ЎзА Ўзбек

09.09.2019 Чоп этиш версияси

Сих ҳам, кабоб ҳам куйди

Сих ҳам, кабоб ҳам куйди

Долзарб мавзу

Матбуот — одамларнинг дарду ташвишлари, мақсад-муддаолари, муаммо ва истакларини акс эттирадиган минбар. Қолаверса, у ҳуқуқий демократияни таъминлайдиган асосий мезон ҳамдир. “Тўртинчи ҳокимият”, “Давлат ва жамият ўртасидаги мустаҳкам кўприк” деган таърифу эътирофлар ҳам шунга нисбат бериб айтилади аслида.

Бироқ тан олиб айтиш керакки, мамлакатимизда чоп этилаётган газета ва журналларнинг адади йилдан-йилга камайиб бормоқда. Буни кўпчилик нашрларда эълон қилинаётган мақолаларнинг мазмун-моҳияти билан боғлайди. Мазкур фикр ва эътирозларда ҳам жон бор, албатта. Лекин биз бугун масаланинг бошқа жиҳати — катта меҳнат ва харажат эвазига чоп этилаётган кундалик нашрларимизни ўқувчиларга ўз вақтида етказиш ҳақида мулоҳаза юритмоқчимиз. Шу ўринда, бир савол туғилади. Хўш, ҳозирги кунда почта хизмати фаолиятдан аҳоли розими?

Янгилик ва ахборотларни ўқувчиларга тезкор етказиш — матбуотнинг энг асосий вазифаларидан бири! Бунда, табиийки, почта хизматининг алоҳида ўрни бор. Қарс икки қўлдан чиққанидек, матбуот ходимлари уларнинг хизматисиз бугунги медиа макондаги кескин рақобат муҳитида ўз салоҳиятини сақлаб қолиши анчайин мушкул.

Таассуфки, кундалик газета ва журналларнинг аҳолига ўз вақтида етказилишида рўй бераётган ўзибўларчиликлар, хизмат вазифасидаги суиистеъмолчиликлар шундоқ ҳам инқироз ёқасига келиб қолган нашрлар аҳволини янада танг қилмоқда. Қашқадарё, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида олиб борган журналистик суриштирувимиз натижасида бунга тўлиқ амин бўлдик.

Катта ваъдалар бериб, мажбуриятларини унутаётганлар

Қашқадарёлик газетхонлар кундалик нашрларни ҳафта — ўн кунлаб, ҳатто, ойлаб ҳам ололмаяпти. Пировардида одамларнинг бошқа манбалардан ахборот излашига мойиллик кучаймоқда. Сир эмас, интернет оммалашган бир пайтда ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ахборотларнинг ҳаммасини ҳам холис, деб бўлмайди. Фитна қўзғатиш, одамлар орасида ваҳима ва саросима уйғотишга қаратилган айрим хабарларга баъзан одамларимиз ишониб, уларга эргашаётгани ҳам кишини ташвишга солмай қўймайди.

Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида, асосан, “Ўзбекистон почтаси” АЖ вилоят филиали ҳамда “Матбуот тарқатувчи” шуъба корхонаси томонидан аҳолининг кундалик нашрларга обунаси расмийлаштирилади. Бундан ташқари, “Экспресс курьер”, “Тезкор тарқатувчи”, “Даврий нашрларни тарқатувчи”, “Матбуот пресс обуна”, “Азия оригинал пресс”, “Қарши тезкор матбуот”, “Насаф пресс сервис” сингари масъулияти чекланган жамият шаклидаги номи бири-биридан жозибадор тадбиркорлик субъектлари ҳам шу йўналишда фаолият кўрсатади.

Хусусий сектор вакилларининг ҳам мазкур ишга жалб этилгани соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга, обуначи ташкилотлар фаолиятининг такомиллашувига хизмат қилиши керак аслида. Амалда-чи? Шундай бўляптими? Ўрганишлар ва таҳлиллардан вилоятда бунинг мутлақо аксига гувоҳ бўлдик. Обуна мавсумида улар газетхонларга ўзларининг бир-биридан “ранг-баранг” хизматларини таклиф этиб, катта маблағ ишлаб олишга ҳаракат қилишади. Бироқ мавсум ниҳоялангач, улар сувга тушган тошдек, “йўқолиб” қолишади.

