ЎзА Ўзбек

02.05.2018 17:00 Чоп этиш версияси

“Шум бола – 2018” кино фестивали

Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номли Кино саройида “Шум бола – 2018” болалар ва ўсмирлар учун ўзбек ва немис кинолари фестивали бошланди.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги, Тошкентдаги Гёте институти, Германиянинг «Schlingel» болалар ва ўсмирлар учун фильмлар халқаро фестивали дирекцияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур фестиваль Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги узоқ йиллик маданий-маърифий ҳамкорликнинг амалий ифодасидир.

Бу йил юртимизда бешинчи бор ўтказилаётган фестивалда дунёнинг турли мамлакатлари киноижодкорлари томонидан болалар ва ўсмирлар учун ишланган киноларнинг энг саралари тақдим этилмоқда. 2-6 май кунлари бўлиб ўтадиган «Шум бола – 2018» фестивалига умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари, педагоглар, ота-оналар таклиф этилган. Унда болалар ҳаёти билан боғлиқ бўлган турли йўналиш ва жанрдаги фильмлар намойиш этилмоқда.

– Ушбу фестивалда мактабимиз ўқувчилари доим иштирок этади, – дейди пойтахтимиздаги 203-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Нилуфар Жўраева. – Эзгулик, дўстлик, аҳиллик каби умуминсоний ғоялар сингдирилган бу кинолар ўқувчиларимизнинг дунёқараши, ўзини тутиши, вазиятни тўғри баҳолай олишида муҳим аҳамият касб этади.

Фестиваль германиялик киноижодкорларнинг «Қалбимни тош қил» бадиий фильми намойиши билан бошланди.

Барно Мелиқулова, ЎзА
8 370