиб қолибди!

Генералнинг солдати билан бирга мўрини тозалаб ўт ёқувдик, боя айтганимдай, гуриллаб кетди!

Иккимиз ҳам хурсанд, печкани гуриллатиб қўйиб, гап сотиб ўтирувдик, бир маҳал дивизия командири келди.

Ёши олтмишлардан ошган, нимжонгина бир генерал экан, гуриллаб ёниб турган печкани кўриб, яйраб кетди.

Печкани мен тузатганимни эшитиб:

— Қани бўлмаса,устани бир меҳмон қилайлик, — деди солдатга. Когсерва-ларингни оч, топганини опкел!

“Меҳмон қилайлик” гапни эшитиб, биз ҳам очилиб кетдик, ука.

— Хўш солдат, қанақасидан ичасан? Немис коньягиданми ё ўзимизнинг арақданми? — деб сўраб қолди генерал.

— Ўзимизнинг арақ яхши, ўртоқ генерал!-дедим.

Генерал бир кулиб қўйди-ю, катта стаканни тўлдириб узатди. Мен ҳам денг, кинодаги Соколовга ўхшаб, стаканни битта кўтардиму консервага ёпишдим:

Генерал ўзи ҳам қиттайгина отиб:

— Қаердан, қайси миллатнинг фарзанди бўласан? — деб сўраб қолди.

Бояги шайтон ичга кириб, қонни кўпиртира бошлади-да! Бир қизиқчилик қилай деб, ўрнимдан туриб честь бердим:

— Товарищ генерал! — дедим русчалаб-

Я сын страны Узбекистан,

Где девушки цветут, как тюльпан.

Где виноград “дамские пальчики” растёт,

И веселый, храбрый народ живёт!

Генерал куламан деб қотиб қолди.

Алламаҳалгача гаплашиб ўтирдик. Генерал мени тоза гапга солди, мен ҳам солдат латифаларимдан гапириб бериб, роса кулдирдим. Ахири оилам, болаларимни сўраган эди, яна қизиқчилик бўлсин деб:

— Саккизта болам бор! — деб юборувдим, генерал:

— Соқолинг бўлмаса ёш кўринасан-ку! — деди ҳайрон бўлиб. — Нечага кирдинг?

— Элликка бориб қолдик, ўртоқ генерал! — дедим.

Соқолдан ўзим бехабар эканман, кечаси ойнага қарасам, соқол жонивор тўрт энлик ўсиб, жингалак-жингалак буралиб турибди.

“Шошма, дедим ўзимча. Соқолда гап кўп. Яхшилаб парвариш қилиш керак буни!”

Шу кундан бошлаб соқолни форум қилиб, учларини қайчилаб тараб, парвариш қила бошладим. Соқол ҳам денг, парваришни жойига қўйиб, силаб-сийпаб тургандан кейин бир гуркираб, ўсиб бердики, ҳаш- паш дегунча кўкракка тушиб қолди.

Кўриб турибсиз, ука, худо бўй бастдан кам қилмаган. Бунинг устига кўкракни тўлдирган кетмон соқол! Қарабсизки, ротадан биздан басавлат одам йўқ. Бир-пасда номимиз ”отец” бўлиб қолди. Ёш солдатлар “отец, отец” дейишиб, ер-кўкка ишонишмайди. Окоп кавлайдиган бўлсак, отец, сиз дам олиб туринг, ўзимиз қазиймиз деб, қўлдан белкуракни олишади, овқатга борадиган бўлсак, қани, отец, котелокни беринг, ўзимиз олиб келиб берамиз, деб ёлворишади. Соқол эмас, жоннинг роҳати!

Аммо-лекин соқолни қўйишга қўйибмизу бир нарсани ҳисобга олмабмиз: устав бўйича солдат соқол қўйишга ҳақи йўқ экан. Командирларимиз ҳам аввал бошда эътибор беришмаган эди, бир кун чақириб қолишди.

— Набиев, соқолингни олдир!

— Жон ўртоқ лейтенант! Жон ўртоқ капитан! Ўзбек халқида эркак зоти қирқдан ошганда соқол қўймаса гуноҳ ҳисобланади. Нима десаларингиз майли, аммо- лекин соқолга тегманглар,- деб ёлвораман. Қўлимда ҳунар, бир гапларингни икки қилмасдан “хўп бўлади”, деб честь бериб тураман, илтимосимни қайтаришолмади. Лекин бир икки кун ўтмасдан яна чақиришди.