Осон йўл билан асал ялашга ишқибоз бу шоввозлар мазкур соҳанинг нима эканлигини тушуниб етишга ҳам ожиз, назаримизда. Уларнинг нафсини ҳакалак орттирган нарса эса мижозларнинг обуна учун тўлаётган мўмай пуллари! Шу маблағ эвазига олиб келинаётган газета ва журналларни эгаларига етказишга келганда эса улар ўз мажбуриятларини унутмоқдалар.

Масалан, почта, “Матбуот тарқатувчи” ва обуна билан шуғулланувчи хусусий тадбиркорлар таҳририят белгилаган нарх устига 20 дан 40 фоизгача устама қўядилар. Яъни бу маблағ шу нашрларни обуначининг идорасига ёки уйига етказиб бериш учун. Лекин амалда обуначиларга хизмат кўрсатиш даражаси қониқарсиз, дейишдан ҳам баттар. Чунки бу ташкилотларда газета ва журналларни эгаларига қандай етказиб бериш бўйича аниқ механизм ишлаб чиқилмаган. Режа ва жадвал ҳам йўқ. Ҳар бир ташкилот ўз ҳолича ишлайди. Айримларида автотранспорт воситалари у ёқда турсин, оддий велосипед ҳам йўқ. Ушбу фирмаларнинг маҳсулотни етказиб бериш имконияти бўлмагандан сўнг келтирилган газета ва журналлар омборларда тўпланиб ётаверади. Охир-оқибат қанча маблағ ва ижодий меҳнат маҳсули, ижодкорларнинг қалб қўри ва кўз нури билан яратилган асарлар, мақолалар биров баҳра олмай туриб макалатурага топшириб юборилади. Барча саъй-ҳаракат ҳавога совурилади. Обуначилар эса ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан зарар кўриб қолаверади.

“Йил бошидан буён газета олганимиз йўқ”

Келинг, шу ўринда аниқ мисолларга мурожаат қилайлик. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан қишлоқ мактаблари кутубхоналари учун 10 номдаги газета ва журналларга маҳаллий бюджет маблағлари эвазига обуна расмийлаштирилади. Чироқчи туманидаги 22-умумтаълим мактаби ҳам почта алоқа тармоғи орқали кундалик нашрларга обуна бўлган.

— Йил бошидан буён бир дона ҳам газета ва журнал олганимиз йўқ, — дейди мазкур умумтаълим мактаби кутубхоначиси Зулайҳо Чориева. — Кутубхонамизда ўтган йилги газеталар тахламлари бор, холос.

Мазкур туманнинг 19-мактабида бўлганимизда ушбу муассаса кутубхоначиси Жаннат Омонова ҳам худди шундай гапни айтди.

— Маҳаллий бюджетдан кутубхонамиз учун газета ва журналларга обуна қилинганимизни ҳозиргина сиздан эшитиб турибман, — дейди у. — Мен ҳам ҳайрон бўлдим, ўтган йиллари кундалик нашрлар ҳафта — ўн кунда келиб турарди. Энди жиддий суриштирамиз...

Чироқчи туманида 178 та мактаб бор. Шундан 150 таси қишлоқлар ҳудудида жойлашган. Демак, шунча таълим муассасасига бюджетдан маблағ ажратилган. Хўш, бу пуллар қаерга сарфланган? Шу савол билан туман почта алоқа тармоғи раҳбари ўринбосари Рустам Эшмуродовга мурожаат қилдик.

— Ҳудудимиздаги 21 филиалимизга газета ва журналларни вақтида етказиб берганмиз, — дейди у. — Шикоят ёки мурожаат бўлмаганлиги учун почтачиларимиз уларни тарқатмаётганликларидан бехабарман. Биз ўзимизча текшира олмаймиз-ку!

“Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарининг ҳар бир сони куннинг биринчи ярмида вилоят маркази — Қарши шаҳрига махсус почта орқали етказиб берилади. Вилоят почтаси ва “Матбуот тарқатувчи” шуъба корхонасида улар сараланиб, эртаси куни туманлардаги бўлимларга юборилади. Тумандагилар эса ўзларининг имкони ва хоҳиши бўлгандагина газеталарни ўз эгаларига етказиб берадилар. Алалоқибат, бир ой ёки бир ҳафтадан кейин ўқувчи қўлига теккан газетадаги тезкор янгиликларнинг мутлақо аҳамияти қолмайди.

Боз устига, айрим туманлардаги обуна билан шуғулланувчи ташкилотлар ходимлари ёлғон сўзлаб, одамларни чалғитмоқчи бўладилар.

