ЎзА Ўзбек

06.03.2019 Чоп этиш версияси

Шул Ватаннинг кўкламларин кўзга суриб...

Шул Ватаннинг кўкламларин кўзга суриб...


НАВРЎЗОНА 

Шул баҳордан кўнглимни бир тўлдирсайдим,
Тўлган дилга бир бойчечак ундирсайдим.
Очилсайди юрагимнинг эшиклари
Юрагимга қалдирғочлар ин қурсайди.

Ҳақдан менга рухсат олиб беролсалар,
Юрагимнинг борлигини кўролсалар,
Қўшиқларим тағин қайта яралсалар,
Уйғонмоққа ўз-ўзимни кўндирсайдим.

Бу не айём булутларнинг сафарлари,
Камалакнинг атласида хабарлари,
Қиз узатган турналарнинг лапарлари
Шу сайлда эл қатори юролсайдим.

Ҳасратларим кўклам билан тиллашганда,
Аламларим юрак билан ярашганда,
Кун билан тун эгиз бўлиб тенглашганда,
Қувончимни тортиқ этиб беролсайдим.

Болаликни топиб олсам адирлардан,
Шукроналар ўсиб чиқса қабрлардан,
Йиғлаганим билинмаса ёмғирларда,
Севинч ёшдан ўзгаларни кулдирсайдим.

Шул Ватаннинг кўкламларин кўзга суриб,
Боботоққа қўшни бўлиб, ўтов қуриб,
Олислардан, яқинлардан овоз бериб,
Бир шоиринг борлигини билдирсайдим,
Шул баҳордан кўнглимни бир тўлдирсайдим.

АЁЛ, СЕН БОРСАНКИ...

Манзура келганди, онам шод эди,
Бошқоронғу эди бизнинг Шоҳиста.
Руҳим қирларига турналар қўниб,
Сузиб кетардилар оҳиста...


Онамнинг қувончи жудаям қиммат,
Жуда осон эди ғусса ташрифи.
Манзуржон, бир даста гулдай келдинг-а...
Оғангнинг бундан соз йўқдир таърифи.

Манзура кенжамиз, эркароқ эди,
Унинг уч ўғлини овлади сайёд.
Кўнглига боқмадинг, кўзига боқмадинг,
Бунча қўлинг қаттиқ, отажон, Ҳаёт!

Кейин онам кетди... тўйга кетгандай,
Манзура кўнмади — йиғлоқ бўп қолди.
Унинг анор сувли жомдай кўнглига
Худойим барибир сабр ҳам солди.

Ҳа, шул-да, кўнмоқ-ку, бандадан талаб,
Не-не баҳоналар қилиб кўрмадим.
Бизларни Оллоҳдан олганди тилаб,
Айтган томонига сира юрмадим.

Ҳа, шул-да, юпанчим — таскинни топдим,
Йиғлатганин ўзи юпатди охир.
Қўноғидан қочган қулундай чопдим,
Бунчалар ширин бу! Воҳ, бунча талхдир.

Сен борсан, баҳорга ишонаман-да,
Сен борсан, кузакнинг тилин топурман.
Онам, синглим, қизим ва яна сен ҳам,
Келинглар, меҳримдан нонлар ёпурман.

Аёл, мен қошингда мангу гўдакман,
Шаррор қўшиқ бўлиб юрибман, мана.
Аёл, сен борсанки, ғамлардан кулиб,
Шоирлар қилурлар зебо тантана.

...Ердан бошқасида сув йўқ демишлар.
Қақраган кўнглимга оққувчи зилол.
Инсонга меҳр-ла қўл чўзган Тангрим,
Ўша азиз қўлнинг бир номи аёл.
Аёл, мен қошингда мангу гўдакман...

Шодмонқул САЛОМ