— Набиев, соқолингни комбат кўрибди. Бизга қаттиқ танбеҳ берди олдирмасанг бўлмайди.

Яна ёлвораман : жон лейтенат! Жон капитан , бир бало қилинглар, дейман. Соқолни олдиришнинг сира иложи йўқ...

Ҳурматим яхши, ҳар қанақа буйруққа “хўп” деб тураман, яна гапимни қайтаришолмади.

— Майли, боравер, аммо лекин комбат кўриб қолса ўзинг жавоб берасан!

— Хўп, бўлади. Албатта ўзим жавоб бераман, -дедим. Қўйинг-чи, у бўлди- бу бўлди, орадан беш-олти ой ўтиб кетди. Бу орада биринчи номер пулемётчи бўлдим. Кўкракда қўш орден, соқол ҳалигидақа. Ҳурмат жойида. Хуллас калом ишлар беш. Ўзимиз ҳам денг, фашистни зир югуртириб, чегарага яқинлаштириб қўйдик. Ўхтин- ўхтин уч-тўрт кун дам беришади. Шундай пайтларда этикларни тозалаб, кийимларни чўткалаб, соқолни қайчилаб, бундоқ атрофни айлангудек бўлсам, ёш солдатлар узоқдан генерал келяпти деб ўйлашиб, честь бериб серрайиб қолишади. Кейин оддий солдат эканимни кўриб, бирови кулади, бирови анграйиб қолади...

Бир кун- ўшанда ҳам бир ҳафталик қаттиқ жангдан кейин, уч-тўрт кун дам олишга чиқувдик, яна командир чақириб қолди

— Набиев! Энди соқолингни олдирмасанг бўлмайди!

— Жон ўртоқ капитан!

— Ҳеч қанақа жон-пони йўқ!- деди командир. – Бу сафар сира иложи йўқ. Батальонни текширгани инспекция келаётганмиш. Комбат қаттиқ буйруқ берди.

— Ўша инспекцияга ўзим жавоб берсам-чи, ўртоқ капитан?

— Инспекция сени бошига урадими?Инспекция мана биздан талаб қилади. Гап битта, Набиев! Командирнинг буйруғини қайтариб бўлмаслигини биласан.

— Биламан, ўртоқ капитан, лекин...

— Лекин – пекини йўқ. Ҳалиям шунча пайт сени ҳурмат қилиб, шунча пайт қўйиб бердик. Буйруқни бажармасанг гаупвахтага тушасан, уқдингми?-

— Уқдим ўртоқ капитан, лекин...

— Яна лекин дейди-я! Сен гапга тушунасанми, йўқми? Бор, кўзимга кўринма!

Хайрият “гаупвахтага марш!” демади. Ҳурмат қилгани учун-да, бўлмаса фронтда командирнинг буйруғини бажармай кўринг-чи, нима бўлар экансиз! Ўзим ҳам қилгуликни қилиб қўйиб, командирни ранжитганимдан ўкиниб, окопга юзтубан тушиб ётувдим, бир маҳал капитан яна чақиртириб қолди.

Бордим. Капитан юзимга қарамайди хафа.

— Ҳозир комбат билан гаплашдим , Набиев. Эртага кўрикка чиқасан. Агар инспекция кўриб қолиб, соқолингни нега олдирмадинг деса... жон полковник, жон генерал деб ўтирмайсан. Буйруқни бажармадим дейсан, вассалом. Бошқа гап айтмайсан! Уқдингми?

— Уқдим, ўртоқ капитан!

— Уқдим дейди-я! Нима бўлишингни биласанми ўзинг?

— Майли, ўртоқ капитан. Бошга тушганни кўз кўрар, деган гап бор бизда...

— Кругом марш! — деди капитан.

Командирнинг олдидан чиқиб, ўйланиб қолдим. Шу битта соқолни деб, бошим балога қолмаса эди, дейману уни олдириб ташлашга кўзим қиймайди. Нега десангиз, ўзиям соқолмисан соқол эди-да, ука. Ҳозирги соқол ҳам гапми: нақ кўкракка тушган хўп кўркам бир соқол бўлувди-да, иним!

Гапнинг пўскалласи, соқолни олдиришга кўзим қиймади-ю, таваккал қилиб ҳозирлик кўра бошладим: кечаси билан ухламай этикларни кўзгудек қилиб ялтиллатдим, тугмаларини ишқалайвериб, олтиндек чарақлатиб юбордим. Хуллас калом, эрталаб пилоткани пешонага қия қўндириб, орден-медалларни жаранг-журунг қилиб, мўйловни бураб, соқолни тараб, кўрик бўладиган жойга чиқиб бордим.