— Биз обуначиларга газеталарни чиққан санасидан бир кундан сўнг етказамиз, — дейди Қамаши тумани почта бўлими оператори Асад Сафаров.

Шу ўринда унинг “тезкорлиги”га бир далил. Қамаши тумани марказидаги 7-мактаб кундалик нашрларга почта бўлими орқали обуна бўлган. Ушбу муассаса ва туман почта бўлими ўртасидаги масофа бор-йўғи беш юз метрдан зиёдроқ.

— Ҳозиргина почтачи бир ойлик газета ва журналларни ташлаб кетди, — дейди мазкур мактаб кутубхоначиси Муҳаррам Қаршиева. — Бугун 7 август бўлса, бизга олиб келинган “Халқ сўзи” газетасининг 28 июлда чиққан сони бор. “Ишонч” газетасининг эса 25 июнь сони экан. Июлда чиққан газеталарни энди сентябрда оламиз, шекилли...

Тизим ислоҳотга муҳтож

— Газеталарни ўқувчиларга вақтида тарқатиш таҳририятларнинг энг оғриқли муаммоси бўлиб қолди, — дейди “Ғузор ҳаёти” газетаси муҳаррири Бобоназар Ҳасанов. — Ўзимиздан мисол. Газетамиз ҳозир 2120 нусхада чоп этилаётган бўлса, шунинг 137 таси почта орқали обуна қилинган. Аммо ушбу тузилма орқали етказиб берилаётган газета сонлари обуначиларимизга ўз вақтида етиб бормайди. Сабаби, почтада ходимлар штати қисқариб кетган. Мисол учун, Меҳнатобод, Чўмичли, Собоғ каби узоқ қишлоқларимизга бир ходим газета тарқатади. У ҳам ҳафтада бир кун боради. Бунинг устига, газета тарқатувчилар таҳририятга обуна пулларини вақтида тўлиқ ўтказиб бермайди. Оқибатда яна таҳририят зарар кўради. Ҳозир почтада 6 миллион сўм, “Матбуот тарқатувчи” МЧЖда қарийб 4 миллион сўм маблағимиз турибди. Бу пуллар таҳририят ҳисоб рақамига келиб тушишини кутиб хунобмиз.

Таҳририятлар обуна вақтида газета тарқатувчилар билан шартнома қилиш учун овора бўлишади. Улар эса 20 — 25 фоиз хизмат ҳақи қўяди. Алам қиладигани, обунадан тушган пулларни таҳририятларга вақтида ўтказиб беришмайди. Аслида тескариси бўлиши керак эмасми?! Шундай экан, ташкилотларда таҳририят билан тўғридан-тўғри шартнома асосида обуна ташкил этилиб, таҳририят газета тарқатувчини ўзи танлаши лозим. Қурилишда тендер ўтказилади-ю, бу тизим газета тарқатишда қўлланилмайди? Ахир бу пулларнинг ҳам бир қисми Давлат бюджети ҳисобидан қопланади-ку.

Яна бир мулоҳаза. Вилоятда обунани ташкиллаштириш билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларининг моддий-техник базаси умуман йўқ ёки талабга жавоб бермайди. Лозим даражадаги автотранспорт воситалари ва ходимлар билан таъминланмаган. Бундан ташқари, ушбу тадбиркорлик субъектларининг тўғридан-тўғри газета ва журналлар таҳририятлари билан шартномалари мавжуд эмас. Улар кундалик нашрларни пойтахтдаги воситачи ташкилотлардан олади. Бу эса кундалик нашрлар обуна баҳосининг асоссиз равишда ошиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Хизмат тақозоси туфайли республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида бўлганмиз. Лекин бирорта қишлоқда, ҳатто, туман марказларида ҳам матбуот дўкони йўқ. Борлари ҳам атторлик шохобчасидан фарқ қилмайди. Газета ва журналлар ўрнига тамаки, сақич ва бошқа маҳсулотлар сотилади. Обуна орқали газета олай, деганлар эса газета ва журналларни ҳафталаб ёки ойлаб кутиши жоиз. Шу каби омиллар одамларимизнинг газета ва журналлар ўқишга бўлган ҳафсаласини пир қилмаяптимикан? Газетхонларнинг камайиб бораётганлигига шулар далил эмасмикан?

