ЎзА Ўзбек

26.06.2020 Чоп этиш версияси

Сиз билмаган Новвот опам...

Сиз билмаган Новвот опам...

Ҳар гал Шўрчига борсам, у бино қаршисидан ўтишимга тўғри келади. Йилларнинг ҳукмила у бир неча маротаба қайта таъмирланган, кимгадир ошён, яна бирда савдо дўконига айланиб, элнинг оғирини енгил қилган бўлсада, кўзимга ғариб кўринаверади. Асл қиёфасини мендан яшираётган қадрдонимга ўхшайди...

Эсимда...

Иккинчи синфга борган вақтларимиз бу бино кутубхона бўлиб, унда чеҳрасидан нур ёғилиб Новвот опамиз ўтирарди. Эҳ-ҳе, кимлар келиб, кетмасди бу ерга. Фақат биз юрак ютиб, киришга ийманардик.

Бир куни дарсдан қайта туриб, яна кутубхона деразасидан мўраладик. Туш маҳали, китобхонлар камлигиданми, Новвот опанинг эътибори бизга тушди. «Яна мўралаб турибсизларми? Қани буёққа келингларчи», деди кулиб. Биз бироз тараддудланиб, кутубхонага кирдик.

- Нечинчи синфда ўқийсизлар?

- Иккинчи синфда...

- Катта бўлиб қолибсизларку, китобларни шарриллатиб ўқияпсизларми, энди?

Биз уч дугона бир-биримизни мақташга тушдик.

- Ундай бўлса, буёғига бизнинг фаол китобхонларимиз бўласизлар. Мана сизлар учун «Ғунча», «Гулхан» журналлари ҳам бор. Унда тенгдошларингизнинг ҳикоя, шеърлари чоп этилган. Китоб ўқиб, яхши билим олсаларинг, сизлар ҳам журналда чиқасизлар.

Бу гап далда бўлдими, биз дадил китоб жавонлари оралаб кетдик.
Биласиз, бола қалбини рангин китоблар мафтун этади. Ҳар бир сувратдан ўзимизча, маъно излаймиз. Бири биридан кўркам китоблардан қайсини танлашни билмай тараддудландик...

Китобларни танлаб, Новвот опамизнинг столига яқинлашган эдик, ҳамқишлоғимиз Асомиддин ака бир даста китоб билан кириб келди. Ўртада савол-жавоб бошланди. Асомиддин ака китобларда акс этган воқейликларни Новвот опа билан муҳокама қилишга киришганда биз дугоналар бир-биримизга хавотирланиб қараб қолдик. Китобни ёдлаб, айтиб бериш керак эканда, деган ўй бизни қийнай бошлади. Кутубхонага кирганимизга афсусландик...

Орадан ўн кун ўтса ҳам олган китобимни топширмадим. Уни қайта-қайта ўқидим. Ёд олишга ҳаракат қилдим. Ҳар гал Новвот опанинг саволомуз нигоҳи кўз олдимга келаверди.

Бир куни дарсдан қайтаётганимизда Новвот опа йўлимизни тўсди.

- Ҳа, ойқизлар, китобларни ўқиб бўлдиларингми? Уни бошқаларга ҳам беришимиз керак, сизларга эса янгилари келган.

Китоб олганимга яна бир бор пушаймонлар қилдим, кечалари ухламай унинг ҳар варағини ёдладим. Ҳар ҳолда кўнглим сал тўлгандай бўлгач, Новвот опанинг ёнига дадил кириб бордим.

Кутубхонада одам кўп эди. Новвот опа кексароқ аёл билан нималарнидир таҳлил қиларди. Мен кўриб, «мана бизнинг энг ёш китобхонимиз келди», деб ишора қилди. Китобни унинг ёнига қўйдиму, ёд олганларимни бир бошидан шарриллатиб айта бошладим. Иккаласининг ҳам нигоҳи мен тарафда, ич-ичимдан хавотирдаман, сўзлар ўрнини адаштириб юбормасам бўлди, қани эди улар тўхта, дея қолишса...

Новвот опа бир муддат ҳайрон боқди, кейин қадрдонини топгандай, юзларимдан ушлади: «Кўрдингизми, бизнинг китобхонимизни?». Суҳбатдошининг ҳам бу жараёндан таъсирлангани кўзларида акс этиб турарди. Кейинги сафарлар борганимда билдимки, аслида китобни ёд олиш эмас, унинг мазмуни, моҳиятини қалбдан ҳис этиш Новвот опанинг талаби экан. Кейин эса, ҳар бир китобни ўқиш давомида нафақат унинг мазмунини айтиш, балки ундаги воқеалар борасида мунозара ўтказишга ҳам ўрганиб қолдик.

* * *

Янги асар муҳокамаси ҳар доим мароқлидир. Айниқса, унинг қийматини англай оладиган китобхонлар ўртасида бўлса. Новвот опамиз ҳам бундай тадбирлар, танловларни кўп-кўп уюштириб турарди.

Бир гал «Қизлар давраси» танловида мени ҳайъат аъзолари сафига қўшиб қўйган эканлар. Ёши катта одамлар орасида ўтириб, иштирокчиларга баҳо беришдан роса хижолат бўлгандим. Кейин билсам, бу ҳам бир рағбат экан. «Баҳони китобсевар қўяди,» деган ибора опанинг шиори эди.