Ўрмоннинг орасида бутун батальон рота-рота бўлиб саф тортиб турибди. Бир маҳал инспекция ҳам келиб қолди. Машиналардан ҳали тушишяпти-ҳали тушишяпти, охири кўринмайди. Бир рота одам, денг! Энг кичиги майор, бўлмаса ҳаммаси полковнигу генераллар!

— Ё худо, ўзинг обрў бергайсан!-деб турибман ичимда. Биз баъзан у-бу деймизу, ука, аммо лекин гоҳо одамнинг тилаги рўёбга чиқиб қолади. Бир пайт бундоқ тикилиб қарасам, роталарни битта-битта кўздан кечириб келаётган инспекциянинг бошлиқларидан бири- ўзимизнинг командиримиз! Ўша қишда печкасини тузатиб берган кекса генералим!

— Э худо, ишқилиб ўзинг омадимни бергайсан!- дейман ичимда.

Бир маҳал олдинда келаётган генерал мени кўриб қолди, кўриб қолди-ю, қовоғини солиб комбатга қаради.

— Бу солдат нега соқол қўйган? Ким рухсат берди унга?

— Бу солдатга соқол қўйишга ҳеч ким рухсат берган эмас, ўртоқ генерал! –деди. – Биз унга соқолингни қириб ташла, деб неча марта айтдик, аммо қириб ташламади. Ўзи яхши солдату, аммо... буйруқни бажармади, ўртоқ генерал!

Генерал хўмрайганча менга қаради:

— Сен нега буйруқни бажармадинг? Қанақа солдатсан? Кимсан ўзинг?

Мен бир қадам олдинга чиқдим, честь бердиму овозимнинг борича:

— Товарищ генерал! — дедим русчалаб.

Я сын страны Узбекистан,

Где девушки цветут, как тюльпан,

Где виноград “дамский пальчики” растет

И веселый, храбрый народ живет!

Генерал бундоқ тикилиб қаради-ю: “Э-э, сен ўша устамисан?” деб хахолаб кулиб юборди.

Солдатлар ҳам ўзларини зўрға тутиб туришган экан, ўрмонни бошларига кўтариб кулиб юборишса бўладими! Бўлди кулги, бўлди кулги. Дивизия командирининг кулганини кўриб, ёнидаги генерал ҳам хахолаб юборди. Ўзиям шўх одам экан соқолимни кўрсатиб:

— Мен бўлсам, солдатларнинг орасида бу генерал нима қилиб турибди, деб ҳайрон бўлибман, — деб кулади, шоввоз!

Ахири дивизиямиз командири комбатга қараб:

— Бу одамни йўлга сололмаган бўлсангиз, дивизия штабининг ихтиёрига юборинг! — деди. Ўзим гаплашиб қўяман бу солдат билан.

Эртасига ашқол-дашқолларимни кўтариб дивизияга қараб кетдим. Аммо омад келганини қаранг, бир ҳафтадан кейин ундан ҳам юқорироққа, армия қурол- аслаҳа устахонасига олиб кетишди. Елкамга “старшина”лик погонини тақишиб, старший мастер қилиб қўйишди. Қиладиган ишим бузилган қурол-яроғларни тузатаману генералнинг пистолетларини кўриб бераман! Обрўйим шунчалик ортиб кетдики, Берлинга яқинлашганимизда ихтиёримга битта мотоцикль бериб қўйишди. Юраман миниб... Соқол дейсизми? Ўша- ўша ҳеч ким соқолга тегмайдиган бўлди. Э-ҳа, ука, уста аканг, оёғида ғарч-ғурч хром этик, эгнида офицерлар киядиган шерсть гимнастёрка, мотоциклни миниб, Берлин кўчаларидан ўтганимда, манман деган капиталистлар совет генерали келяпти деб честь бериб турарди!Ҳа!...

Аммо лекин, ука, бунинг ҳаммаси ҳунар орқасида бўлди. Ҳунар бўлмаса, бунақа соқолу бунақа иззат-икром қаёқда. Ҳа, ота-боболаримиз: “Бир йигитга етмиш икки ҳунар оз”, деб бекор айтишмаган экан.

1968 йил

Нашрга тайёрловчи: Искандар Ёқубов


2 984
ЎзА