Энг ачинарлиси, ОАВ нашрларини обуна қилиш ва етказиб бериш билан шуғулланувчи ташкилот ва фирмаларнинг бу ишга панжа орасидан, нописандлик билан қараётганлиги, хизмат талаб даражасида йўлга қўйилмаганлиги фуқароларни ўз вақтида тезкор ахборот билан таъминлашни йўққа чиқариш билан бирга, маънавиятимизга жиддий зарар етказаётир. Ушбу йўналиш билан шуғулланадиган ташкилотларнинг фаолият юритишига изн берадиган сертификат ва лицензия берувчи мутасадди идоралар мазкур фирмаларнинг хизмат кўрсатиш лаёқатини, моддий-техник базасини ҳар томонлама мукаммал ўрганганларидан кейингина рухсат берганларида эди, шу масалада бугун халқнинг ҳақли эътирозлари келиб чиқмаган бўлармиди?

— Ҳар куни битта газета ёки журнал олсак, хонадонимизга нур кириб келгандек бўлади, — дейди Қарши тумани маданият бўлими мудири Нортожи Ғаниева. — Уйимизга олиб келтирилган ҳар бир нашрни оиламиздагилар навбатма-навбат ўқиб чиқишади. Кўп нарсадан хабардор бўлишади. Лекин кейинги вақтда газета ўқишга ҳавас бор, лекин имкон йўқ. Албатта, бу уларнинг нархи билан боғлиқ эмас. Газетани топиш муаммо. Дўконда бўлмаса, обуна бўлсак, етиб келмасак, билмадим, нима қилиш керак?

Кулишни ҳам, куйишни ҳам билмайсан...

Меҳриддин Нуров, ўттиз йилдирки, Вобкент тумани почта алоқа тармоғида меҳнат қилиб келади. Касбини яхши кўради. Газета ва хат-хабарларни эгаларига ўз вақтида етказишга ҳаракат қилади. У хизмат кўрсатаётган ҳудуд қамрови, оз эмас, кўп эмас, 40 километрни ташкил этади.

— Қишлоқда газета ўқишга иштиёқманд фуқаролар бор, — дейди у. — Марказий, вилоят, туман газеталарини ўз вақтида тарқатиб келяпман. Масалан, 7 августда чоп этилган газетани ҳудуддаги 5-умумтаълим мактабига 9 август куни тумандан олиб етказаман.

7 августда чоп этилган газетанинг икки-уч кун, баъзан ундан ҳам кўпроқ вақт ўтгач, газетхонга етказилишини эшитиш кишига ғалати туюлади, албатта.

Қишлоқ почтачисининг сўзларидан маълум бўлишича, газета ва хатларни “Кўлхатиб” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган алоқа бўлимига баъзан алоқа тармоғи машинасида етказишади, гоҳида эса уларни ўзлари бориб олиб келишади. Шу кичик бир далил туман почта алоқа тармоғининг моддий-техник аҳволига бир қур назар ташлашга ундади. Ташкилотда “Дамас” русумли 2 та автомашина бор. Бири носоз. Тармоқ шу пайтга қадар 1939 йилда қурилган, авария ҳолатидаги бинода фаолият кўрсатиб келган. У “сносга тушгач, жамоа ижарага олинган бинога кўчди. Бундан икки йилча муқаддам тармоқда 72 нафар ходим меҳнат қилган. Ҳозир эса ишловчилар сони атиги 34 нафарни ташкил этяпти. Жойлардаги алоқа бўлимлари сони ҳам тўрттага қисқарган. 2017 йилда жамоа томонидан даврий нашрларга 264 миллион сўмлик, 2018 йилда 219 миллион сўмлик обуна қилинган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 144 миллион сўмни ташкил этди. Бу ҳам ташкилот иқтисодий аҳволининг ҳаминқадарлигидан далолат беради.

Айтмоқчи, муассаса биноси олдида “Вобкент почта алоқа тармоғига 2017 йил обуна мавсуми бошланди” деган ёзув туширилган паннони илиб қўйишибди. Уни кўриб, кулишни ҳам, куйишни ҳам билмайсан, киши.

“Ранг кўр, ҳол сўр”, дейишади. Бошқа туманларда ҳам, афсуски, шунга ўхшаш манзара ҳукмрон. Дейлик, Жондор почта алоқа тармоғи жойлашган бинонинг аҳволини қандай қилиб тасвирлашга ҳам ҳайронмиз. Қароли алоқа бўлими эса ижара бинода жойлашган. Ижара ҳақини бўлим раҳбари Латифжон Ҳамдамов ўз ҳамёнидан тўлаётганига нима дейсиз? Тармоқ ихтиёрида 2005 йилда ишлаб чиқарилган “Дамас” русумли битта автомашина бор, холос. Агар туманда 52 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжудлигини, хизмат кўрсатиш қамрови 190 километрни ташкил этиши инобатга олинса, газета-журналларни битта автомашинада қандай қилиб ўз вақтида етказиш мумкин, деган ҳақли савол туғилади, албатта.

