ЎзА Ўзбек

13.03.2019 19:07 Чоп этиш версияси

Сирдарёда маданият ва санъат куни ўтказилди

Сирдарёда маданият ва санъат куни ўтказилди

Президентимизнинг жорий йил 19 февраль куни Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида ҳудуд ёшларида санъат намояндаларининг ижодий меросига ҳавас ва қизиқиш уйғотиш, уларни миллий-маънавий меросимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш билан боғлиқ масалаларда нималарга кўпроқ эътибор бериш лозимлиги ҳақида ҳам сўз юритган эди.

Ташриф давомида бу борада берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида, санъат усталари, мутахассислар ва ижодкорлардан иборат ишчи гуруҳ Гулистон шаҳри ҳамда Сирдарё туманидаги болалар мусиқа ва санъат муассасаларида бўлди.

“Сирдарёда маданият ва санъат куни” лойиҳаси доирасида ёшларни маданият муассасаларига жалб этишга доир маънавий-тарбиявий тадбирлар ўтказилди.

Президентимиз кўрсатмаларига асосан ёшларнинг маданият ва санъат муассасаларида ташкил этилган турли йўналишлардаги бадиий ҳаваскорлик тўгаракларида ҳамда маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этишлари учун зарур шароитлар яратиш мақсадида Маданият вазирлиги томонидан вилоят ёшларини маданият муассасаларига жалб қилиш концепцияси ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилаётир.

– Мазкур концепцияни амалга ошириш механизми 3 босқичдан иборат, – дейди ишчи гуруҳ раҳбари, Маданият вазирлиги масъул ходими Азамат Ҳайдаров. – Биринчи босқичда вилоятдаги 15 та болалар мусиқа ва санъат мактабларида 56 та турли йўналишларда янги қўшимча равишда синфлар ташкил этилиб, 2018 йилга нисбатан ўқувчиларни жалб этиш 14 фоизга оширилади. 11 та маданият марказида 95 та янги тўгараклар ташкил этилиб, уларга минг нафар ёш жалб этилади. Натижада марказларнинг ёшларни қамраб олиши 2018 йилга нисбатан 97 фоизга ортади. Мазкур лойиҳага асосан жами 18 минг 424 нафар ёшлар маданият муассасаларига қамраб олинади.

Иккинчи босқичда болалар мусиқа ва санъат мактабларидаги 56 нафар ўқитувчи етишмаслиги муаммоси ҳал этилиб, мактабларга республика Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан зарур мусиқа чолғу асбоблари харид қилиниб, туҳфа этилади. Кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлдириш мақсадида Ўзбекистон давлат консерваториясида 10 нафар, Ўзбекистон санъат ва маданият институтида 20 нафар, Гулистон ихтисослаштирилган санъат мактабида эса 41 нафар ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириш режалаштирилган.

Шунингдек, Мирзаобод, Боёвут ва Ховос туманларининг маданият марказлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъмирланади.

Учинчи босқичда Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография Олий мактаби, Тошкент ихтисослаштирилган маданият мактаби каби муассасалар ҳамда театрлар ва музейлар вилоят маданият ва санъат муассасаларига бириктирилади. Улар масъуллигида таниқли санъаткорлар, мусиқачилар ва ёшлар севган хонандалар, миллий рақс ва хореография санъатининг таниқли намоёндалари иштирокида концертлар, маҳорат дарслари, ижодий учрашувлар, кўрик-танловлар ўтказилиши режалаштирилаётир.

Сирдарё туманидаги 12-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида “Мақом санъати – миллат хазинаси” мавзусида ижодий учрашувлар, маҳорат дарси ташкил этилди. Маҳорат дарслари Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицей директори Баҳром Қурбонов, лицейнинг тажрибали ўқитувчилари ҳамда лицей қошида ташкил этилган Болалар мақом ансамбли томонидан уюштирилди.

Тадбир якунида, тумандаги Орзу қишлоғида жойлашган “Истиқлол” маданият марказида пойтахтдан келган таниқли эстрада хонандалари ҳамда сирдарёлик ёш ижрочилар иштирокида “Қалбимда Ватан мадҳи” деб номланган концерт дастури намойиш этилди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА​
1 910