* * *

9-синфда ўқиётган кезларим, қўлим ёзишга келишиб, туман газетасида хабарларим чиқа бошлади. Албатта, кутубхонага янада серқатнов бўлиб қолдим. У ерда турли йилларда чиққан газета, журналлар тахлами билан танишиш имкони бор эди. Баъзида кун қорайгунча уларни ўқиб ўтирардим. Орада кутубхоначилар ҳам бир неча маротаба алмашди.

Ана шундай кунларнинг бирида, дарсдан кейин югуриб борсам, кутубхона ёпиқ. Эртаси куни ҳам, кейин ҳам шу аҳвол давом этди. Кутиб зерикдим. Новвот опанинг ўрни билинди. Янги кутубхоначини ўзимча тартибга чақиргим келди. «Агар эртага ҳам очилмаса, газетага танқид ёзаман», дея бир парча қоғозни эшикка қистириб кетдим.

Не кўз билан кўрайки, кейинги кун кутубхона эшиги очиқ, Новвот опамиз жўн рўмолга ўралиб, оёғининг тагига иситгич ёқиб ўтирарди. Мени кўриб, чеҳраси ёришди. «Энди ишга чиқдим, фарзандимнинг тоби бўлмай, кутубхонани ҳам бир неча кун очолмадим...» столининг бир четида мен ёзган қоғоз парчаси турар эди. Опа дастхатимни таниса ҳам буни менга билдирмади...

* * *

Совуқ хабар қишлоқни тутди. «Новвот опа ўтиб қолибди», деган гап юрагимни музлатди. Кутубхона эшигини очмай аза тутди. Деразаларидан боқдим, китоблар токчаларида сарғайиб, аза тутди. Онамдан қўрқа-қўрқа сўрадим, «Кутубхона энди очилмайдими?» Онам кўзини яширди «китобларингга ҳеч нарса қилмайди, Новвот қайтмайди!..» Кутубхона кейин ҳам эшигини очмади. Бир–биридан нодир китоблар аста-аста қайларгадир ғойиб бўлди. Кутубхона хусусийлаштирилган экан...

* * *

Шу йил қишда яқин дугонам меҳмон бўлиб келди. У ўқитувчи бўлиб ишлайди. Ўтган кетганларни эсладик, мактаб давримиз ҳақида суҳбатлашдик. Гап китоб ўқишга бориб тақалди. Бугунги болаларга қандай яхши, уларга мўлжалланган кўплаб газета, журналлар, бир – биридан кўркам китоблар чоп этилмоқда, десам қўл силтади. «Эй, ҳозир ким китоб ўқиб ўтиради, болаларнинг қўлида телефони бор, саволларга интернетдан жавоб қидиради», деди ва норози қиёфада қўшиб қўйди «Бунинг устига бу журналлар мактабларга деярли бормай қолган, ким истаса обуна бўлади, истамаган йўқ».

Ўйинқароқ болалик... У нимани истайди. Ҳаммамиз ҳам бола бўлганмиз. Ота-онамиз, устозларимиз боғбон каби бизни авайлаб камолга етказган. Орамизда ниҳол каби озгина «шамол»га дош беролмай, цинганлар бўлгани ҳам рост. Чунки, ғўр фаслда оқ-қорани танишимиз учун ҳимоячимиз - маънавият керак. У эса тарбия ва тарғибот ортидан шаклланади, камолга етади. Мисол учун, аввалига ота-онамизнинг талаби, қатияти туфайли машғулотларни ўзлаштирган бўлсак, кейин у севимли ишимизга айланган. Мутолаа завқи ҳам шундай, агар болани китоб, журнал ўқишга тарғиб қилмасак, қизиқтирмасак у ўзи учун нима яхши ёки ёмонлигини англай оладими? Демак, бу ишимиз ҳали маромида эмас. Йўқса, «Ғунча», «Гулхан», «Тонг юлдузи» каби нашрлар борлигидан бехабар авлод вояга етармиди?

Бир тарафдан китобхонликка давлат миқёсида эътибор берилаётганини кўриб, кўнглинг тоғдек юксалади. Президентимиз ёшларнинг баркамол инсон бўлиб вояга етишига хизмат қилувчи кўплаб фармон ва қарорларни қабул қилмоқда. Китоб ўқиб, автомашина эгаси бўлиш мумкинлиги ҳам тарғиботнинг нақадар долзарблигидан далолатдир.

Бу кунлар аслида Новвот опа каби маърифатни севгувчиларнинг орзуси эмасмиди? Уларнинг фидойилигисиз тарбиянинг зил-замбил юки ёлғиз ўқитувчининг ўзига оғирлик қилмайдими? Китобхонлик, журналхонлик, газетхонлик маънавиятимизнинг ажралмас бўлаги экан, у ҳар доим тарғиботга муҳтож. Йўқса, маънавиятимиз ҳувиллайди. Уни бошқа ғоялар эгаллай бошлайди. Шунинг учун тарғибот ҳар қадамда муҳим. Бу ишда ҳали юзлаб, минглаб Новвот опаларимизнинг фидойилиги керак бўлади...

12 298
Сайёра ШОЕВА, ЎзА