— Бир қатор нашрларга почта орқали обуна бўлганмиз, — дейди Вобкент туманидаги Д. Бобоқулов номидаги қишлоқ врачлик пункти умумий амалиёт шифокори Муҳаббат Афзалова. — Аммо уларни ўз вақтида олмаяпмиз. Ваҳоланки, кундалик янгиликлардан, хусусан, соҳамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнидан хабардор бўлишимизда газеталарнинг ўрни катта.

— Даврий нашрлар биз, ўқитувчилар учун ҳам жуда керак, — дейди яна бир суҳбатдошимиз, тумандаги 21-умумтаълим мактаби муаллимаси Санобар Ҳамроева. — Улар касб маҳоратимизни оширади, давлатимиз олиб бораётган сиёсатни ўқувчилар онгу шуурига сингдиришимизда қўл келади.

Мазкур мактаб жамоасига “Матбуот тарқатувчи”нинг туман бўлими хизмат кўрсатади. Аммо унинг хизмати ҳам кишида эътироз уйғотади. Масалан, мактабга 10 август куни етказилган газеталар орасида “Ишонч”нинг 1 август, 5 август, 6 августдаги, “Халқ сўзи”нинг 1 август, 5 августдаги сонларини кўрдик. Туман марказидан, нари борса, 5-6 километр олисда жойлашган мактабга газеталарни ўз вақтида етказиш шу қадар машаққатли ишми? Ўз вазифасига юзаки ёндашаётган почтачиларда виждон борми ўзи, деган савол туғилади.

— Мен жамоамиз обуна бўлган нашрларни “Матбуот — қалблар кўзгуси” ташкилоти вакилидан қабул қилиб оламан, — дейди Бухоро шаҳридаги 7-поликлиника ҳамшираси Дилдора Қурбонова. — Бу юмушни жамоатчилик асосида бажараман. Мана, бир ҳафтадирки, поликлиникамизга газеталар келгани йўқ.

Хизмат кўрсатишнинг “сурхонча” усули

Сурхондарёда ҳам ҳақиқий аҳволни ўрганганимизда, афсуски, матбуот учун обуна расмийлаштириш ва уни манзилига етказиб бериш ишлари деярли издан чиққанлигига гувоҳ бўлдик. “Ўзбекистон почтаси” АЖ, “Матбуот тарқатувчи” шуъба корхонаси билан бирга хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳам бу майдонда “от суриши” тизимда жиддий муаммоларни вужудга келтираётир.

Юқорида келтириб ўтганимиздек, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, қишлоқ жойлардаги умумтаълим мактаблари кутубхона фонди ўнтагача номдаги газета ва журналларга обуна қилиниши белгиланган.

Бу жараёнда етказиб берувчилар вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан танлов асосида танлаб олинадиган бўлди-ю, бу ёғи ҳақиқий бозорга айланди. Оқибатда даврий нашрлар қишлоқ мактабларига ё қисман, ё умуман етказилмай қолди. Ҳар ҳолда, бу билан боғлиқ 5 йиллик фаолият тафтиш этилса, унча-мунча қинғирликлар юзага қалқиб чиқиши аниқ. “Танлов”га кўра ажратилган бюджет маблағлари хусусий фирмалар ҳисобига ўтказилиб, сарф этилгани аниқ! Аммо қишлоқ мактабларидан ана шу маблағ асосида етказилган газета-журнал тахламларини топиш амри маҳол. Ҳар нечук биз сўраб-суриштирганимизда, мактаб кутубхоначилари уларни кўрсата олишмади...

Бир мисол. Мазкур масалада Музработ тумани халқ таълими бўлими ҳамда “Сурхон экспресс матбуот” МЧЖ ўртасида 2019 йил 17 апрелда 1096-сон шартнома тузилган. Унга кўра, 2019 йил 29 апрель куни тўлов топшириқномаси асосида 19018836,0 сўм “Сурхон экспресс матбуот” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказилган.

