Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.08.2017 15:19 Чоп этиш версияси

Шоирлар боғидан таралган наво

Шоирлар боғидан таралган наво Самарқанд шаҳридаги Шоирлар боғида атоқли халқ бахшилари Ислом шоир Назар ўғли, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ва Муҳаммадқул Жомурод ўғли – Пўлкан шоирнинг реставрация қилинган ҳайкаллари очилиш маросими бўлиб ўтди.

Шоир ва ёзувчилар, журналистлар, вилоят жамоатчилиги вакиллари иштирок этган тадбирда миллий адабиётимизни ривожлантириш, ижодкорлар учун муносиб меҳнат шароити яратиш, эл суйган адиблар хотирасини абадийлаштириш орқали халқимиз маънавиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Мустақиллик йилларида бахши-шоирлар меросини ўрганиш, тарғиб қилиш, улар асос солган бахшичилик мактаблари анъаналарини тиклаш ва ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бахшилар ҳайкалининг Регистон майдонига туташ ушбу боғда ўрнатилиши халқимизнинг улкан сўз санъаткорларига бўлган юксак эҳтироми рамзи сифатида уларнинг ижодини бугунги авлодлар томонидан ўрганиш ва давом эттиришга, ёш авлодни ватанпарварлик, мардлик сингари инсоний фазилатлар руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

– Мен Ислом шоир ва Пўлкан шоир асарлари таъсирида ижодга кириб келганман, – дейди шоира З.Мўминова. – Уларнинг шогирдлари Отаёр ва Амирқул Пўлкандан сабоқ олиб, Ислом отанинг ўғли Ўзбекистон халқ бахшиси Зиёдулла бахшидан қадимий достон ва термалар эшитганман. Шу боис, шеърларимда бахши боболаримиз анъаналарини давом эттиришга ҳаракат қиламан. Дунёнинг барча қитъаларидан санъат аҳли ташриф буюрадиган “Шарқ тароналари” ўн биринчи халқаро мусиқа фестивали олдидан Самарқанд шаҳрининг кўркам Шоирлар боғида эл ардоқлаган оқинларга ҳайкал ўрнатилиши биз, ижод аҳлини янада илҳомлантирмоқда.

Ўзбекистон халқ бахшиси Маҳматмурод Ражабов ҳамда ёш бахшилар Аҳрор Пардаев ва Жаҳонгир Норбеков Ислом шоир, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош, Пўлкан шоир айтган достонлардан намуналар ижро этди.

Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Т.Жўраев сўзга чиқди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
4 545






Все о погоде - Pogoda.uz