ЎзА Ўзбек

06.11.2018 19:50 Чоп этиш версияси

Симфоник мусиқа сеҳри

Пойтахтимизда V Халқаро симфоник мусиқа фестивали бошланди. Мазкур ижодий лойиҳа Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси томонидан Маданият вазирлиги, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Республика “Тасвирий ойина“ ижодий уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб пойтахтимиздаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Мамлакатимизда миллий санъатимизга кўрсатилаётган эътибор мусиқа соҳасида ҳам ўзининг яққол ифодасини топмоқда. Айни ғамхўрлик ижодий ташкилотларни янада фаол ишлашга, ёшларнинг мусиқий дидини юксалтирувчи турли танловлар, фестиваллар, концерт ва учрашувларни мунтазам ташкил этишда, унга санъат ихлосмандларини тобора кўпроқ жалб этишда асосий омил бўлмоқда.

Юртимизда бешинчи марта ўтказилаётган халқаро симфоник мусиқа фестивали айни ижодий лойиҳалардан биридир. У турли давлатлар мусиқачиларининг ўзаро фикр ва тажриба алмашиши, ижодларини атрофлича таҳлил этиш ва ўрганишда, мусиқа шинавандаларини жаҳон мусиқа жамоатчилигининг энг сара намуналаридан баҳраманд этишда алоҳида аҳамият касб этади. Фестивалда Австралия, Россия, Қозоғистон, Чехия, Вьетнам ва бошқа давлатлардан иштирокчилар қатнашмоқда. 9 ноябрга қадар давом этувчи фестивалда симфоник мусиқага оид ранг-баранг концертлар, ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари, мулоқотлар, анжуман ўтиши кўзда тутилган.

– Бундай фестиваль ижодкорларнинг фикр ва тажриба алмашиши учун ажойиб имкониятдир, – дейди австралиялик мусиқачи Андриан Петут. – Бу ерга келиб юртингизда санъат ва маданият, ижод аҳли давлатнинг доимий эътиборида эканига гувоҳ бўлдик. Бу каби мусиқа байрамлари ижодкорларга чинакам илҳом ва завқ бағишлаши шубҳасиз.

Фестиваль доирасида ташкил этилган матбуот анжуманида Россия, Вьетнам, Австралия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон композиторлари уюшмалари билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

V Халқаро симфоник мусиқа фестивали Ўзбекистон ҳамда хорижий мусиқачиларнинг концерт дастури билан бошланди.


Н.Усмонова, ЎзА
1 986