Сурхондарё вилояти халқ таълими бошқармаси ички аудит ва молиявий назорат хизмати ходимлари томонидан шартномаларнинг тузилиши ва шартнома шартларининг бажарилиши ўрганилганда, 2019 йил 17 апрелдаги 1096-сонли жами 60 805 836 сўмлик қишлоқ жойларда жойлашган (тақсимот бўйича) 42 та умумтаълим мактабига 10 турдаги газета ва журналлар етказиб бериш бўйича муайян камчиликларга йўл қўйилгани аниқланган. Жумладан, туман халқ таълими кадрлар бўйича инспектори Б. Тоштемиров ўз тушунтириш хатида баён этишича, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари ва “Тил ва адабиёт” журналини жорий йилнинг май ойи охирида қабул қилиб, реестр орқали мактабларга тарқатган, холос.

“Правда востока”, “Маърифат”, “Учитель Узбекистана” газеталари ҳамда “Бошланғич таълим”, “Тил ва адабиёт”, “Халқ таълими”, “Халқ таълими ахборотномаси”, “Аниқ ва табиий фанлар методикаси” журналлари эса умуман етказиб берилмагани юзасидан мактаб директори ва кутубхона мудирлари ўз тушунтириш хатларида баён этишган. Энди савол туғилади. Нима учун бюджет маблағи ўз вақтида иш бажарувчига ўтказилмаган? Бундай шароитда таъминотчи керакли даврий нашрлар учун ўз вақтида буюртма бериши ва уни етказиб беришга доир имконияти чекланади-ку.

Жорий йил учинчи чораги ҳам ярмидан ошдики, Музработ тумани халқ таълими бўлими қолган 42 миллион сўмлик маблағни етарли даражада хизмат кўрсатмагани учун “Сурхон экспресс матбуот” МЧЖга ўтказиб беришдан бош тортгани масаланинг бир томони бўлса, бюджет маблағидан ўз вақтида ва тўғри фойдаланиш лозимлигига панжа орасидан қараётгани таажжубланарли. Умуман айтганда, туманлар халқ таълими бўлимлари томонидан молиявий маблағ ўз вақтидан анча кечиктирилиб, таъминотчи корхоналарга ўтказиб берилиши туфайли деярли барча жойда “хўроз бир хилда қичқирмоқда”.

— Кутубхона фондимиз учун 10 турдаги газета ва журналлар етказиб бериш ишлари тамомила қониқарсиз, — дейди Музработ туманидаги 2-умумтаълим мактаби кутубхона мудираси Меҳринисо Рўзиқулова. — Ўқитувчи ва ўқувчиларимиз учун ахборот олиш имконини кенгайтириш, айниқса, педагогик ходимларнинг билим ва касбий малакасини ошириш мақсадида бюджет маблағи эвазига бепул ажратилаётган газета ва журналлар бизнинг мактабимизга аперель ойи бошидан буён деярли олиб келинмаяпти. Фақатгина “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарини мунтазам оляпмиз, холос. Ҳозир ахборот олиш майдони кенгайган бўлса-да, марказдан узоқда жойлашган мактаблар учун гезета-журналлар энг қулай ахборот восита эканлигини унутмаслик лозим.

— “Термиз махсус матбуот” масъулияти чекланган жамияти вакиллари мактабимизга келиб, 2019 йил учун ўқувчи ва ўқувчиларимиздан “Маърифат”, “Тонг юлдузи” газеталари, “Ғунча” журнали каби даврий нашрларга обуна расмийлаштиришди, — дейди Музработ туманидаги 12-сон мактаб директори Сайфиддин Тоғаев. — Афсуски, ҳозирги кунга қадар бир дона ҳам газета-журнал етказиб берилгани йўқ.

— Ҳозиргина бир ойлик газеталар тўпламини “Матбуот тарқатувчи” шуъба корхонаси ходимлари қўлимга тутқазишди, — дейди Шеробод туманидаги 33-умумтаълим мактаби директори Ихтиёр Абдухалилов. — Газета ва журнал тарқатувчи корхоналар ўз мажбуриятини бажармай қўйди.

Ўрганиш ва таҳлилларимиздан олинган хулоса шуки, моддий-техник базаси ночор, белгиланган талаб ва обуначи билан тузилган шартнома шартларини бажаришга ожиз мазкур ташкилотлар орқали маърифат зиёсини хонадонларга олиб кириш анчайин мушкул масала.

Халқаро тажрибалар асосида соҳада жиддий ислоҳотлар ўтказиш даври келди. Акс ҳолда, бундан ютқизадиган яна сизу биз, халқимиз.

Жамшид МУСУРМОНОВ


15 376
ЎзА